Муайян вақтларда қабр зиёратига одатланиш (1)

0

271 – Жума ва ҳайит кунлари каби муайян вақтларда қабр зиёратига одатланиш

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар йили такрорланадиган муайян вақтларда қабрларни зиёрат қилишдан қайтарганлар. Масалан, икки ҳайит, арафа ва ошуро кунлари, шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси ёки ражаб ойи ёки ҳар жума куни ёки маййит дафн этилганининг иккинчи ёки еттинчи куни қабр зиёратига бориш ёки муайян вақтда қабристонда оммавий йиғилиш каби ишлар мазкур тақиқ жумласига киради. Қабрларни байрамгоҳ қилиб олиш ҳаром эканида уламолар ўртасида ихтилоф йўқ.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Уйларингизни мозорга айлантирманг, менинг қабримни байрамгоҳ қилиб олманг. Менга салавот айтинг. Зеро, қаерда бўлманг салавотингиз менга етиб боради»[1].

«Қолаверса, қабрларни байрамгоҳ қилиб олишда жуда кўп салбий оқибатлар ва улкан ёмонликлар бор. Бу ишлар қалбида Аллоҳга нисбатан улуғлаш, тавҳидга ғаюрлик ва ширкка нафрат бор бўлган ҳар бир кишини ғазаблантиради. Бироқ «ўликлар»га «жароҳат» таъсир қилармиди! Қабрларни байрамгоҳ қилиб олиш ортидан қабрларга қараб намоз ўқиш, қабрларни тавоф қилиш, уларни ўпиш, силаб-сийпалаш, тупроғига юзларни суриш, қабрда ётганларга сиғиниш, улардан ёрдам, ғалаба, ризқ, офият, қарзлар ўталиши, ғамлар кетиши ва ғам-ғуссалар аришини сўраш ва ҳоказо кўпдан-кўп ёмон ишлар келиб чиқади. Ҳолбуки, қадимдаги бутпарастлар бутларидан айнан шу ишларни сўрар эдилар»[2].

«Қабрларни байрам қилиб олиш мушриклар Исломдан аввал қилган байрамлар туридандир. Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан қайтардилар ва энг шарафли қабр мисолида[3] бошқа қабрларда уни қилишдан огоҳлантирдилар»[4].

Имом Ибн Таймия айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари ер юзидаги энг афзал қабрдир. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларини байрамгоҳ қилиб олишдан қайтардилар. Шундай экан, ким бўлишидан қатъи назар, у зотдан бошқанинг қабри байрамгоҳ қилиб олишдан қайтаришга янада ҳақлидир»[5].

Ким қабрларни муайян кунларда зиёрат қилиш бошқа кунларда зиёрат қилишдан афзал деб эътиқод қилса, бидъат нарсани эътиқод қилган ва шариат олиб келмаган ишга қўл урган бўлади.

Абул Қосим ал-Абдусий Тунисий (вафоти: 837 ҳ.) айтади: «Яқинлар қабрлари зиёратини байрам кунларига хослаб олиш ва шу куннинг бошқа кунлардан афзаллиги бор, деб эътиқод қилиш улкан бидъатлардандир. Агар ўша куни ишларидан бўш бўлгани учун қабр зиёратига фурсат топса, зарари йўқ. Қози Абул Валид ибн Рушд «Жомеъ ал-баён» китобида буни очиқ баён этган»[6].

Шайх Сулаймон ибн Саҳмон раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳайит куни ҳайит намозидан кейин қабрларни зиёрат қилиш учун йиғилиш шайтоннинг найрангларидан ва Исломда кейинчалик пайдо қилинган бидъатлардандир. Қолаверса, бу каби йиғилишлар ширкка эшик очадиган воситалар ҳамдир. Бундай ишни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари қилишмаган. Ваҳоланки, улар ҳар қандай яхшиликка бошқалардан аввал шошадиган кишилар эди. Ҳеч кимса Аллоҳ бу фазилатни фақат унга билдириб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини ундан маҳрум этган, деб эътиқод қилишга ҳаққи йўқ. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким шариатимизда бўлмаган амални қилса, у рад этилади[7], яъни қабул этилмайди, деганлар»[8].

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабрларни муайян кунда зиёрат қилиш, қабрлар олдида турли расм-русумлар ўтказиш, ўша ерда тунаш ва эътикоф ўтириш каби ишлар Ислом динидан эмас, балки бутпарастлар динидандир.

Қабрларга муайян вақтда бориш ёки у жойни байрамгоҳ қилиб олиш ҳадисларда очиқчасига қайтарилган ва огоҳлантирилган ишлардандир. Чунки унинг ортидан талай ёмонликлар келиб чиқади. Шу боис ҳадисларда ширк эшигини тўсиш ва тавҳидни ҳимоя қилиш учун ундан очиқчасига қайтарилди.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Уйларингнизни мозорга айлантирманг, менинг қабримни байрамгоҳ қилиб олманг. Менга салавот айтинг. Зеро, қаерда бўлманг салавотингиз менга етиб боради»”[9]. Абу Довуд ҳасан санад билан ривоят қилган, ровийлари «сиқа» (ишончли) ровийлардир»[10].

[1] Абу Довуд ривояти, 2042. Нававий «Риёз ас-солиҳин»да (484-бет, 1409-рақам) саҳиҳ деган (Ҳадислар тахрижи Албонийга оид. «Ал-мактаб ал-исломий» нашри, биринчи нашр, 1412 ҳ.й.) Ибн Қаййим: «Бу ҳасан санад, ровийларининг барчаси машҳур «сиқа» (ишончли) кишилардир», деган («Иғосат ал-лаҳфон», 1/177).
[2] «Иғосат ал-лаҳфон», 1/179.
[3] Яъни ўзларининг қабрлари (Тарж.).
[4] Аввалги манба, 1/77.
[5] «Иқтизо ас-сирот ал-мустақим», 2/172.
[6] «Ал-меъёр ал-муъриб», 1/321.
[7] Ҳадис тахрижи 83-масалада ўтди.
[8] «Ад-дурар ас-санийя», 5/160.
[9] Ҳадис тахрижи масала аввалида берилди.
[10] «Мажмуъ ал-фатово», 1/121, 62-рақам.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг