Сийрат: Мусулмонлар иқтисодий ва ижтимоий қамалга олиниши (3)

0

Мазкур ҳодисадан олинадиган ибратли сабоқлар:

  • Бани Ҳошим ва Бани Мутталиб оиласига мансуб бўлган мушриклар жоҳилият урф-одатларидан келиб чиқиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилдилар. Бу ҳодисадан замонамиздаги кофир тузумлардан ҳам даъват йўлида фойдаланиш мумкинлиги келиб чиқади. Албатта, бу иш илм аҳлларининг фатвоси билан амалга оширилади[1].

  • Ҳозирги даврда дунёнинг кўп мамлакатларида инсон ҳуқуқлари кафолатланиб, мусулмонларга ҳам диний эркинлик берилган. Мусулмонлар бу эркинликни ғанимат билиб, қонун-қоидаларни ўрганиб, улардан шариат доирасида фойдаланишлари керак[2].

  • Шуни ҳам эслатиш лозимки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қариндош-уруғлари у зотни ҳимоя қилишлари рисолатни асраш мақсадида бўлмаган эди. Балки бу ишни қабиладошлик важидан қилган эдилар. Ҳозирги даврда ҳам мусулмонлар бу каби ҳимоядан фойдаланиб, уни кофирларга қарши жиҳод ва ғалаба йўлида восита деб билишса, жуда яхши бўлар эди.[3]

  • Абу Толиб Қурайш жамияти устидан ғолиб келди. Қурайшлик мазкур беш нафар инсон Бани Ҳошим ва Бани Мутталибга қариндош-уруғчилик ҳурматидан қамал битими ёзилган саҳифани йиртиб ташлаб, улардан ва уларга иттифоқдош бўлганлардан зулмни даф қилдилар. Бундай шароитларда жоҳилий тузумнинг устунлари бўлган мансабдор кишилар ҳам зулмни инкор этишлари эҳтимолдан холи эмас. Демак, фурсатни ғанимат билиб, улардан фойдаланиш керак. Мусулмонлар шу томонларга ҳам эътиборсиз бўлмай, зулмдан қутулиш йўлларини излашлари лозим. Қуръон ва Суннатда мусулмонлар билан яҳудийлар, салбчилар ва худосизлар ўртасида қиёматгача адоват ва кураш давом этиши хабар қилинган. Шундай экан, Ислом хизмати йўлида мазкур сифатдаги кишилардан ҳам фойдаланса бўлади[4].

  • Абу Лаҳаб каби инсонлар ҳар замонда топилади. Шунинг учун даъватчилар ҳушёр бўлсинлар. Энг яқин, ишонган одамлари уларга бошқалардан кўра қаттиқроқ адоват қилишлари мумкин[5].

  • Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни душманга қаршилик кўрсатишдан қайтарар ва сабр қилишга даъват этар эдилар. Чунки кичиккина қаршилик кўрсатиш билан уруш оловининг пилиги ёки ёқилғиси бўлиб қолишлари ҳеч гап эмас эди. Айниқса, шижоатли, баҳодир инсонларни тайзиқларга сабр қилишга ундаб туриш жуда муҳим. Ҳамза, Умар, Абу Бакр, Усмон ва бошқа саҳобалар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга қулоқ солиб, у зотга итоат этдилар. Бу йўлда оғир азиятларга сабр қилиб, қаршилик кўрсатишдан ўзларини тийдилар. Уларнинг сабрлари бир-икки ҳодисада ёки бир-икки кунгина бўлмади. Балки, улар уч йил сабр қилдилар. Шунча вақт уларга зулмга қаршилик кўрсатишга рухсат берилмади[6].

  • Бу воқеа саҳобаларнинг бошлиққа итоат этиб, ўзбошимчаликдан йироқ бўлганларини кўрсатади. Абу Жаҳлга суиқасд қилишдан осон иш йўқ эди. Шундай бўлса-да, улар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларидан чиқмадилар.

  • Исломий даъват Ҳабашистонда, Нажронда ва Азд Шануа, Давс, Ғифор қабилаларида катта ютуқларга эришди. У ерлар келажакда мусулмонлар учун кучли марказларга айланишига ҳаракат қилинар эди. Кескин вазиятларда ўша ерлардан бутун оламга даъват таралиши ва даъватга мадад тўпланиши мумкин эди.

  • Уч йиллик қамал саҳобалар учун катта тарбия бўлди. Очликка, қўрқувга бардошли бўлиб, ўзни тутишга ўргандилар. Руҳий кураш босимига чидадилар.

  • Мушриклар сафида турганлар ҳам Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсиятларидан, гўзал ахлоқ-одобларидан таъсирланиб, янги динга кўнгиллари юмшади. Лекин бошлиқларининг зўравонлиги уларга ёндашишга имкон бермади. Беш нафар қурайшликнинг қамал битимини бузишга қилган саъй-ҳаракатлари уларнинг Расулулллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан таъсирланганликларига ёрқин далилдир[7].

[1] Саид Ҳава, “Ал-асас фис-суннати ва фиқҳуҳа – ас-сийрат ан-набавия”, 1/264-бет.
2] Олдинги манба.
[3] Бутий, “Фиқҳ ас-сийрат ан-набавия”, 88-бет.
[4] Ғазбон, “Фиқҳ ас-сийрат ан-набавия”, 185-бет.
[5] Ғазбон, “Фиқҳ ас-сийрат ан-набавия”, 186-бет.
[6] “Ат-тарбия ал-қиядия”, 1/371-бет.
[7] Олдинги манба, 384, 385-бетлар.

Изоҳ қолдиринг