Нажосатларнинг ҳукми

0

Нажосатларнинг ҳукми

Биринчи масала: нажосатларни кеткизишнинг вожиблиги:

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ва кийимингизни покланг” [Муддассир: 4]. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қабр азобининг аксари сийдик(дан тозаланмаслик сабаби)дандир[1].

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозда пойабзалларини ечганликлари хусусида Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у зот шундай деганлар: “Жаброил келиб, пойабзалимда нажосат борлигини хабар берди[2]. Ушбу ҳадис келгусида, нажосат бобининг охирларида тўлалигича келади. Нажосатни кеткизиш вожиблигига далолат қиладиган бошқа ҳадислар ҳам бор.

Иккинчи масала: Нажосат турлари[3]:

1) Ўлимтик:

Шаръий йўл билан суйилмасдан ўлган ҳар қандай ҳайвон ўлимтик саналади. “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадис ўлимтикнинг нажосат эканига далилдир. Ҳадисда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: “Маймунанинг мавлосига бир қўй садақа қилинди ва у кўп ўтмай ўлиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлган қўйнинг ёнидан ўтдилар ва: “Бунинг терисини (шилиб) олиб, ошлаб фойдалансанглар бўлмасмиди?!” – дедилар. (Хонадон аҳли): “Бу қўй ўлимтик қўй” – дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ўлимтикни ейиш ҳаром қилинган, холос[4].

Яна Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Қар қандай тери ошланса тоза бўлади[5]. Демак, ушбу ҳадис аслида ўлимтик нажосат экани, унинг терисини поклаш учун ошлаш лозим эканини кўрсатади.

Шунингдек, қуйидагилар ҳам ҳукмда ўлимтикка илова қилинади:

А) ҳайвонни суйишдан олдин ундан кесиб олинган нарса ўлимтик ҳукмидадир. Абу Воқид Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ҳайвондан тириклигида кесиб олинган нарса ўлимтикдир[6].

Шунга кўра, туянинг ўркачидан, қўй думбасидан бир парча кесиб олиш ёки айрим қассоблар томонидан давлат қушхоналарида содир бўладиган ҳайвонни суйишдан олдин унинг қулоғи ёки оёғини кесиб олиш каби ҳолатлар ва бошқа шу сингари ишлар натижасида улардан кесиб олинган аъзолар ўлимтик ҳисобланади. Уларни ейиш ҳаром ва улар нажосатдир.

Б) гўшти ейилмайдиган ҳайвонлар гарчи суйилсада ўлимтик ҳисобланади. Негаки, шариатга биноан суйиш инобатга олиниши учун суйилган ҳайвон (гўшти ейиладиган) ҳалол ҳайвон бўлиши шарт. “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Салама ибнил Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Хайбар фатҳ қилинган кун охирида саҳобалар кўп ўт ёқдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу қандай олов? Нима пиширяпсизлар?” – дедилар. “Гўшт” – дейишди саҳобалар. “Қандай гўшт” – дедилар у зот. “Хонаки эшак гўшти” – жавоб берди саҳобалар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тўкиб ташлаб, қозонларни синдириб ташланглар” – дедилар. Шунда бир киши: “Эй Расулуллоҳ, ёки (қозондаги шўрвани) оқизиб, қозонни ювсакчи?” – деди. “Ёки шундай қилинглар” –деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам[7].

Мазкур ҳадис гўшти ейилмайдиган ҳайвон гарчи шариатга мос равишда сўйилсада унинг гўшти нажосат эканига далилдир. Чунки, аввало идишларни синдириш, кейин эса уларни ювишга буюриш, уларнинг ичидаги гўштнинг нажосат эканига далолат қилади. Қолаверса, айрим ривоятларда “У нажасдир[8] дея, очиқчасига унинг нажосат экани айтилган.

Ўлимтиклардан бир қанча нарсалар истисно қилинади:

  • Балиқ ва чигиртканинг ўлимтиги ҳалол бўлгани боис, покиза саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “У (яъни денгиз)нинг суви тоза ва ўлимтиги ҳалолдир[9] – деган сўзлари денгиз, шунингдек, бошқа ҳар қандай сув ҳавзалари ўлимтигининг ҳалол эканига далолат қилади.

Шунга кўра, денгиз ўлимтиги, хоҳ сув юзида қалқиб турсин, хоҳ чўккан ҳолда бўлсин, хоҳ инсон қўли билан ўлдирилсин ёхуд ўз ажали билан ўлсин, хоҳ қирғоққа чиқиб қолган бўлсин ҳалол ва покизадир.

Чигиртканинг ҳалол экани Ибн Абу Авфа розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда собит бўлган. Ҳадисда у шундай дейди: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан олти ёки етти ғазотда қатнашдик. У зот билан бирга чикиртка ер эдик[10].

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Уламолар суймасдан ҳам (ўлимтик) чигирткани ейиш жоиз эканига ижмо қилганлар[11].

  • Ўлимтикнинг суяги, туки, шохи, тирноғи ва шу каби (ҳаёт асорати бўлмаган) бўлаклари покдир. Чунки уларнинг нажосат эканини кўрсатадиган далил йўқ. Ушбу фикрни шайх Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ “Фатово”сида рожиҳ дер экан: “Бу салаф олимлар оммасининг фикридир[12]– дейди. Зуҳрий роҳимаҳуллоҳ фил ва шунга ўхшаш ҳайвонлар ўлимтигининг суяклари хусусида шундай дейди: “Мен салаф уламолардан бир қанчасининг бу суяклар билан соч тарагани ва (боши ёки соч-соқолига) ёғ сурганига гувоҳ бўлдим[13].

  • Ўлимтикнинг териси нажосат ҳисобланиб, бироқ уни ошлаш билан покланади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Маймунанинг мавлосига бир қўй садақа қилинди ва у кўп ўтмай ўлиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлган қўйнинг ёнидан ўтдилар ва: “Бунинг терисини (шилиб) олиб, ошлаб фойдалансанглар бўлмасмиди?!” – дедилар…[14]. Яна Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Қар қандай тери ошланса тоза бўлади[15].

Масала: барча терилар ошлаш сабабли покланадими?

Айрим уламоларнинг фикрича, ошлаш сабабли ҳар қандай тери, ҳаттоки ит ва тўнғизнинг териси ҳам покланади. Улар юқорида зикр қилинган  “Ҳар қандай тери ошланса тоза бўлади”, деган ҳадисдан келиб чиқиб шундай дейдилар. Бу фикрни Шавконий ва Санъонийлар рожиҳ дейдилар. Қолаверса, бу фикр Абу Ҳанифа ва унинг асҳоблари, Молик ва Шофеийларнинг (Аллоҳ уларнинг барчасини раҳмат қилсин) фикридир. Фарқли жойи шундаки, ҳанафийлар бундан тўнғизни истисно қилсалар,  Шофеий итга қўшимча тўнғизни ҳам истисно қилади.

Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, суйиш орқали гўшти ҳалол бўлган ҳайвонлардан иборат ўлимтикнинг терисигина ошлаш сабабидан тоза бўлади. Улар бу фикрга ҳадиснинг баъзи ривоятларида келган “Уни (яъни ўлимтик терисини) сўйиш уни ошлашдан иборатдир[16] деган қўшимчани далил қиладилар. Бу фикрга кўра, ўлимтик терисини ошлаш ҳайвонни суйиш ўрнида туради. Мазкур фикрни шайх Ибн Усаймин “Аш-шарҳул мумтеъ”да, шайхулислом Ибн Таймия “Фатово”[17]сида рожиҳ деган. Шунингдек, бу фикр салафларимиздан Авзоий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ва Абу Саврнинг (барчаларини Аллоҳ раҳмат қилсин) фикридир.

  • Ўлимтикнинг сути ва ширдонига келсак, бу ҳақда Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ўлимтикнинг ширдони ва сути тозадир. Негаки, саҳобалар Ироқ ўлкаларини фатҳ қилишганида мажусийлар тайёрлаган пишлоқларни истеъмол қилишган. Бу иш саҳобалар ўртасида кенг тарқаган ошкор ишлардан ҳисобланар эди[18].

Оқувчи қони бўлмаган жонзотларнинг ўлимтиги. Бундай жонзотлардан мақсад пашша, чигиртка ва чаён каби ўлса ёки жароҳатланса танасидан қон оқмайдиган жонзотлардир. Бундай жонзотлар ўлиши билан нажосатга айланмайди. Уламолар бунга қуйидаги ҳадисни ҳужжат қиладилар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар сизлардан бирингизнинг ичимлиги (ёки таоми)га пашша тушса, уни  (ичимлик ёки таомга) ботирсин, сўнгра олиб ташласин. Негаки, унинг бир қанотида касаллик бўлса, бошқа бир қанотида даво бор[19]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пашша тушган ичимлик ёки таомни тўкиб юборишга буюрмадилар. Маълумки, агар пашша қайноқ таомга тушиб ўлиши натижасида таомни нажосатга айлантирганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни тўкишга буюрган бўлар эдилар, валлоҳу аълам.

