Олам Муҳаммад алайҳиссалом туфайли яратилганми?

0

Савол:

“Агар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлмаганларида Аллоҳ таоло коинотни яратмаган бўларди”, деган ҳадис ҳақида маълумот берсангиз. Очиғи, мен бу ҳадиснинг саҳиҳлигида шубҳа қиляпман.

 Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Дарҳақиқат, бу маънода кўплаб тўқима ва асоссиз ҳадислар ривоят қилинган. Қуйида улардан айримларини келтираман:

Агар сен бўлмаганингда, фалакларни яратмаган бўлар эдим”.

Шавконий раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни ўзининг “Ал-фавоид ал-мажмуа фил-аҳодис ал-мавзуа” (326-бет) китобида келтириб, бундай дейди: “Сағоний бу ҳадисни “тўқима”, деган».

Албоний раҳимаҳуллоҳ “Ас-силсила аз-заифа” (282-ҳадис) китобида “тўқима”, деган.

Яна шундай ҳадислардан бири Ҳоким Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисдир. Унда бундай дейилади: “Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга ваҳий қилиб, бундай деди: “Эй Исо, Муҳаммадга иймон келтир. Умматингдан унинг даврини кўрганларни унга иймон келтиришга буюр. Агар Муҳаммад бўлмаганида Одамни яратмаган бўлар эдим. Агар Муҳаммад бўлмаганида жаннатни ҳам, дўзахни ҳам яратмаган бўлар эдим. Аршни сув устида яратганимда у тебранди. Шунда унга “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммад Расулуллоҳ”, деб ёзиб қўйган эдим, тинчланди”.

Ҳоким ушбу ҳадис ҳақида: “Санади саҳиҳ”, деган. Заҳабий унга эътироз билдириб: “Саид номидан тўқилган уйдирма ҳадис бўлсак керак, деб ўйлайман”, деган.

Яъни ҳадис ровийларидан бири Амр ибн Авс Ансорий ҳадисни Саид ибн Абу Арубадан ривоят қилган. Амр ибн Авс ҳадис тўқиш билан танилган. Заҳабий “Ал-мезон” китобида у ҳақда гапириб: “У мункар ҳадис айтган”, дейди ва мана шу ҳадисни келтиради. Кейин: “Уни тўқима ҳадис” деб ўйлайман», дейди. Ҳофиз Ибн Ҳажар ҳам “Ал-лисон” китобида Заҳабийнинг фикрини маъқуллашини айтган.

Албоний “Ас-силсила ас-саҳиҳа” (280-ҳадис) китобида: “Асли йўқ ҳадис”, дейди.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳдан «Агар сен бўлмаганингда Аллоҳ аршни ҳам, курсийни ҳам, ерни ҳам, осмонни ҳам, қуёшни ҳам, ойни ҳам ва улардан бошқа мавжудотларни ҳам яратмаган бўларди”, деган ҳадис саҳиҳми-йўқми?» деб сўрашганда бундай жавоб берган:

“Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Одам фарзандларининг саййиди, бутун халқларнинг энг афзали ва улуғидир. Шу сабабдан айрим кишилар: “Аллоҳ у зот туфайли оламни яратган” ёки «У зот бўлмаганда аршни ҳам, курсийни ҳам, осмонни ҳам, ерни ҳам, қуёшни ҳам, ойни ҳам яратмаган бўлар эди”, дейишган.

Лекин бу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинадиган ҳадис эмас. У на саҳиҳ ва на заиф ҳадисдир. Илм аҳлидан биронтаси уни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериб ривоят қилмаган. Ҳатто саҳобалардан ҳам келмаган. Балки бу гапни айтган кишининг кимлиги ноаниқ” (“Мажмуъ ал-фатово”, 11/86-96-бетлар).

Доимий фатво қўмитасидан шундай савол сўралди: “Аллоҳ осмонлару ерни Пайғамбар салллаллоҳу алайҳи ва саллам туфайли яратган”, деса бўладими? “Агар сен бўлмаганингда фалаклар яралмаган бўлар эди”, деган сўзнинг маъноси нима? Бу гап аслида ҳадисми?»

 Қўмита шундай жавоб берди: “Осмонлару ер Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам сабабли яралган эмас. Уларнинг яралишидан мақсадни Аллоҳ таоло Қуръонда бундай баён қилади:

Аллоҳ ёлғиз ўзи етти қат осмон ва етти қават ерни яратган зотдир. У пайғамбарларига юборган ваҳийсини ва махлуқотларининг ишларини бошқаришга оид амру фармонини еру осмонлар оралиғига туширди. Токи сизлар – эй одамлар – Аллоҳ ҳар ишга қодир эканини, Уни ҳеч нарса ожиз қила олмаслигини, Аллоҳ барча нарсани билишини, ҳеч нарса Унинг илми ва қудратидан ташқарида эмаслигини билинглар” (Талоқ,12).

Ҳадисга келсак, у Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан ёлғон тўқиб айтилган ҳадисдир. Асло саҳиҳ эмас” («Доимий фатво қўмитаси фатволари», 1/312-сонли фатво).

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳдан ҳам ушбу ҳадис ҳақида сўрашганда шайх бундай жавоб берган: “Бу айрим авом кишилардан нақл қилинадиган гап. Улар тушунмай гапирадилар. Баъзи одамлар: “Дунё Муҳаммад туфайли яралган. Агар Муҳаммад бўлмаганида дунё ҳам, одамзот ҳам яралмаган бўлар эди”, дейдилар. Бу бирон далилга суянмаган қуруқ гап. Ҳечам тўғри эмас. Аллоҳ дунёни Ўзини танитиш ва Ўзига ибодат қилиниши учун яратган. Дунёни ва бутун мавжудотларни яратишдан мақсад Аллоҳни исмлари, сифатлари, қудрати, илми ила билиб, Унинг ёлғиз ўзига ширк келтирмаган ҳолда ибодат қилишдир. Бу олам на Муҳаммад, на Нуҳ, на Мусо, на Исо ва на бошқа бирон пайғамбар туфайли яралган. Аллоҳ халқларни ёлғиз Ўзига ширк келтирмай ибодат қилишлари учунгина яратган” (“Фатово нурун алад-дарб”, 46-бет).

Валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг