Муайян вақтларда қабр зиёратига одатланиш (2)

0

Миср диёри собиқ муфтийси Шайх Муҳаммад Мужоҳид айтади: «Турли мавсумлару байрамларда қабристонларга чиқиш асоссиз ва манфур бидъатлардан, Ислом шариатида далили бўлмаган ишлардандир. На Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва на саҳобалар замонида ундай иш қилинмаган, тобеинлардан ҳам шундай қилганлари ҳақида ривоят келмаган. Бу ишлар яқин ўтмишда ўйлаб топилган»[1].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Қабрларни жума куни зиёрат қилиш билан ҳафтанинг бошқа кунлари зиёрат қилиш ўртасида фарқ йўқ. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳафтанинг муайян кунини қабрлар зиёрати учун ажратганлари тўғрисида бирор ишончли хабар келмаган. Бинобарин, қабр зиёрати учун маълум кунни белгилаб олиш янги ўйлаб топилган бидъат бўлади. Дарҳақиқат, у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бизнинг шариатимиздан бўлмаган ишни пайдо қилса, у рад этилади”, деганлари[2] саҳиҳ ҳадисларда келган»[3].

Бошқа ўринда бундай дейди: «Байрам кунларини қабрлар зиёратига хослаб олиш бидъатдир»[4].

Шайхимиз Муҳаммад ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабристонларга ҳайит кечасида чиқиш гарчи зиёрат мақсадида бўлса ҳам бидъатдир. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам на ҳайит кечасини ва на ҳайит кунини қабристонлар зиёрати учун хослаганлари ҳадисларда келмаган. Дарҳақиқат, у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлари ривоят қилинган: “(Динда) янги ўйлаб топилган ишлардан сақланинглар. Зеро, ҳар бир янги ўйлаб топилган иш бидъат, ҳар бир бидъат залолат ва ҳар бир залолат дўзахдадир[5]. Киши ибодатларида ҳамда Аллоҳга яқинлашиш мақсадида қилаётган ҳар бир ишида Аллоҳ таолонинг шариатига мувофиқ амал қилиши керак. Чунки қоидага кўра, жоиз эканига далил келмаган ҳар қандай ибодат тақиқланади ва ман этилади»[6].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Пайшанба кунини қабрлар зиёрати учун хослаб олиш динда бидъат пайдо қилишдир. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлари ривоят қилинган: “Ким бизнинг шариатимиздан бўлмаган ишни пайдо қилса, у рад этилади[7]. Аммо агар пайшанба ё бошқа қайсидир кун зиёрат учун қулайроқ бўлгани сабабли шу кунни қабрлар зиёрати учун ажратса ва айнан шу кундаги зиёратни эътиқод қилмаса, бунинг зарари йўқ. Чунки қабрлар зиёрати эркаклар учун ҳар қандай вақтда, туну кун жоиздир»[8].

Жоҳилларнинг бидъатларидан яна бири «ражаб ойини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилишга хослаб олишдир. Улар бу зиёратни «ражабий зиёрат» деб номлаб олишган. Буларнинг бари жаҳолат ва кўрлик устига қурилган адашиш, Аллоҳ одамларга раҳмат ва яхшиларга хушхабар қилиб юборган Пайғамбар йўлидан узоқлашишдир.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар зиёрати учун на муайян бир ой ва на муайян кунни хослаб, ўша ой ёки кунда қилинган зиёратнинг бошқа кунлардан афзаллиги бор, деб билмас эдилар. Ким уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишларидан, деб иддао қилса, ёлғончи ва туҳматчи бўлади. Мана, саҳиҳ ҳадис китоблари олдимизда турибди, қани, шунга далолат қиладиган бирор гапни топинглар-чи!»[9]

Имом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шариатда жорий бўлган ибодат мавсумларидан бошқа мавсумлар пайдо қилиб олиш жоиз эмас. Масалан, «Мавлид кечаси» деб аталадиган, рабеул аввал ойининг баъзи кечаларида ўтказиладиган маросим ёки ражаб ойининг баъзи кечалари ёки зулҳижжа ойининг ўн саккизинчиси ёки ражаб ойининг илк жумаси ёки жоҳиллар «Ийдул аброр» (яхшилар байрами) деб атайдиган шаввол ойининг саккизинчисида ўтказиладиган маросим шулар жумласидан. Буларнинг бари салафлар ёқтирмаган ва қилмаган бидъатлар қабилидандир»[10].

Эътироз: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинишича, у зот: “Ким жума куни ота-онасининг ёки улардан бирининг қабрини зиёрат қилса ва Ёсин сурасини ўқиса, гуноҳлари кечирилади[11], деганлар-ку?»

Жавоб: «Бу санад билан келган ушбу ҳадис ботил ва асоссиздир»[12].

Эътироз: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ота-онасининг ёки улардан бирининг қабрини ҳар жума зиёрат қилса, гуноҳлари кечирилади ва ўзи ота-онасига яхшилик қилганлар сафидан жой олади[13], деганлар-ку?!»

Жавоб: «Ҳадис ўта заифдир. Заифлиги ва Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ йўл билан ривоят қилинмагани боис ҳужжатликка ярамайди»[14].

Яна бир эътироз: «Табароний Ҳорис ал-Аъвардан, у Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Икки ҳайитда қабристонга чиқиш суннатдир”»[15].

Жавоб: «Ҳадис санадида Ҳорис ал-Аъвар бор»[16] ва «у заиф ровийдир»[17].

[1] «Ал-фатово ал-исломийя мин дор ал-ифто ал-мисрийя», 20/7397, 3298-рақамли фатво.
[2] Ҳадис тахрижи 77-масалада ўтди.
[3] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 9/115, 8084-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳбарлиги остида.
[4] Аввалги манба, 9/109, 6167-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.
[5] Ҳадис тахрижи 163-масалада берилди.
[6] «Фатово исломийя», 2/57.
[7] Ҳадис тахрижи 77-масалада ўтди.
[8] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 9/107, 2927-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.
[9] Шайх Аҳмад Шокир раҳимаҳуллоҳнинг «Мин бидаъ ал-қубур» мақоласига «Ал-ҳадй ан-набавий» журналининг изоҳи. «Жамҳарату мақолот ал-аллома аш-шайх Аҳмад Муҳаммад Шокир раҳимаҳуллоҳ», 2/548.
[10] «Мажмуъ ал-фатово», 25/298.
[11] Ибн Адий «Ал-комил фий зуафо ар-рижол»да (6/260, 1316-рақам) келтирган.
[12] Аввалги манба.
[13] Ибн Абу Дунё (вафоти: 281 ҳ.) «Макорим ал-ахлоқ» китобида (83-бет, 249-ҳадис) келтирган.
[14] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 9/112, 7777-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳбарлиги остида.
[15] «Ал-муъжам ал-авсат», 4/224, 4040-ҳадис.
[16] «Ал-жавҳар ан-нақий», 3/295.
[17] «Мажмаъ аз-завоид», 2/206.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг