Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида Мадина Ислом давлатининг пойтахти ва халифалик маркази бўлиб танилган эди. Фатҳлар кўпайиб, Ислом давлати кенгайиб боргани ва янги-янги ўлкалар давлат таркибига киргани сари янги-янги масалалар ва муаммолар пайдо бўлар, саҳобалар уларнинг ечимлари ҳақида бош қотирар эдилар. Мадинанинг бошқа исломий шаҳарлар орасида ўзига хос муҳим ўрни бор эди. Зеро, Мадинада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яшаб ўтган эдилар, у зотнинг қўлларида умматнинг энг яхши авлоди тарбия топган эди. Шу сабабдан бошқа ҳеч бир жамият Мадина жамиятига тенглаша олмасди. Умар разияллоҳу анҳу Мадинада ўн йил халифа бўлиб турди. Шу муддат мобайнида у ўзининг оқилона сиёсати ва ўзига хос фавқулодда хусусиятлари билан Мадинанинг ҳадис, фиқҳ ва бошқа илмлар марказига айланишига катта ҳисса қўшди.
Умар разияллоҳу анҳу даврида Мадина саҳобалар энг кўп йиғилган шаҳар эди. Хусусан, Исломга энг аввал кирган, энг пешқадам саҳобаларни Умар разияллоҳу анҳу Мадинадан чиқармай, ўз олдида олиб қолган эди. Сабаби, уларнинг илмларидан, фикрларидан, ихлосларидан фойдаланиш, умматни бошқаришда уларнинг маслаҳат ва ёрдамларига таяниш эди. Ўша саҳобаларнинг илми Мадинада сақланиб қолди. Фатво берувчи фақиҳ саҳобалар сони бир юз ўттиз нафардан ортиқ эди. Улардан энг кўп фатво айтганлари етти нафар саҳоба бўлиб, улар Умар, Али, Абдулоҳ ибн Масъуд, Ойша, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абдулоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳум эдилар.
Буларга нисбатан камроқ фатволари ривоят қилинган саҳобалардан энг аввал Абу Бакр разияллоҳу анҳуни айтиш мумкин. Абу Бакр Сиддиқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин жуда кам умр кўрган ва шу сабабли ундан ривоят қилинган фатволар нисбатан кам эди. Шунингдек, Умму Салама, Анас ибн Молик, Абу Саид Худрий, Абу Ҳурайра, Усмон ибн Аффон, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абу Мусо Ашъарий, Саъд ибн Абу Ваққос, Жобир ибн Абдуллоҳ, Муоз ибн Жабал, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Абдураҳмон ибн Авф, Имрон ибн Ҳусойн, Убода ибн Сомит ва бошқаларни бу қаторга киритиш мумкин.
Мазкур саҳобаларнинг кўпи Умар ибн Хаттоб даврида Мадинада қолган, фақат баъзилари кенгайиб бораётган исломий халифаликка тобе ўлкаларга таълим ё жиҳодга оид ўта муҳим вазифалар билан юборилган эди. Сабаби, янги Исломга кираётган халқ ва элатларга Қуръони карим ва Суннати набавияни таълим бериш зарурати бор эди. Умар разияллоҳу анҳунинг Мадинани фиқҳ, илм диёри ҳамда фикрлашув ва маслаҳатлашув маркази қилиши жуда катта самаралар берди.
Ибн Аббосдан ривоят қилинган мана бу гап ҳам ушбу сиёсатнинг муваффақиятига далил бўлади:
Мен муҳожирлардан бир нечасига Қуръон ўқитар эдим, улар ичида Абдураҳмон ибн Авф ҳам бор эди. Бир куни унинг Минодаги қўноғида эдим, у Умар ибн Хаттоб ҳузурига кетган эди. Бу воқеа Умарнинг охирги қилган ҳажи асносида бўлаётган эди. Абдураҳмон ибн Авф олдимга кириб келди ва шундай деди: Бугун амирулмўъминин ҳузурига келган бир кишини кўрганингда эди! У Умарга: «Эй амирулмўъминин, фалончининг мана бу гапига нима дейсиз, у агар Умар ўлсайди, мен фалончига байъат берган бўлар эдим. Аллоҳга қасамки, Абу Бакрга берилган байъат тасодифий иш бўлган, деяпти», деди. Умар ғазабланиб: «Иншооллоҳ, бугун оқшом одамлар олдида гапираман ва инсонларни шу каби фитнакорлардан огоҳлантираман», деди. Мен айтдим: «Эй амирулмўъминин, ундай қилманг. Чунки ҳажга ҳар хил одам келади, яхши ҳам бор, ёмон ҳам бор. Сиз ҳаммани йиғиб гапирадиган бўлсангиз гапларингизни тўғри англаб етадигани ҳам бўлади, нотўғри тушуниб, фитна гапларни кўпайтирадигани ҳам бўлиши мумкин. Мадинага қайтгунимизча сабр қилинг. Зеро, Мадина ҳижрат ва суннат диёри. Ўша ердаги фиқҳ аҳли ва ҳурматли инсонлар билан гаплашинг, илм аҳли сизнинг гапларингизни авомга тўғри етказишга ҳаракат қилишади». Шундан сўнг Умар: «Майли, иншооллоҳ, сиз айтгандек қиламан», деди[1].
Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу ҳадисдан Мадина аҳли бошқалардан илм ва тушунчада устун эканига далил олинади, сабаби, Абдураҳмон ибн Афв билан Умар ибн Хаттоб шунга иттифоқ қилдилар. Ўша асрда Мадина аҳли бошқалардан мутлақ афзал эди. Аммо бу дегани барча аср ва барча шахсларда шу ҳолат бир хилда давом этади, дегани эмас»[2].
Дарҳақиқат, Мадина илм ва фиқҳда энг олий ўринда эди. Фатҳ этилган ўлкаларда ва Басра, Кўфа мактаблари каби кейин ташкил топган ўқув даргоҳларида Мадина мактабининг жуда катта таъсир кучи бўлди.
Мадинанинг бу хусусиятлари қуйидаги омилларга суянади:
Мадина ваҳий тушган ва қонунчилик ўчоғи бўлган жой эди, бошқа бирор шаҳар ё ўлка у билан бу борада беллаша олмас эди.
Хулафои рошидинлар асрида Мадина фақиҳ саҳобалар йиғилган марказ эди, Умар разияллоҳу анҳу уларнинг бошини қовуштириб турар эди.
Ҳижрий 35 йил Усмон разияллоҳу анҳу ўлдирилгач, халифа Али разияллоҳу анҳу Кўфага кўчиб ўтди. Бироқ Мадина илм ва фатво аҳлининг маркази бўлиб қолаверди. Сабаби, катта фақиҳ саҳобалар у ерда яшаб қолдилар. Масалан, Ойша, Абу Ҳурайра, Жобир ибн Абдуллоҳ, Ибн Умар, Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳум ва бошқалар биринчи асрнинг иккинчи ярмигача ҳаёт эдилар.
Мадинада катта тобеинлар мактаби ташкил топган эди. Бутун ислом оламида тенги йўқ етти улуғ фақиҳ ҳам улар орасида эди. Шоирнинг шеърида улар бундай зикр этилган:
Кимки ушбу имомларга эргашмаса,
Умри ўтар залолатда кўр ҳолича.
Билгин, улар Убайдуллоҳ, Урва, Қосим,
Саид, Абу Бакр, Сулаймон, Хорижа.
Улардан кейин келган тобеинларнинг иккинчи табақаси, яъни кичик тобеинлар иккинчи асрнинг биринчи ярмигача яшаб ўтдилар. Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Нофеъ ибн Аслам, Яҳё ибн Саид Ансорий шулардан эди.
Кейин Имом Молик асри келади. Имом Молик тобеинларнинг тобеларидан (издошларидан) бўлиб, ўзидан олдин яшаб ўтган катта ва кичик тобеинларнинг илмларини энг яхши ўзлаштирган зотлардан эди.
