Али разияллоҳу анҳу аср намозини ўқиб олиши учун қуёш тўхтатилганми?

0

Савол:

Бир ривоятда келишича, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни аср намозини ўқидилар. Али ибн Абу Толиб ўқимади. Сабаби, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг тиззасига бош қўйиб ухлаб қолган эдилар. Али намозга қўзғалиб, у зотни уйғотиб юборишни истамади. Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рабларига дуо қилиб, ботган қуёшни қайта чиқаришини сўрадилар. Токи Али ибн Абу Толиб аср намозини ўқиб олсин. Шу тўғрими?

Жавоб:

Бу ҳақда ривоят қилинган ҳадис даражаси ўта заифдир. Ҳадиснинг заифлик сабаблари кўп бўлиб, энг муҳимлари иккитадир:

Биринчи: бунга ўхшаш воқеа Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломдан бошқа бирон кишига содир бўлмагани ҳақида саҳиҳ ҳадис келган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Пайғамбарлардан бири ғазот қилди… (Фатҳ қилмоқчи бўлган) шаҳарга аср намози вақтида ёки шунга яқин пайтда етиб келди. Қуёшга: “Эй қуёш, сен ҳам маъмурсан, мен ҳам маъмурман. (Яъни ҳар иккимизнинг ўзимизга яраша вазифамиз бор). Илоҳим, қуёшни ботишига йўл қўймай тур”, деди. Аллоҳ то у шаҳарни фатҳ этгунча қуёшни тутиб турди”.

Мазкур ҳадисни имом Бухорий (3124), Муслим (1747) ва Аҳмад (14/65) ривоят қилганлар. Аҳмад “Муснад”да қуйидагича матн билан келтирган: “Қуёш Байтул Мақдисни фатҳ этиш учун чиққан Юшаъ ибн Нундан бошқа ҳеч бир инсонга тўхтатиб қўйилмаган”. Ибн Касир: “Бу ривоят Бухорий шартига мувофиқдир”, дейди.

Сўнг Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ буни изоҳлаб бундай дейди: “Бу ҳадис бундай воқеа Юшаъ ибн Нунга хос бўлганини ифодалайди ҳамда Али разияллоҳу анҳу аср намозини ўқиб олиши учун қуёш қайта чиққанлиги тўғрисидаги ривоят заиф эканини кўрсатади. У ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳдан қуёшни қайта чиқишини сўраб дуо қилганлари ва қуёш қайта чиққани айтилган. У ривоятни Али ибн Солиҳ ал-Мисрий саҳиҳ деган. Лекин бу ҳадис мункар бўлиб, саҳиҳ ҳадислар тўпланган китобларда ҳам, ҳасан ҳадислар битилган китобларда ҳам учрамайди. Бундай воқеа ростдан рўй берганида кўпчилик нақл қилган бўлар эди. Ҳолбуки, ишончли ёки ишончсизлиги номаълум бўлган аҳли байтга мансуб биргина аёл тарафидан ривоят қилинган. Валлоҳу аълам» (“Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 1/376).

Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Юшаъ ибн Нун ҳақидаги ҳадис қуёш ундан бошқа ҳеч ким учун тўхтатилмагани ва бошқаларга ҳам шундай воқеа содир бўлган деган ривоятлар заиф эканинини кўрсатади».

Шайх бу масалани батафсил шарҳлагандан сўнг сўзининг охирида бундай дейди: “Қисқаси, қуёшнинг тўхталиши ёки (ботгандан кейин яна) қайтарилиши борасида фақат мана шу (яъни Юшаъ ибн Нун тўғрисидаги) ҳадис саҳиҳдир. Ундан бошқа барча ривоятлар заифдир» (“Ас-силсилат ас-саҳиҳа”, 202).

Иккинчи: бу ҳадис ишонарли саҳиҳ санад орқали ривоят қилинмаган. Балки фақат ҳолати номаълум ва танқид қилинган ровийлар тарафидан ривоят қилинган. Шунинг учун муҳаққиқ муҳаддислар мазкур ҳадисни заиф деб санаганлар.

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу шубҳасиз тўқима ҳадисдир. Ҳадис ровийларининг гапи музтариб (яъни бир жойдан чиқмаган)дир” (“Ал-мавзуот”, 1/356).

Журқоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳадис мункар ва музтарибдир” (“Ал-аботил вал-манокийр”, 1/303).

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳадис илмини биладиган муҳаққиқ уламолар бу ҳадиснинг ёлғон ва тўқима эканини яхши билишади. Ҳадиснинг санадлари ичида ровийлари адолат ва забт (эшитган гапини аниқ эслаб қолиш) сифатига эга экани маълум бўлган биронта соғлом санад топилмайди. Санаднинг муттасиллиги (туташлиги) ҳам маълум эмас. Бу ҳадис ишонарли ва мўътабар ҳадис китобларида учрамайди. Уни на «саҳиҳ» аҳли, на «сунан» аҳли ва на «муснад» аҳли ривоят қилган. Билъакс, барчалари ушбу ҳадисни тарк этишга ва ундан юз ўгиришга иттифоқ қилишган. Қандай қилиб, агар чин бўлса, энг катта ва машҳур мўъжизалардан бири ҳисобланадиган бу даражадаги улкан воқеа содир бўлади-ю, уни на «саҳиҳ» аҳли ва на «муснад» аҳли ривоят қилади, на мусулмон уламолари ва ҳадис ҳофизларидан биронтаси нақл қилади ва на мўътабар ҳадис китобларидан биронтасида учрайди?!” (“Минҳож ас-сунна ан-набавийя”, 8/113-122-бетлар, қисқартириб олинди).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу ҳадис мункар ва унинг барча санадлари заифдир. Санадлардан биронтаси шиа тоифасига мансуб ва ҳолати мажҳул ровийдан ёки шиа тоифасига мансуб ва ҳадислари тарк этилган ровийдан холи эмас. Аслида бу каби ҳадисларни қабул қилишда биргина ровийнинг нақли кифоя эмас, гарчи санади муттасил бўлса ҳам. Чунки унда айтилган воқеа кўпчилик ривоят қилиши керак бўлган катта ва муҳим ҳодисадир. Бундай ҳадислар қабул қилиниши учун мутавотир ва машҳур даражасига етиши лозим. Энг камида шундай бўлиши керак. Биз бундай ҳодисалар рўй беришида Аллоҳнинг қудратини инкор этмаймиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган хабарларга ҳам асло шубҳамиз йўқ. Дарҳақиқат, саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинишича, бундай воқеа Юшаъ ибн Нунга Байтул Мақдисни қамалга олган пайтда содир бўлган, холос. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Юшаъ ибн Нундан, ҳатто барча пайғамбарлардан ҳам обрўлари баланд, мансаблари улуғ, қадрлари юксакдир. Шунга қарамасдан, у зотдан саҳиҳ ривоят билан келган нарсанигина эътиқод қиламиз ва айтамиз. У зотга саҳиҳ бўлмаган гап ва ривоятни нисбат бермаймиз. Агар ўша воқеа саҳиҳ бўлганда эди, биз биринчилардан бўлиб уни ривоят қилган ва эътиқод қилган бўлар эдик. Аллоҳ Ўзи ёрдам берсин” (“Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 6/87).

Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ ҳадисни тўқима деган (“Ас-силсила аз-заифа”, 971).

Мазкур ҳадис санадлари билан кенгроқ танишишни истаганлар Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг “Минҳож ас-сунна ан-набавийя” (8/113-136-бетлар) ва Суютийнинг “Ал-лаолиъ ал-маснуъаҳ” (1/308-312-бетлар) китобига мурожаат қилишлари мумкин. Валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг