Муслима аёлнинг дастури (2): Мисвок қилишнинг фазилати ва одоблари

0

Мисвок қилишнинг фазилати ва одоблари

Мисвок қилиш деганда махсус дарахт новдаси ёки шунга ўхшаш бирон нарса билан тишларни ишқалаш воситасида ундаги кир ва нохуш ҳидларни кетказиш назарда тутилади. Мисвок фақат тишларни эмас, оғизни ҳам тозалайди.

Мисвок қилишнинг машруъ қилинишидаги ҳикмат

Мисвок қилиш оғизни тозалайди ва Аллоҳ таолони рози қилади.

Мисвок қилишнинг ҳукми

Мисвок қилиш ҳамма вақтларда суннатдир.

Мисвок қилиш таъкидланган ўринлар

Таҳоратда, намоздан олдин, уйқудан турганда, оғизнинг ҳиди ўзгарганда, Қуръон ўқишдан олдин, уйга киришдан олдин, ғусл қилишда ва ҳоказо ўринларда мисвок қилиш таъкидли бўлади.

Таҳоратда мисвок қилиш ўрни

Таҳоратнинг қаерида бўлса ҳам мисвок қилиш жоиздир. Шунга кўра, таҳоратнинг бошида, оғизни чайқаш асносида ёки таҳоратнинг охирида мисвок қилиш мумкин. Лекин мисвок қилиш муддати таҳоратдаги пайдар-пайликка халал берадиган даражада узоқ чўзилиб кетмаслиги лозим.

Намозда мисвок қилиш ўрни

Намозда такбири таҳрима айтилиш пайтида ёки ундан бироз олдин мисвок қилиш мақсадга мувофиқдир.

Баъзи аёллар эркакларга хос деган ўй билан мисвок ишлатишга беэътибор бўлгани кўрилади. Лекин аслида эркаклар ва аёллар улардан бирига хос эканини билдирувчи далил келмагунича ҳукмларда бир хил ўриндадирлар.

Фитрат суннатлари

“Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Беш нарса фитратдандир: 1. авратдаги тукларни тозалаш; 2. хатна қилиш; 3. мўйловни қисқартириш; 4. қўлтиқ ости тукларини юлиш; 5. тирноқларни олиш».

Фитрат суннатлари дейилишига сабаб бу амалларни қилган киши Аллоҳ таоло бандаларини яратган фитрат билан сифатланишидир. Уларни қилиш билан инсон бадани пок ва тоза бўлади.

Бу суннатлар:

  • Аврат атрофидаги тукларни қириш.

Эркак ҳам, аёл ҳам мазкур тукларни устара билан қириб олиши суннатдир. Бу тукларни замонавий воситалар билан тозалаш, агар ўша воситанинг ён таъсирлари бўлмаса, жоиздир.

  • Хатна қилиш.

  • Мўйловни қисқартириш ва қиртишлаб олиш.

  • Тирноқларни олиш.

Яъни тирноқларни узун бўлишига йўл қўймай, кесиб туриш. Бунда чиройли кўриниш, унинг остида йиғилган кирларни кетказиш, қолаверса, йиртқич ҳайвонларга ўхшамаслик бор.

  • Қўлтиқ ости тукларини юлиш.

Қўлтиқ остидаги тукларни юлиш ёки қириш суннатдир.

Уни қирқ кундан ортиқ ташлаб қўйиш жоиз эмас.

Изоҳ қолдиринг