Бошқа ўлкаларнинг Ҳижоздаги илмга муҳтожлиги ва кўп инсонлар илм талабида у ерга сафар қилган эканликлари ҳам Мадина аҳлининг илми нақадар мўътабар бўлганига гувоҳлик беради. Дарҳақиқат, ислом оламидан толиблар илм талабида ва олимлар ўз илмларини Мадина уламолари назаридан ўтказиб олиш мақсадида Мадинага сафар қилардилар. Мадина уламолари бу борада манба эдилар. Ўз навбатида Мадина уламолари бошқа диёрларга қози ва муаллим сифатида борганлар. Дастлаб Умар разияллоҳу анҳу Шом ва Ироқ фатҳ этилгач, ушбу диёрлар аҳлига Аллоҳнинг китоби ва пайғамбарининг суннатларини ўргатиш учун олимларни юборган. Ироққа Абдуллоҳ ибн Масъуд, Ҳузайфа ибн Ямон, Аммор ибн Ёсир, Имрон ибн Ҳусойн, Салмон Форсий ва бошқалар бордилар. Шомга Муоз ибн Жабал, Убода ибн Сомит, Абуд-дардо, Билол ибн Рабоҳ ва бошқалар юборилди. Умар ҳузурида Усмон, Али, Абдураҳмон ибн Авф, Убай ибн Каъб, Муҳаммад ибн Маслама, Зайд ибн Собит ва бошқалар қолдилар. Ибн Масъуд Ироқдаги саҳобаларнинг энг олими бўлиб, у ерда фатво берарди. У орада Мадинага келганида уламолардан сўрар, уларнинг берган жавобларига қараб айрим фатволаридан қайтар эди[3].
Мадина мактаби бошқа мактабларга таъсирини кўрсатди. Кўфадан бошқа деярли барча ўлкалар аҳли Мадина уламолари илмига бўйин эгардилар, ўзларини илмда уларга тенг кўрмасдилар. Масалан, шомликлардан Авзоий ва бошқалар, мисрликлардан Лайс ибн Саъд ва бошқалар каби. Уларнинг Мадина аҳли илмларини улуғлашлари ва уларга эргашишлари машҳурдир. Шунингдек, Айюб, Ҳаммод ибн Зайд, Абдураҳмон ибн Маҳдий каби басралик олимлар Мадина уламоларига эргашар эдилар. Шу боис бу ўлкаларда Мадина аҳли мазҳаби кенг тарқалди[4].
Бошқа диёрлар аҳлининг Мадина аҳли илмига бўлган ишончлари уларни ҳар бир илмда устун кўришларига олиб келди. Хатиб Бағдодий шундай ривоят қилади: Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний агар Имом Моликдан ривоят қилиб сўзласа, мажлиси одамга тўлиб кетар эди. Моликдан бошқалардан (яъни кўфалик олимлардан) ривоят қилиб сўзлаганида суҳбатида кўпчилик бўлмас эди. У айтарди: «Таажжуб! Одамлар одатда ўз олимлари мақталишини хуш кўришади. Сизлар ундай эмассиз. Моликдан гапирсам ҳузуримда одам тўлиб кетади, олимларингиздан гапирсам истамайгина келасизлар»[5].
Мадина аҳлидан бошқаларнинг даражалари улардан олган илмларига қараб фарқли бўларди. Мадина аҳлининг илми улар учун илмда юқорилик меъёри эди. Мужоҳид, Амр ибн Динор ва бошқа маккаликлар айтадилар: «Биз барчамиз илмда деярли тенг деб кўрилардик. Ато ибн Абу Рабоҳ Мадинага бориб қайтиб келгач, унинг биздан устунлиги маълум бўлиб қолди»[6].
Мадина аҳлининг бу қадар илм ва фиқҳга бойлиги сабабларидан бири, шубҳасиз, ўз даврида Умар ибн Хаттобнинг «илҳом ато этилган» шахсияти ҳам катта рол ўйнади. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар разияллоҳу анҳуга, кўп фикрлари тўғри эканидан келиб чиқиб, Аллоҳ томонидан илҳом ато этилган шахс, деб гувоҳлик берган эдилар. Умар разияллоҳу анҳу давлат пойтахтини уламолар, даъватчилар, волийлар, қозилар етишиб чиқадиган бир мактабга айлантирди. Ислом оламидаги илк мактабларга назар солсак, уларда умарий мактаб асарини кўрамиз. Чунки ҳар бир муассис тақрибан Умар Форуқ разияллоҳу анҳунинг фиқҳидан таъсирланган эди. Кейинги мақолаларимизда ушбу мактаблар ҳақида сўз юритамиз, иншооллоҳ.
[1] Бухорий. “Китоб ал-ҳудуд”, 6830.
[2] “Фатҳ ал-Борий”, 12/155.
[3] “Фатово”, 20/172.
[4] Аввалги манба.
[5] “Ал-мадина ан-набавийя фажр ал-ислам, вал-аср ар-рошидий”, 2/48.
[6] Аввалги манба.