«Эй Жобир, Аллоҳнинг илк яратгани пайғамбарингнинг нуридир»;
«Махлуқотларни яратмоқчи бўлганимда нуримдан бир сиқим олдим ва унга: “Муҳаммад бўл”, дедим. Сўнг Муҳаммаддан барча мавжудотларни яратдим»;
«Одам хато иш қилиб қўйгач: «Эй Раббим, Сендан Муҳаммаднинг ҳаққи ҳурматини ўртага қўйиб сўрайман, гуноҳларимни кечир», деди. Шунда Аллоҳ: «Эй Одам, агар Муҳаммад бўлмаганида сени яратмаган бўлардим», деди».
Жавоб:
Алҳамдулиллаҳ.
Узоқ даврлардан бери одамлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида кўп ҳадисларни нақл қилишади. У ҳадисларни гоҳо Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга, гоҳо Аллоҳ таолога нисбат беришади. Яъни ҳадиси қудсий, деб нақл қилишади. Ҳадисларни саҳиҳини заифидан ажратиб ўтиришмайди. Бунга сабаб, у зот ҳақида ҳаддан ошиш ва у зотни ортиқча муқаддаслаштириб юборишдир. Ҳолбуки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари бундай деганлар: “Мени насронийлар Исо ибн Марямни ошиқча мақтаганидек мақтаманглар. Мен бир бандаман. Мен ҳақимда: “Аллоҳнинг қули ва расули”, денглар».
Шунинг учун, билиб-билмаган ҳолда ҳадисларни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга ёки ҳадиси қудсий сифатида Аллоҳга нисбат бериш жоиз бўлмайди. Аввало ҳадисларнинг саҳиҳ, заиф ва тўқимасини ажратиб олиш керак. Бизларга саҳиҳ ҳадисларнинг ўзи етарлидир. Ундан бошқасига ҳожат йўқ. Саҳиҳ ҳадис деганда далил қилишга ярайдиган ҳадисларни назарда тутяпмиз. Бинобарин, бунга ҳасан ҳадислар ҳам киради.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фазилатлари ҳақида одамлар турли-туман ҳадисларни нақл қилишади. Айниқса, уларнинг ичида у зотдан собит бўлмаган ҳадислар талайгина. Жумладан:
«Эй Жобир, Аллоҳ таолонинг илк яратгани пайғамбарингнинг нуридир», деган ҳадис. Бу тўқима ҳадисдир. Аслида бу гап узундан-узун тўқима ҳадиснинг бир парчасидир, холос. Кўпчилик инсонлар унинг бошини биладилар, охирини ҳам билганларида ҳадиснинг тўқима эканига шубҳа қилмаган бўлардилар. Шайх Абул Файз Аҳмад ал-Ғиморий ўзининг «Ал-муғийр алал аҳодийс ал-мавзуъа фил-жомеъ ас-сағир» китобида ушбу ҳадис ҳақида шундай дейди: «Бу тўқима ҳадисдир. Агар уни тўлиқ зикр қилганида уни ўқиган инсон тўқима ҳадис эканига шубҳа қилмаган бўларди. Ҳадиснинг қолгани катта ҳажмдаги икки вараққа жой бўладиган даражада узун бўлиб, ғализ иборалар ва мункар (шариатга зид) маъноларни ўз ичига олган».
Шунингдек, ушбу ҳадис ҳақида Саййид Рашид Ризо ўзининг «Ал-фатово» китобида (2/447-бет) бундай дейди: «Асли йўқ ҳадис. Буни Суютий ҳам айтган. «Ал-ҳовий лил-фатово» (1/323) китобида келишича, Суютийдан ушбу ҳадис ҳақида сўралганда: «Саволда сўралган ҳадиснинг суяниладиган биронта мўътабар санади йўқ», деган».
«Махлуқотларни яратмоқчи бўлганимда нуримдан бир сиқим олдим ва унга: «Муҳаммад бўл», дедим. Сўнг Муҳаммаддан барча мавжудотларни яратдим», деган ҳадис. Бундай матнни саҳиҳ ҳадислар ичидан ҳам, заиф ҳадислар ичидан ҳам тополмадик. Лекин бошқачароқ ривоят бор экан: «Агар сен бўлмаганингда фалакларни яратмаган бўлардим». Яна бирида: «Агар сен бўлмаганингда жаннатни яратмаган бўлардим. Сен бўлмаганингда дўзахни яратмаган бўлардим». Бу ҳадислар Муҳаммад ибн Халил Қовиқчи қаламига мансуб «Ал-луълуъ ал-марсуъ фима ла асла лаҳу ав биаслиҳи мавзуъ» (452-454-бетлар) номли китобда айтилганидек, ҳаммаси тўқима, ёлғон ҳадислардир. Шуниндек, «Агар сен бўлмаганингда дунёни яратмаган бўлардим», деган ривоят ҳам бор экан. Буни имом Ибн Жавзий «Ал-мавзуот» китобида зикр қилган. Суютий «Ал-лаолиъ ал-маснуа» (1/272-бет) китобида Қовиқчининг фикрини маъқуллаган. Албоний ҳам «Ас-силсилат ал-аҳодийс аз-заифа вал-мавзуа» (14/450-бет) китобида ушбу ҳадисни заиф ва ботил деган. Қаранг: Абдулмутаол Жабрий. «Ал-муштаҳир минал-ҳадис ал-мавзуъ ваз-заиф», 13-бет.
Одам алайҳиссалом Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни васила қилгани, яъни дуода восита қилганлиги тўғрисидаги ҳадисга келсак, бу ҳадиснинг санади ўта заифдир. Айрим уламолар уни тўқима ҳадис, деб санаганлар. Бу ҳадис турли матнлар билан ривоят қилинган. Шулардан бири қуйидагича: «Одам хато иш қилиб қўйгач, деди: «Эй Раббим, Сендан Муҳаммаднинг ҳаққи ҳурматини ўртага қўйиб сўрайман, гуноҳларимни кечир». Бошқа бир ривоятда: «Эй Одам, агар Муҳаммад бўлмаганда сени яратмаган бўлардим». Ҳофиз Ибн Абдулҳодий ўзининг «Ас-сорим ал-мункий фир-радди алас-Субкий» деб аталмиш китобида, шунингдек, муҳаддис олим Муҳаммад Башир Саҳсавоний Ҳиндий ўзининг «Сиёнат ал-инсон ан васвасат аш-шайх Диҳлон» (129-бет) номли китобида мазкур ҳадиснинг ботиллигини баён қилишган. Валлоҳу аълам.