 (Давоми бор)

[1] Саҳиҳ, Ибн Можа (348), Аҳмад (2\ 389), Ҳоким (1\ 183) ва Ибн Абу Шайба (1\ 115) ривоят қилганлар. Шунингдек, ҳадисни Ҳоким Бухорий ва Муслим шартига мувофиқ саҳиҳ деган ва Заҳабий ҳам бу фикрга  қўшилган.

[2] Саҳиҳ, Абу Довуд (650), Аҳмад (3\ 92) ва Ибн Хузайма (1017) ривоят қилганлар. Шунингдек, ҳадисни Албоний “Ал-ирво”да (284) саҳиҳ деган.

[3] Ушбу масалани зикр қилишдан мақсад, уламоларнинг иттифоқ ёки ихтилоф қилишидан қатъий назар, улар нажосат эканини айтиб ўтган нарсаларни ва бу борадаги рожиҳ фикрни баён қилишдир.

[4] Бухорий (1492, 2221, 5531), Муслим (363), Абу Довуд (4120), Термизий (1727) ва Насоий (7\ 172) ривоят қилганлар.

[5] Муслим (366), Абу Довуд (4123), Термизий (1728), Насоий (7\ 173), Ибн Можа (3609), Молик (2\ 498) ва Аҳмад (1\ 270, 280) ривоят қилганлар.

[6] Саҳиҳ, Абу Довуд (2858), Термизий (1480), Ибн Можа (3216) ва Аҳмад (5\ 218) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар.

[7] Бухорий (6331), Муслим (1940) ва Ибн Можа (3195) ривоят қилганлар.

[8] Бухорий (5528)  ва Муслим (1940) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.

[9] Саҳиҳ, Абу Довуд (83), Термизий (69), Насоий (1\ 50) ва Ибн Можа ривоят қилганлар.

[10] Бухорий (5495), Муслим (1952), Абу Довуд (3812), Термизий (1822) ва Насоий (7\ 210) ривоят қилишган.

[11] “Фатҳул Борий” (9\ 621).

[12] “Мажмуул фатово” (21\ 100).

[13] Бухорий (1\ 342) муаллақ ҳолда ривоят қилган.

[14] Бухорий (1492, 2221, 5531), Муслим (363), Абу Довуд (4120), Термизий (1727) ва Насоий (7\ 172) ривоят қилганлар.

[15] Муслим (366), Абу Довуд (4123), Термизий (1728), Насоий (7\ 173), Ибн Можа (3609), Молик (2\ 498) ва Аҳмад (1\ 270, 280) ривоят қилганлар.

[16] Саҳиҳ, Насоий (7\ 174), Табароний “Кабир”да (6342) ва Аҳмад (3\ 476) ривоят қилганлар. Шунингдек, ушбу ҳадис тўғрисида Ҳофиз Ибн Ҳажар “Ат-талхисул ҳабийр” китобида “ҳадиснинг санади саҳиҳ” деган.

[17] “Мажмуул фатово” (21\ 95), “Аш-шарҳул мумтеъ” (1\ 74-75). Менимча, ошлаш ҳар қандай терини поклайди, валлоҳу аълам. Бироқ ошлаш гўшти ейиладиган ҳайвон ўлимтигининг терисида иккита нарсани: поклик ва ҳалолликни пайдо қилади. Яъни, ҳалол бўлгани боис, уни тановул қилиш (агар тановул қилиш тасаввур қилинса ёки шунга эҳтиёж туғилса) ёки ундан бошқа мақсадларда фойдаланиш жоиз бўлади. Гўшти ейилмайдиган ҳайвон ўлимтигининг терисини ошлаш оқибатида эса тери фақат покланади. Яъни, бундай тери ҳалол бўлмагани боис, уни тановул қилиш жоиз эмас. Ушбу тариқа ҳадис ривоятлари ўртасини мувофиқлаштирган бўламиз. Шунга ўхшаш фикрни Нававийнинг “Ал-мажмуъ” (1\ 229) асарида ҳам кўришингиз мумкин.

[18] “Мажмуул фатово” (21\ 103).

[19] Бухорий (3320, 5782), Абу Довуд (3844) ва Ибн Можа (3505) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг