Чақалоққа оид ҳукмлар (37): Болага исм қўйиш вақти ҳақида

0

Саккизинчи боб
Болага исм қўйиш, исм қўйиш ҳукмлари ва вақти ҳақида

Бу боб ўн бўлимдан иборат:

Биринчи бўлим: исм қўйиш вақти ҳақида;

Иккинчи бўлим: исмлардан мустаҳаб, ҳаром ва макруҳ бўлганлари ҳақида;

Учинчи бўлим: манфаат юзасидан бир исмни бошқасига ўзгартириш мустаҳаб экани ҳақида;

Тўртинчи бўлим: чақалоқни «абу Фалон» дея куня билан чақириш жоиз экани ҳақида;

Бешинчи бўлим: исм қўйиш онанинг эмас, отанинг ҳаққи экани ҳақида;

Олтинчи бўлим: исм, куня ва лақаб ўртасидаги фарқ ҳақида;

Еттинчи бўлим: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари билан исмланиш, кунялари билан куняланиш, иккаласини жамлаш ва ажратиш ҳақида ва унга оид ҳадислар зикри;

Саккизинчи бўлим: бирдан ортиқ исм қўйиш жоизлиги ҳақида;

Тўққизинчи бўлим: исмнинг исм эгасига боғлиқлик тарафи ва иккаласи ўртасидаги боғлиқлик баёни;

Ўнинчи бўлим: одамлар қиёмат куни оналарига эмас, оталарига нисбат берилиб чақирилиши ҳақида.

Биринчи бўлим
Исм қўйиш вақти ҳақида

Халлол «Жомеъ»да айтади: «Болага исм қўйиш боби». Менга Абдулмалик ибн Абдулҳамид айтиб берди: «Болага неча кунда исм қўйилиши ҳақида гаплашдик. Шунда Абу Абдуллоҳ (Имом Аҳмад) бизга бундай деди: “Собит ривоят қилишича, Анас учинчи куни исм қўяр эди. Самура эса еттинчи куни исм қўйилишини айтади”. Яъни Самурадан ривоят қилинган ҳадис болага еттинчи куни исм қўйилишини англатади».

Менга Жаъфар ибн Муҳаммад хабар беришича, Яъқуб ибн Бухтон уларга бундай деган экан: «Абу Абдуллоҳ деди: “Анаснинг ҳадисига кўра учинчи куни, Самуранинг ҳадисига кўра еттинчи куни исм қўйилади”. Кейин Самуранинг ҳадисини айтиб берди».

Бизга Муҳаммад ибн Али сўзлаб беришича, Солиҳ уларга бундай деган экан: «Отам: “Еттинчи куни исм қўйилиши мустаҳаб саналар эди”, деди, кейин Самуранинг ҳадисини зикр қилди».

Ибн Мунзир «Ал-авсат» китобида айтади: «Болага еттинчи куни исм қўйиш ҳақида. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда у зот чақалоққа еттинчи куни исм қўйишга буюрганлар. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинган мазкур ҳадисни санадлари билан келтирдик».

Ибн Мунзир бу билан Ибн Исҳоқ Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, отаси бобосидан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни назарда тутмоқда: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чақалоқ туғилгач еттинчи кунида унга исм қўйиш, ақиқа қилиш ва ундан озорни кетказишга буюрдилар». Бу ҳадис ва Самуранинг ҳадиси ҳақида аввалроқ сўз юритилди.

Байҳақий «Сунан»да айтади: «Чақалоқ туғилиши билан унга исм қўйиш ва шундай қилиш еттинчи куни исм қўйишдан тўғрироқлиги ҳақида боб»[1].

Кейин қуйидаги ҳадисни келтиради: Ҳаммод ибн Салама Собитдан, у Анасдан ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Абу Талҳа туғилганида уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб бордим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам туяларига қатрон суртиб турган эканлар. Шунда у зот: “Ёнингда хурмо борми?” деб сўрадилар. Мен: “Ҳа”, дедим ва у зотга бир неча хурмо бердим. У зот хурмоларни оғизларига солиб чайнадилар, кейин боланинг оғзини очдилар ва (чайналган хурмони) унинг оғзига солдилар. Бола хурмони тамшаниб сўра бошлади. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хурмо ансорларнинг жону дилидир”, дедилар».

Ҳадисни Бухорий ва Муслим «Икки саҳиҳ тўплам»да Анас ибн Сирин Анас ибн Моликдан ривоят қилган санад билан келтирганлар[2].

Кейин бу ҳадисни келтиради: Язид ибн Абдуллоҳ Абу Бурдадан, у Абу Мусодан ривоят қилади: «Ўғлим туғилганида уни Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келдим. У зот унга Иброҳим деб исм қўйдилар ва хурмо билан танглайини кўтардилар»[3].

Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ»ларида Саҳл ибн Саъд ас-Соидий разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Мунзир ибн Абу Усайд туғилганида уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни сонларига қўйдилар. Абу Усайд ҳам (ўша мажлисда) ўтирган эди. Шу пайт Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам нима биландир чалғиб қолдилар. Абу Усайд болага ишора қилган эди, уни Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиззаларидан олдилар. Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бола қани?” деб сўрадилар. Абу Усайд: “Уни (сиздан) олдик, ё Расулуллоҳ”, деди. У зот: “Унинг исми нима?” дедилар. Абу Усайд: “Фалончи”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, унинг исми «Мунзир» (бўлсин)”, дедилар»[4].

(Давоми бор)

[1] «Сунани Байҳақий», 9/305.
[2] Бухорий «Ақиқа» китоби, «Тасмият ал-мавлуд» бобида (9/587) ва бошқа ўринларда келтирган. Муслим «Одоб» китоби, «Истиҳбоб таҳник ал-мавлуд» бобида (3/1689, 2144-ҳадис) ривоят қилган.
[3] «Сунани Байҳақий», 9/305.
[4] Бухорий (10/575) ва Муслим (3/1692, 2149-ҳадис) ривояти.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг