Муслима аёлнинг дастури (1): Покланиш аҳкомлари

0

Покланиш аҳкомлари

Таҳорат сўзи араб тилида “ҳиссий ва маънавий кирлардан тозаланиш ва покланиш” деган маънони англатади.

Шариатда эса таҳорат деганда “таҳоратсизликнинг кетиши ва нажосатларнинг йўқолиши” назарда тутилади.

Таҳорат икки қисмга бўлинади:

  • Маънавий поклик. Қалбнинг ширкдан, хулқнинг хусумат, ҳасад ва кибр каби иллатлардан пок бўлишидир.

  • Ҳиссий поклик. Бу ҳам ўз навбатида иккига бўлинади:

а) Таҳоратсизликнинг кетиши билан юзага келадиган поклик.

б) Нажосатнинг йўқолиши билан юзага келадиган поклик.

Таҳоратсизликнинг кетиши баданда мавжуд бўлган, намоз ўқиш ва шу сингари ибодатлардан ман қиладиган ҳолатнинг йўқолишидир.

Нажосатнинг йўқолиши сийдик ва ахлат каби нажосатларнинг йўқолиши ёки нажосат деган ҳукмнинг кетишидир.

Таҳорат намознинг калитидир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Намознинг калити таҳоратдир[1], дедилар.

Таҳоратсизликнинг кетиши покланиш билан амалга ошади. Бунинг учун, агар инсон жунуб бўлса, ният билан бутун баданига сув оқизиб ғусл қилиши, таҳоратсиз бўлса, махсус аъзоларини ювиб таҳорат қилиши лозим. Аммо сув топилмаса ёки сувни ишлатишга ожиз бўлса, ғусл ёки таҳорат ўрнига сув ўрнини босувчи нарса, яъни тупроқни махсус тарзда қўлланиш билан таяммум қилиш лозим.

Сув турлари

Сувлар икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисм: покиза сув.

Покиза сув ўзи тоза ҳамда бошқа нарсаларни тозалаш хусусиятга эга бўлган сувдир. У хоҳ дарё сувлари каби қандай яратилган бўлса шундайича қолган сув бўлсин, хоҳ пок нарса аралашган сув бўлсин, покиза сув ҳукмидадир. Бироқ сувга аралашган пок нарса сувдан кўпайиб кетмаган ва уни сувлик табиатидан чиқариб юбормаган бўлиши шарт.

Иккинчи қисм: нажас сув.

Нажас сувни ишлатиш жоиз эмас, у таҳоратсизликни кетказмайди ва нажосатни йўқотмайди. Нажас сув нажосат аралаши натижасида сувнинг сифатлари: таъми, ранги ёки ҳидидан бири ўзгарган сувдир.

Истинжо ва истижмор

Истинжо деб пешоб ва нажосат чиқадиган жойларни сув билан тозалашга айтилади.

Истижмор деб пешоб ва нажосат чиқадиган жойларни тош билан ёки унинг ўрнини босадиган дағал қоғоз ёки латта каби нарсалар билан тозалашга айтилади.

Тозаланишда чап қўл ишлатилади ва нажосат қолмаслигига аҳамият берилади.

Истинжо ва истижморнинг ҳукми

Олд ва орқа аврат жойларидан елдан бошқа бирон нарса чиққанда истинжо ёки истижмор қилиш вожибдир. Иккаласини бирга қилиш улардан бирини қилишдан афзалдир.

Истинжодан кейин қўлда қолган ёқимсиз ҳидни кетказиш учун қўлни тупроққа ишқаш ёки совун билан ювиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳожатдан кейин қилинадиган ҳолатлар:

  1. Ҳам истинжо, ҳам истижмор қилиш. Бу афзалдир.

  2. Сув билан истинжо қилиш. Бу истижморга чекланишдан афзалдир.

  3. Фақат истижмор қилиш.

Ҳожатхона одоблари:

 Ҳожатхонага кириш ва ҳожат ўташ асносида риоя этиладиган шаръий одоблар бор. Улар:

  • Ҳожатхонага киришда қуйидаги дуони ўқиб, чап оёқ билан кириш: “Аллоҳумма инни аъуузу бика минал хубуси вал хобааис” (яъни “Эй Аллоҳ, мен Сендан эркак ва аёл жинлар(нинг ёмонлиги)дан паноҳ сўрайман”)[2].

  • Ҳожатхонадан ўнг оёқ билан чиқиб, ушбу дуони айтиш: “Ғуфронака” (яъни “Эй Аллоҳ, гуноҳларимни мағфират қил”)[3].

  • Ҳожатхонага Аллоҳнинг исми ёзилган нарсаларни олиб кирмаслик.

  • Сийдик ва бошқа нажосатларнинг кийим ва баданга сачрашидан эҳтиёт бўлиш.

  • Таносил аъзосини ўнг қўл билан ушламаслик, ўнг қўл билан истинжо ва истижмор қилмаслик.

  • Ҳожат ўташ асносида гаплашмаслик.

  • Очиқ жойларда ҳожат ўташда қиблага олд ёки орқа билан юзланмаслик.

  • Ташқарида ҳожат ўташга тўғри келса:

а) Одамлардан узоқлашиш ва кўздан тўсилиш;

б) Пешоб сачрамайдиган юмшоқ ерни танлаш;

в) Одамлар ўтирадиган соя-салқин жойларда ҳожат чиқармаслик;

г) Ковак жойларга ёзилмаслик.

[1] Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти.

[2] Бухорий ва Муслим ривояти.

[3] Сунан соҳиблари ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг