Таҳорат аҳкомлари
Арабча “таҳорат” сўзи ўзбек тилида гўзаллик, поклик, тозалик деган маъноларни англатади.
Шариатда эса “покиза сувни покланиш ниятида махсус кўринишда муайян аъзоларга етказиш»дан иборатдир.
Таҳоратнинг фазилатларидан
Аллоҳ таоло пок инсонларни яхши кўради.
Таҳорат Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларининг аломатидир.
Таҳорат гуноҳ ва хатоларнинг каффорат бўлиши, даражалар кўтарилишига сабаб бўлади.
Таҳоратнинг шартлари
Ният
Салқинлаш учун ёки таҳорат аъзоларидаги нажосатни кетказиш учун уларни ювган, бироқ таҳоратга ният қилмаган кишининг таҳорати дуруст бўлмайди.
Сувнинг покиза бўлиши
Ҳожатдан кейин таҳорат олаётган бўлса, аввало истинжо ёки истижмор қилган бўлиши
Терига сув тегишини тўсадиган нарсаларни кетказиш
Таҳорат олмоқчи бўлган аёл таҳорат аъзоларидаги лой, хамир, мум, тўпланиб қолган кирлар, қуюқ бўёқлар, тирноққа қўйиладиган лакларни кетказиши лозим. Сув аъзоларга тўсиқсиз, бевосита тегиши керак.
Таҳоратнинг фарзлари
Таҳорат фарзлари олтитадир. Уларни қасддан ҳам, унутиб ҳам ташлаб кетиш мумкин эмас. Таҳоратнинг битта фарзи қолиб кетса ҳам таҳорат дуруст бўлмайди. Улар:
Юзни тўлиқ ювиш. Унга оғиз ва бурунни чайиш ҳам киради.
Қўлларни бармоқ учларидан бошлаб, тирсаклар билан қўшиб ювиш.
Бошга масҳ тортиш. Унга қулоқларга масҳ тортиш ҳам киради.
Оёқларни тўпиқлари билан қўшиб ювиш.
Тартиб. Биринчи юз, сўнг икки қўл ювилади, сўнг бошга масҳ тортилади, ундан сўнг икки оёқ ювилади.
Кетма-кетлик. Юқорида айтилган аъзоларни кетма-кет ювиш, яъни бир аъзо қуриб улгурмасдан иккинчисини ювишга киришиш. Агар ювилган аъзо қуриб қолса, таҳоратни қайтадан бошлаш керак.
Таҳорат олиш тартиби
Ният қилиш. Таҳоратда ният шартдир.
Таҳоратнинг бошида “бисмиллаҳ” дейиш. Бисмиллаҳ дейишни унутган киши таҳорат олиш асносида ёдига тушса, ўша пайт айтади ва таҳоратида давом этаверади.
Таҳоратнинг бошида юзни ювишдан олдин қўлни уч марта ювиш.
Оғизни чайиш. Оғиз бўшлиғида сувни айлантириб, оғизнинг ҳамма жойини чайиш.
Бурунни чайиш. Дастлаб бурунга сув тортилади, сўнг қоқиб чиқарилади. Бир сиқим сув билан бир пайтда оғиз ва бурунга сув олиб чайиш суннатдир.
Қўлларни бармоқ учларидан бошлаб, тирсаклар билан қўшиб ювиш.
Бошнинг ҳаммасига масҳ тортиш. Бунда пешонанинг соч чиққан жойидан бошлаб энсага тўғри масҳ тортилади, сўнг қўллар яна орқага маҳсни бошлаган жойга қайтарилади. Осилиб турган кокилларга, соч турмакларига масҳ тортилмайди.
Қулоққа масҳ тортиш мустаҳабдир. Бунда кўрсаткич бармоқларни қулоқ йўлларига киргизиб ички томонига, бош бармоқлар билан қулоқларнинг ташқи томонига масҳ тортилади. Қулоқлар учун қўллар янгидан намланилмайди, балки бошдан қолган қўлларнинг нами билан масҳ тортилади.
Оёқларни тўпиқлари билан ювиш.
Таҳорат аъзоларини ювиш миқдори
Бир мартадан ювиш. Ҳар бир аъзо бир мартадан ювилади. Бир ҳовуч сувга ювиш назарда тутилмаяпти, чунки бир ҳовуч сув бир аъзони ювишга етмаслиги мумкин. Бу ерда бир ҳовуч биланми ёки ундан кўп сув биланми, хуллас, ҳар бир аъзони бир мартадан ювиш назарда тутиляпти.
Икки мартадан ювиш.
Уч мартадан ювиш.
Аъзоларни бир-биридан фарқли саноқда ювиш. Масалан, юзни уч марта, қўлларни икки марта, оёқларни бир марта ювиш.
Таҳоратга оид мазкур кўринишларнинг барчаси Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилингани учун бир сафар бундай, бошқа сафар ундай таҳорат олиш суннатдир. Фақат юқорида айтилган таҳорат кўринишларининг барчасида бошга бир марта масҳ тортилади.
Таҳоратнинг суннатлари
Таҳоратнинг суннатлари таҳоратни мукаммал қилиб, ажрни зиёда қиладиган амаллардир. Уларни тарк қилиш таҳоратнинг дуруст бўлишига тўсқинлик қилмайди. Улар:
Мисвок ишлатиш.
Оғиз ва бурунни чайишда муболаға қилиш. Рўзадорлар бундан мустасно.
Ўнг томондан бошлаш.
Юз, қўллар ва оёқларни икки ёки уч мартадан ювиш.
Қўл бармоқлари орасига сув етказиш, яъни икки қўл бармоқларини бир-бирига киритиб ҳаракатлантириш. Оёқ бармоқлари орасига сув етказиш, яъни кичик бармоқ билан оёқ бармоқлари орасини ишқалаш.
Таҳорат олиб бўлгач Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган қуйидаги дуоларни айтиш:
а) «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳуу ва Росуулуҳ» (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига ва Унинг яккаю ягона ва шериксиз эканига, шунингдек, Муҳаммад (алайҳиссалом) У зотнинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман)[1].
б) «Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдик. Ашҳаду аллаа илааҳа иллаа анта, астағфирука ва атуубу илайк» (Эй Аллоҳ! Сен поксан ва Сенинг ҳамдинг билан (тасбеҳ айтаман). Гувоҳлик бераманки, Сендан ўзга (ҳақ) илоҳ йўқ. Сендан истиғфор сўрайман ва Сенга тавба қиламан)[2].
Таҳоратдан кейин юқоридаги зикрлар айтилишидаги ҳикмат шуки, таҳорат ташқи покликни юзага чиқарса, тавҳид ва тавба билан ички поклик ҳосил қилинади. Зеро, тавҳид ва тавба энг буюк покловчилардир.
Таҳоратга оид масалалар
Таҳорат олган киши сочиқ ёки рўмолча билан аъзоларини артишининг зиёни йўқ.
Таҳоратни мукаммал қилиш кўп сув ишлатиш дегани эмас, балки сувни аъзоларнинг ҳамма жойига етказиш деганидир. Кўп сув ишлатиш исроф бўлиб, ундан қайтарилган. “Саҳиҳайн”да келган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратлари ҳақида шундай дейилади: “У зот бир муд (бир ҳовуч сув) билан таҳорат қилар, бир соъ (тўрт ҳовуч)дан беш ҳовучгача сувга ғусл қилар эдилар”.
Таҳоратдан кейин икки ракаат намоз ўқиш суннатдир.
Қайсидир аъзода мум, хамир, тирноқ бўёғи ва шу каби нарсалар бўлса, уни таҳорат олишдан олдин кетказиш лозим. Чунки у сувнинг терига тегишини тўсади.
Хина ва соч бўёқларининг қўл, оёқ ёки сочда сувни терига ўтказмайдиган даражада бўлса, уни таҳоратдан ёки ғуслдан олдин кетказиш лозим. Фақат рангнинг ўзи бўлса, тери ранги каби бўлиб, таҳоратнинг дуруст бўлишига таъсир қилмайди. Сабаби, у сувнинг терига етишини тўсмайди.
Терига сувнинг етишини қисман тўсадиган нарса бўлса, у кечирилгандир.
Таҳорат асносида гаплашиш жоиздир.
Истиҳоза ҳолатидаги аёл, шунингдек, сийдик ёки ел тутолмайдиган аёл ҳар намозга алоҳида таҳорат олади.
Таҳоратда бошига масҳ тортмоқчи бўлган аёлнинг сочлари ўрилган бўлса ёки бошида тақинчоқ ёки соч тўғноғич бўлса ёки бошида рўмол бўлса, уларни ечиб қўйиш шарт эмас, уларнинг устидан масҳ тортаверади.
Таҳоратни бузадиган нарсалар
Таҳоратни бузувчи нарсалар ёки амаллар бор. Улар:
Олд ва орқа авратдан чиққан нарсалар. Улардан сийдик, мазий, истиҳоза қони, ел ёки ахлат чиқиши мумкин. Буларнинг барчаси таҳоратни бузади.
Аёлнинг олд авратидан чиқадиган намлик:
а) Агар бу намлик қиндан чиққан бўлса, у бачадонга боғлангани сабабли покдир, таҳоратни бузмайди.
б) Агар бу намлик сийдик йўлидан чиққан бўлса, у нажосат ҳисобланиб, таҳоратни бузади. Унинг ҳукми сийдик тутолмаслик билан бир хилдир.
Олд ва орқа авратдан бошқа жойлардан чиққан жароҳат қони, қусуқ, бурун қонаши кабилар тўғрироқ фикрга кўра таҳоратни бузмайди. Лекин бу ҳолатларда ихтилофдан чиқиш мақсадида таҳорат олсангиз, яхшироқ ва мақсадга мувофиқроқ бўлади.
Ақлнинг кетиши ёки тўсилиб қолиши. Ақлнинг кетиши ақлдан озиш билан, ўралиб-тўсилиб қолиши эса уйқу ёки беҳушлик каби ҳолатлар билан бўлади.
Мудраш ва ўтирган ҳолатда енгил уйқуга кетиш таҳоратни бузмайди, чунки саҳобалар разияллоҳу анҳум намозни кутиб ўтириб, мудраб қолишарди.
Чуқур уйқуга кетиш эса таҳоратни бузади.
Рожиҳ фикрга кўра, туя гўштини ейиш хоҳ оз бўлсин, хоҳ кўп бўлсин, таҳоратни бузувчи ишлардандир.
Туянинг барча қисмлари: қорин, ичаклар, юрак, жигар каби аъзоларини ейиш ҳам таҳоратни бузади.
Туя гўштидан пиширилган шўрвани истеъмол қилиш ҳам таҳоратни бузади.
Туя сутини ичгандан кейин таҳорат олиш эса мустаҳабдир.
Таҳоратни бузиш ёки бузмаслиги борасида уламолар ўртасида ихтилофли бўлган баъзи ишлар бор. Жумладан, таносил аъзосини ушлаш, маййитни ювиш, Исломдан қайтиб муртад бўлиш, аёл кишини шаҳват билан ушлаш каби ишлар. Айрим уламолар бу ишларнинг ҳар бири таҳоратни бузишини айтганлар, айрим уламолар эса бузмаслигини айтганлар. Масала ижтиҳод ва мунозара ўрнидир. Лекин хилофдан чиқиш учун ушбу нарсалар туфайли таҳорат қилсангиз, яхши ва афзал ишни қилган бўласиз.
Рожиҳ фикрга кўра, ёш боланинг авратини ушлаш таҳоратни бузмайди. Чунки у шаҳват ўрни эмас ҳамда у омманинг эҳтиёжи бўлган ишдир.
Пешоби билан ҳўлланган гўдакнинг кийимларини ушлаш таҳоратни бузмайди. Лекин баданга ва кийимга теккан жойлар ювилади.
Энди ушбу мавзуга тааллуқли яна бир муҳим масала қолди. Таҳорати бор киши таҳоратни бузувчи ишлардан биронтаси ундан содир бўлгани ҳақида шак қилиб қолса, нима қилади?
Агар киши таҳорати борлигини аниқ билса-ю, унинг бузилган-бузилмагани ҳақида шак қилиб қолса, таҳоратли саналаверади. Чунки шу нарса аслдир. Агар бунинг акси бўлса, бетаҳорат эканини аниқ билса-ю, таҳорати борлигида шак қилса, таҳорат қилади. Негаки, бу ҳолатда бетаҳоратлиги асл бўлиб, шак қилиш уни кетказмайди.
Таҳорат қилиш вожиб бўлган ишлар
Уч иш учун таҳорат қилиш вожиб:
1) Ҳар қандай намозни ўқиш учун;
2) Байтуллоҳни тавоф қилиш учун;
3) Мусҳафни ушлаш учун.
Таҳорат қилиш мустаҳаб бўлган ишлар
Қуйидаги ҳолатларда таҳорат қилиш мустаҳабдир:
Қуръони каримни ёддан ўқиш;
Аллоҳ таолони зикр қилиш;
Ухлашдан олин;
Азон айтишдан олдин;
Жунуб киши емоқчи, ичмоқчи ёки такрор яқинлик қилмоқчи бўлганда;
Ғусл қилишдан олдин;
Жаҳл чиққан пайт.
Таҳоратсиз кишига ҳаром бўлган ишлар
Жунуб ёки таҳоратсиз бўлган кишига қуйидаги ишларни қилиш ҳаромдир:
Мусҳафи шарифни ушлаш. Таҳоратсиз киши мусҳафни бирон тўсиқсиз, яъни бирон матога ўралмаган ҳолда ушламайди. Таҳоратсиз киши ғилоф ё халтача ичидаги мусҳафнинг ўзига бевосита қўл теккизмасдан ушлаши мумкин. Шунингдек, бевосита қўл теккизмаган ҳолда унга кўз югуртириши ва варақлашининг зарар йўқ.
Киши таҳорат қилишга қодир бўла туриб, таҳоратсиз ҳолда хоҳ фарз, хоҳ нафл намоз ўқиши ҳаром қилинган.
Таҳоратсиз кишининг Байтуллоҳни тавоф қилиши ҳаром қилинган.
Жунуб киши, шунингдек, ҳайз ёки нифос кўрган аёлга ҳаром бўлган ишлар ҳам бор. Улар:
Қуръон тиловат қилиш. Лекин шайхулислом Ибн Таймия каби баъзи олимлар ҳайз ва нифос ҳолатидаги аёлларга Қуръон ўқишга рухсат беришган. Улар ёд олган Қуръонини эсидан чиқариб қўйишидан қўрққан, шунингдек, ўқитувчи ёки талаба сингари Қуръон ўқишга эҳтиёжи бўлган ҳайз ҳолатидаги аёлларга Қуръон ўқишга рухсат берганлар.
Масжидда ўтириш. Лекин масжидда қолмасдан юриб ўтиб кетиши жоиздир.
[1] Муслим ривояти.
[2] Насоий ривояти.