Учинчи қоида: (1) Муҳит ҳал қилувчи омилми?

0

Учинчи қоида

Муҳит ҳал қилувчи омилми?

Бу қоидани савол тарзида келтиришим боиси, бу хусусда фикр юритишлари учун ўқувчилар эътиборини жалб қилишдир. Аслини олганда, муҳит ҳал қилувчи омил, десам муболаға қилмаган, янглиш гапирмаган бўламан. Табиийки, ёш болалар уй, мактаб, кўча ва маҳалла сингари турли муҳитларда ўсиб ўлғаядилар. Бироқ мен бу ўринда айнан эътибор қаратмоқчи бўлган муҳит – бу оила муҳити. Чиндан ҳам оила муҳити бола ҳаётига энг кўп таъсир ўтказувчи муҳитдир.

Оила муҳити бир қанча унсурлардан ташкил топади.  Бу унсурларнинг энг муҳими оила аъзоларининг шахсиятлари, улар эга бўлган мафкура ва қадриятлар, оила аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқалар тури, шунингдек, оила ичкарисидаги яшаш тарзи, улар яшайдиган уйнинг ҳолати ва тузилишидир. Афсуски, ўта муҳим бўлишига қарамай, биз оила муҳитини ташкил этувчи мазкур нарсалар ҳақида кўп ҳам бош қотирмаймиз. Аслида эса соғлом оила муҳити яратиш учун алоҳида эътибор ва махсус режалар тузишга эҳтиёж бор.

Муҳитнинг болалар шахсиятига  таъсирини кўрсатувчи энг катта далиллардан бири шундаки, мусулмон жамиятида ўсиб ўлғайган болаларнинг 99 фоизидан кўпроғи мусулмон бўладилар. Айни кўрсаткични насроний, буддизм ёки яҳудий жамиятларида вояга етган болалар ҳақида ҳам айтиш мумкин. Шуни нарса аниқки, қўлимизда кузатув ва аниқ тажрибалардан ташқари, яхши оила муҳитини яратиш муҳимлигини таъкидловчи талай тадқиқотлар мавжуд. Шундай тадқиқотлардан бири оилада тарбия иши билан ёлғиз онанинг шуғулланиши оқибатлари хусусида ўтказилган тадқиқотдир. Натижалар шуни кўрсатдики, аёл кишининг мувозанатсизлиги боис, унинг якка ўзи бола тарбия қилиши  бола шахсиятига салбий таъсир кўрсатар экан. Бола гарчи ўсмирлик ёшига етсада унда гўдакларча хатти-ҳаракатларнинг устунлиги, кўпроқ ўзгаларга суяниш ва бўйсунувчанликка мойиллиги, аксинча, баъзан болада қайсарлик ва зўровонлик табиати пайдо бўлиши мазкур салбий таъсир оқибатидир. Албатта, бу борада боланинг қиз ёки ўғиллигига қараб салбий таъсир ҳам турлича бўлади.

Шунингдек, бошқа бир тадқиқот натижаларига кўра ота-онанинг ҳар иккиси тарбияси остида вояга етган болалар фақат она ёки ота қарамоғида ўсиб ўлғайган болаларга нисбатан ўқиш, ёзиш ва ҳисоб-китоб борасидаги қобилиятлари яхшироқ бўлар экан. Бунга сабаб, ёлғиз ота ёки онанинг ўзи яхши оилавий муҳит пайдо қилишга қодир эмаслигидир. Зеро, ота-она ўртасидаги ўзаро такомиллашув, ҳамкорлик ва ҳар иккисининг бевосита бола тарбиясини назорат қилиши биз эришмоқчи бўлган муҳитни яратишдаги асосий омилдир.

Бу фарзандлар тарбиясидан бошқа ҳар қандай ишлар билан банд бўлган, фақат шаклан ота ёки она бўлмиш кимсаларга огоҳлантириш рисоласидир.

Америкалик баъзи руҳшунос олимлар ўтказган тадқиқотда, қамоқхоналарда туғилиб, оналари билан ўсиб улғайган қизлар билан фаровон ва дабдабали муҳитда туғилиб ўсган бой-бадавлат кишиларнинг болалари ўртасини таққосладилар. Тадқиқот кутилмаган натижа берди: ота-оналарнинг бандлиги сабаб қасрларда ёлланма тарбиячи аёллар ва хизматкорлар қўлида улғайган болалар  маҳбус аёлларнинг фарзандларидан ҳеч бир соҳада устун бўла олмадилар. Сабаб, қамоқ шароитида ўсиб улғайсаларда, бу болаларнинг ўз оналари олдидан ажрамаганлигидир.

Ножўя хатти-ҳаракатлар ва безориликка берилган ўсмирлар оилаларининг ижтимоий ҳолати тўғрисида Саудия Арабистонидаги Шаҳзода Нойф Университетида ўтказилган бошқа бир тадқиқотдан равшан бўлишича, бундай ўсмирлар соғлом оилавий ришталарга муҳтожлар. Негаки, бу ўсмирлар билан уларнинг ака-укалари ўртасидаги алоқалар узилганлиги, балки, айрим ҳолларда ўрталарида адоват борлиги маълум бўлди. Шунингдек, ота-она билан ўсмир орасидаги муносабатлар ҳам қониқарли эмас. Сабаб, ота-оналардаги фарзандларини назорат ва тергаш даражаси пастлиги, уларга нисбатан ортиқча қаттиққўллик билан ёндашиш, эътиборсизлик ёки фарзандларга бир кўзда қарамаслик, улар ўртасида айирмачилик қилиш сингари тарбияга зид услубларни қўллашдир.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, оилавий муҳитда меҳр-шафқат, ғамхўрлик ва хотиржамликнинг етишмаслиги ўсмирларни мазкур бўшлиқни тўлдириш учун ўз тенгдошлари билан яқин ва мустаҳкам алоқалар ўрнатишига олиб боради. Улар оилада топмаган хотиржамлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва қўллаб-қувватлаш тушунчаларини тенгқурларида топганлиги учун шундай йўл тутадилар ва бу аксар ҳолатларда ўсмирларнинг бузилишига, ёмон йўлларга кириб кетишига олиб келади.

Таълим-тарбияга эътибор берган зиёли хонадонларда барча фарзандлар ёки кўпчилиги мактабни битириб олийгоҳларда ўқишни давом эттирадилар. Таълим-тарбияга эътиборсиз, илмни қадрламайдиган оилаларда эса, фарзандлар мактабни ҳам битирмай ўқишни ташлаб юборадилар. Бунга фарзандларнинг ўқишни севмаслиги, китоб мутолаа қилишга ҳафсаласи йўқлиги ва уларда амалий меҳнатга мойиллик борлиги баҳона қилиб кўрсатилади. Афсуски, бундай ота-оналар қизиқиш ва интилишларни катталар пайдо қилиши, бу туйғуларни болаларда улар парваришлаши лозимлигини билмайдилар. Агар катталар ўқишни давом эттириш қийматини билмас эканлар, бунга эътибор бермас эканлар, у ҳолда фарзандларидан катта қисмида илмий йўналиш бўйича иш олиб боришга рағбат ва интилиш бўлмаслик эҳтимоли каттадир.

Изоҳ қолдиринг