Сийрат: Мусулмонлар иқтисодий ва ижтимоий қамалга олиниши (2)

0

Қамалнинг учинчи йили бошланганида Аллоҳнинг марҳамати бўлиб, Қурайш катталаридан баъзилари қамал битими ёзилган саҳифани йиртиб ташлашга келишдилар. Саҳифани йиртиш учун ички инқилобга бош бўлган киши Ҳишом ибн Амр ал-Ҳошимий бўлди. У Зуҳайр ибн Абу Умайя ал-Махзумийнинг олдига борди. Зуҳайрнинг онаси Абдулмутталибнинг қизи Отика эди. Унга: “Эй Зуҳайр, тоғаларинг шу аҳволда бўлсалар, қандай қилиб сенинг томоғингдан овқат ўтади, яхши кийимлар киясан, аёлларга уйланасан?! Ҳолбуки, улар ҳеч нарса сотиб олишга ва сотишга қодир бўлмасалар, улар билан қуда-андачилик ришталари узилган бўлса! Мен Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, агар улар Абул Ҳакам ибн Ҳишомнинг (Абу Жаҳлнинг) тоғалари бўлишса эди, сен уни шу каби битимга чақирсанг, у бундай битимни асло қабул қилмаган бўларди”, деди. Зуҳайр: “Ҳолингга вой бўлсин, Ҳишом, мен ёлғиз ўзим нима қила олардим? Аллоҳга қасам, агар ёнимда яна бир киши туриб берса эди, у битимни йиртиб ташлар эдим”, деди. “Ўша кишини топдим деявер”, деди Ҳишом. “Ким у?” деган эди, “Мен”, деди. Зуҳайр: “Яна бир киши топсанг яхши бўлар эди”, деди. Шундан сўнг Ҳишом Мутъим ибн Адийнинг олдига борди. Унга: “Бани Абду Манофдан икки катта оила ҳалок бўлишига рози бўлдингми?! Қурайш нима қилаётганини кўриб турибсан. Аллоҳга қасам, агар уларга имкон берсангиз, оқибати ёмон бўлади”, деди. Мутъим: “Ҳолингга вой бўлсин, мен нима қила олардим?! Бир ўзим бўлсам”, деди. “Яна бир киши бор”, деди Ҳишом. “Ким у?” деган эди, “Менман”, деди. Мутъим: “Ундай бўлса, учинчи кишини ҳам топ”, деди. Ҳишом: “Учинчи киши ҳам бор”, деди. “Ким у?” деди. “Зуҳайр ибн Абу Умайя”, деди. Мутъим: “Унда яна бир киши топ”, деди. Сўнг Ҳишом Абул Бухтарий ибн Ҳишомнинг олдига борди ва унга ҳам Мутъимга айтган гапларини айтди. У: “Яна кимлар бу фикрга қўшилдилар?” деб сўради. Ҳишом: “Зуҳайр ибн Абу Умайя, Мутъим ибн Адий ва мен”, деди. У: “Ундай бўлса, бешинчи кишини ҳам топ”, деди. Ҳишом Замъа ибн Асвад ибн Мутталиб ибн Асаднинг олдига борди. Унга қариндош-уруғчилик ҳаққини эслатиб, бу ишга қўшилишини сўради. Замъа: “Бу ишга яна кимлар қўшилган?” деб сўради. Ҳишом бу ишга қўшилганларни номма-ном санаб берди. Шундан сўнг барчалари тунда Макканинг юқорисидаги “Хатмул Ҳажун” деган жойда йиғиладиган бўлдилар. Келишилган маҳалда ўша ерга тўпландилар ва қиладиган ишларини режалаштирдилар. Битим ёзилган саҳифани йиртиб ташламагунча бу ишни тўхтатмасликка келишиб олдилар. Зуҳайр деди: “Мен бошлаб бераман ва биринчи бўлиб гапираман”. Сўнг тонгда Қурайш йиғиладиган жойга кетдилар. Зуҳайр ибн Абу Умайя яхши кийимларини кийиб олган эди. У аввал Каъбани етти марта тавоф қилди. Сўнг одамларга юзланиб: “Бани Ҳошим ҳалок бўлаёзди. Улар ҳеч нарса сотиб ололмаса ва сотолмаса, қандай қилиб бизнинг томоғимиздан овқат ўтади, яхши кийимлар киямиз?! Аллоҳга қасам, уларга қарши қамал битими ёзилган саҳифа йиртилмагунича ўтирмайман”, деди. Абу Жаҳл масжиднинг бир четида ўтирган эди. Ўрнидан туриб: “Бекор айтибсан, Аллоҳга қасам, саҳифа йиртилмайди”, деди. Шунда Замъа туриб: “Сен ўзинг бекор айтибсан, бу битим ёзилган пайтда ҳам биз унга рози бўлмаган эдик”, деди. Абул Бухтарий туриб: “Тўғри сўзладинг, эй Замъа! Ундаги ёзувларга асло рози эмасмиз, уни эътироф этмаймиз”, деди. Мутъим ибн Адий ҳам: “Тўғри сўзладингиз, бундан бошқа сўзни айтган одамнинг гапи бекор. Биз бу битимдан ва ундаги ёзувлардан хорижмиз”, деди. Ҳишом ибн Амр ҳам шунга ўхшаган гап айтди. Абу Жаҳл: “Бу иш кечаси режаланган, булар бир ерда ўтириб маслаҳат қилишган”, деди. Абу Толиб ҳам бор эди, у масжиднинг бир четида жим ўтирар эди. Мутъим ибн Адий саҳифани йиртиш учун ўрнидан турди. Қараса, уни қурт еб битирган экан, фақат “Илоҳим, сенинг исминг билан” деган ёзув қолган экан[1].

Ибн Исҳоқ ривоят қилишича, Аллоҳ таоло ўша саҳифага бир қуртни юборган, қурт Аллоҳнинг исми ёзилган жойларнинг ҳаммасини еб, зулм, алоқани узиш ва ҳоказо бўҳтон гаплар ёзилган жойларини қолдирган бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буни амакилари Абу Толибга айтиб берадилар. Абу Толиб қавмига бориб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган сўзни айтади ва уларга: “Эй қавм, агар Муҳаммад ёлғончи бўлса, мен сизларга уни топшираман, уни ўлдиришингиз мумкин. Агар у ростгўй бўлса, бу қилаётган ишингиздан тийиласизми?” деб, улардан ваъда олди. Кейин саҳифани очиб қарашса, худди Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек бўлган экан. Шундан сўнг Мутъим ибн Адий ва Ҳишом ибн Амр бундай дедилар: “Биз қариндошлар орасини узиб ташлайдиган бундай золим битимдан покмиз. Ўзимизга ва улуғларимизга зарар етадиган ишда ҳеч кимга ёрдамлашмаймиз”. Шундан кейин Қурайшнинг бошқа обрў-эътиборли кишилари ҳам уларга қўшилдилар. Охир-оқибат қамал бекор қилиниб, одамлар дарадан чиқдилар[2].

 

[1] Ибн Касир, “Ас-сийрат ан-набавия”, 2/5-43 ва 67-69-бетлар.
[2] Ибн Исҳоқ, “Ас-сияр вал-мағозий”, 156-162-бетлар.

Изоҳ қолдиринг