Имом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар қабр зиёрати аёлларга мумкин бўлганида эди, уларга ҳам худди эркаклар каби бу амал мустаҳаб ҳисобланар эди. Чунки зиёратчи қабрда ётган мўминлар ҳаққига дуо қилади, ўлимни ёдга олади. Бироқ билишимизча, уламолардан бирортаси аёллар қабр зиёратига боришини мустаҳаб демаган. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва рошид халифалар даврида аёллар эркаклар каби қабр зиёратига чиқмас эдилар»[1].
«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Аёлларга келсак, улар умумий суратда қабр зиёратидан қайтарилган. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари ҳам мазкур қайтариқ жумласидандир, уни зиёрат қилиш аёлларга суннат эмас. Аёллар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини ҳам, бошқа қабрларни ҳам зиёрат қилиши жоиз эмас. Бунга далил Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган қуйидаги ҳадисдир: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни ҳамда қабрлар устига масжид қурадиган ва чироқ ёқадиган кимсаларни лаънатладилар”[2]. Термизий Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса бундай дейилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қиладиган аёлларни лаънатладилар”. Термизий: “Бу ҳасан-саҳиҳ ҳадис”, деган[3].
Саҳиҳ ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен илгари сизларни қабрлар зиёратидан қайтарар эдим, энди уларни зиёрат қилаверинглар”[4], деган сўзларига келсак, бу хитоб эркакларга хосдир. Қабрлар зиёрати учун берилган бу рухсатга аёллар кирмайди. Қабрларни зиёрат қилувчи аёллар лаънатлангани тўғрисида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан уч нафар саҳоба орқали ривоят қилинган ҳадислар мазкур рухсат фақат эркакларга хос эканини билдиради»[5].
Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бошида қабр зиёрати барча учун тақиқланган эди. Кейин барча учун рухсатли бўлди. Сўнг у аёлларга ман этилди. Бинобарин, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша разияллоҳу анҳога зиёрат одобларини ўргатганлари[6] қабр зиёрати барча учун рухсатли бўлган пайтга тўғри келади»[7].
Иордания диёри собиқ муфтийси Қалқилий бундай дейди: «Аёлларнинг тобут ортидан юришлари ва қабрларни зиёрат этишлари номақбул ишлардандир. Чунки аксар аёллар одатда дод-вой солиш, юзига тарсаки уриш ва ўликка айтиб йиғлаш каби ишлардан ўзларини тутиб туролмайдилар. Хафаликлари кетгач, турган ўринларига лойиқ бўлмаган беҳуда гапларга ўтадилар»[8].
Агар эътироз билдирилса: «Ҳоким «Мустадрак»да ривоят қилишича, Фотима бинти Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар жума куни (ёки ҳар ҳафта) амакиси Ҳамзанинг қабрини зиёрат қилар, қабр ёнида намоз ўқир (ёки дуо қилар) ва йиғлар эди. Ҳоким: “Бу ҳадис ровийларининг барчаси «сиқа» (ишончли)”, деган»[9].
Жавоб: «Бу ҳадис «мункар жиддан» (ўта заиф) ҳадис ҳисобланади. Чунки унинг санадида заиф ровий саналадиган Сулаймон ибн Довуд бор»[10].
[1] «Мажмуъ ал-фатово», 24/345. [2] Ҳадис тахрижи 28-масалада ўтди. [3] Ҳадис тахрижи масала аввалида келтирилди. [4] Ҳадис тахрижи 266-масалада ўтди. [5] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 9/102-103, 1981-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳбарлиги остида. [6] 89-масалада келтирилган ушбу ҳадисга ишора қилинмоқда: Имом Муслим мўминлар онаси Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Мен: “Ё Расулуллоҳ, маййитларга қандай салом бераман?” дедим. У зот дедилар: “Бундай деб айтасан: Ассалааму ала аҳлид-дийаари минал-муъминийна вал-муслимийн…”». [7] «Мажмуъ ал-фатово», 13/331. [8] Иордания диёри собиқ муфтийси Шайх Абдуллоҳ ал-Қалқилий. «Тоифатун мин ал-бидаъ» номли мақола. Иорданиянинг «Ҳадй ал-ислом» журнали, учинчи жилд, 5-сон, 2084-бет, 1958 й. [9] «Мустадрак», 1/533, 1396-ҳадис. [10] Ибн Мулаққин. «Мухтасар истидрок ал-Ҳофиз аз-Заҳабий ала Мустадрак Аби Абдиллаҳ ал-Ҳоким», 1/305, 91-рақам.
Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.