269 – Ўралмаган қабристон ёнидан ўтаётиб қабрларга салом бериш
Жумҳур уламолар қабрлар ёнидан ўтаётиб маййитларга салом бериш мустаҳаб деганлар[1].
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада қабрлар ёнидан ўтдилар. Шунда қабрларга юзлари билан ўгирилиб, бундай дедилар: “Эй қабрлар аҳли, сизга салом бўлсин! Аллоҳ сизу бизни мағфират этсин! Сизлар биздан олдин кетдингиз, биз ҳам ортингиздан эргашувчимиз”»[2]. Ўша даврда қабристонлар девор билан ўралмаган эди.
270 – Ўралган қабристон ёнидан ўтаётиб қабрларга салом бериш
Шайхимиз Муҳаммад ал-Усаймин айтади: «Қабрларга қабристон ичида салом берилади, яъни киши қабристонга кирса салом беради. Аммо қабристон олдидан ўтса ва қабристон девор билан ўралган бўлса, у ҳолда салом бермайди. Агар қабристон девор билан ўралмаган бўлса, айрим уламоларнинг фикрича, қабристон ёнидан ўтаётиб салом берса, савобга эришади. Чунки у биродарлари ҳаққига дуо қилган, уларга яхшилик илинган бўлади. Бу ишда кўп яхшилик ва ажру савоблар бор, иншооллоҳ»[3].
Янада очиқроқ айтадиган бўлсак, қабрлар зиёрати фақат қабрлар ёнида туриш билан рўёбга чиқади, девор ортида туриш билан эмас. Шунинг учун қабрлар ёнидан ўтаётган киши шариатга мувофиқ дуою салом қилиши жоиз. У одам қабр зиёратига борган ҳукмида бўлади. Девор ортидан ўтаётган киши эса зиёратчи саналмайди, унга зиёратчи қиладиган ишлар жоиз бўлмайди[4].
[1] Қаранг: «Ал-муғний», 3/517; «Ат-тож вал-иклил», 2/236-237; Закариё ал-Ансорий Шофеий (вафоти: 925 ҳ.) «Манҳаж ат-туллоб», 46-бет. Муҳаққиқ: Азҳарнинг баъзи уламолари. «Ал-қоҳира» босмахонаси. [2] Термизий ривоят қилган (2/532, 1075-ҳадис) ва ҳасан деган. [3] «Фатово фий аҳком ал-жаноиз», 333-бет. Яна бундай дейди: «Агар қабристон ёнидан ўтди, дейилмайдиган даражада олис ердан ўтаётган бўлса, далиллардан кўринишича, у одам қабрларга салом бериши жоиз бўлмайди. Масалан, фараз қилсак, бир одам билан қабристон орасида бир километр масофа бор ва у қабристонни кўриб турибди. Бироқ у қабристон ёнидан ўтаётган ҳисобланмайди. Ёнидан ўтди, дейиш учун қабристон яқинидан ўтиш керак бўлади» («Шарҳу булуғ ал-маром», 5/653). [4] Шайх Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳ фойдаларидан.
Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.