Макка мактаби:
Ушбу мактаб Ҳарам диёрида истиқомат қилувчи, шунингдек ҳаж ва умрага келувчи мўминлар қалбидан алоҳида ўрин олган эди. Макка уни кўрган, ё кўришни орзу қилган ҳар бир мўминнинг қалбини ўзига асир этарди. Саҳобалар даврида Маккада илм у қадар кучли ривожланмаган эди, саҳобалар асри охирларига келиб, шунингдек, тобеинлар даврида у ерда илм ривож топди, Ибн Абу Нажиҳ, Ибн Журайж каби забардаст уламолар етишиб чиқди. Маккада илм зиёси хусусан умматнинг энг олими, Қуръон таржимони, бутун куч-ғайратини тафсир илмига бахш этган саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо даврида порлади. Ибн Аббос жуда кўп замондошларига тафсир илмидан дарс берди. Унинг шогирдлари ичидан машҳур олимлар етишиб чиқди.
Уламолар Ибн Аббос разияллоҳу анҳумони Аллоҳнинг китобини тушуниш ва тафсир қилишда бошқа саҳобалардан устун ва пешқадам қилган бир қанча сабабларни санаб ўтганлар. Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, бунга энг аввал Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг унинг ҳаққига динда фақиҳ ва тафсир илмида билимдон бўлишини сўраб қилган дуолари; катта саҳобалардан илм олгани; ижтиҳоди кучли бўлгани; оятлардан ҳукм чиқаришга моҳирлиги; тафсирга қаттиқ аҳамият бериши; таълимда ўзига хос йўли; илм тарқатишга қаттиқ қизиқиши ва бу йўлда қилган сафарлари; кеч вафот этгани каби сабаблар бор. Шунингдек, у Умар разияллоҳу анҳуга энг яқин кишилардан бири эди. Умар разияллоҳу анҳу ундаги заковат, кучли фаҳм-фаросат ва истеъдодни кўргач, ўзига яқин олиб, доим илм мажлисларига чақирар, ёш бўлишига қарамай маслаҳатли ишларда катта саҳобалар қаторида унинг фикрларига диққат билан қулоқ солар, мураккаб оятлар маъносини англашда унинг сўзларини инобатга олар эди. Бу эса ҳали ёш йигит бўлган Ибн Аббоснинг илмга қизиқишини янада оширар, тафсир ва бошқа илмларда янада юксалишига туртки бўлар эди.
Омир Шаъбий ривоят қилади: Ибн Аббос деди: “Отам менга: “Амирулмўъминин сени ўзига яқин олаётганини, катта саҳобалар қаторида сенинг фикр ва маслаҳатларингга қулоқ солаётганини кўряпман. Уч нарсани ҳамиша ёдингда тут: Аллоҳдан қўрқ ва амирулмўъмининнинг бирон сирини очма; ҳеч қачон унга ёлғон сўзлама; унинг ҳузурида бировни асло ғийбат қилма”, деб насиҳат қилдилар”[1].
Умар разияллоҳу анҳу уни катта саҳобалар қаторига қўшган эди. Бунга сабаб эса унда ўткир фаҳм, кучли заковат, фикри тўғрилик, истинботга (далиллардан ҳукмлар олишга) ўта моҳирлик хусусиятларини кўргани эди. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари билан ўтирганимизда Умар ўртага савол ташлар, менга: “Аввал улар сўзласинлар, кейин сен сўзлайсан”, дер эди. Мен сўзлаганимдан кейин “Ҳали кўп иш кўрмаган шу ёш йигитнинг фикри менга кўпроқ маъқул бўлди”, дер эди.
Ибн Аббос одоб юзасидан ўзидан ёши катталар бўлган мажлисда то сўзлашга изн берилмагунча сўзламас эди. Умар разияллоҳу анҳу буни яхши билгани туфайли уни илмга рағбатлантириш ва руҳлантириш учун сўзлашга тарғиб қилар ва албатта сўз бораётган масаладаги фикрини сўрар эди[2]. Қуйидаги икки воқеа шунга мисол бўлади:
Бир куни Умар разияллоҳу анҳу саҳобалардан: “Мана бу оят нима ҳақида тушган деб биласизлар?” деб, қуйидаги оятни ўқиди: “Сизлардан биронтангиз тагларидан дарёлар оқиб турувчи, хурмою узумлари бор, ҳар турли меваларга тўла боғи бўлиб, кексайиб нимжон болалари билан қолган пайтида ўша боғини ўтли бўрон уриб, ёниб битишини истайдими? Шундай қилиб, тафаккур қилишингиз учун Аллоҳ сизларга Ўз оятларини баён қилади” (Бақара, 266). Улар: “Аллоҳ билгувчироқ”, деб жавоб бердилар. Умарнинг жаҳли чиқиб: “Ё биламиз денглар, ё билмаймиз денглар”, деди. Шунда Ибн Аббос: “Эй амирулмўъминин, бу ҳақда менинг кўнглимда бир гап бор”, деди. “Айтавер эй жиян, ўзингни паст санама”, деди Умар. Ибн Аббос деди: “Бу оят амал учун зарбулмасал бўлиб келган”. “Қайси амал учун?” сўради Умар. “Амал учун”, деди яна Ибн Аббос. Умар деди: “Бу бой киши учун (зарбулмасалки), Аллоҳ азза ва жаллага тоат-ибодат билан амал қиларди. Кейин Аллоҳ унга шайтонни юборди, (у шайтонга эргашиб) гуноҳ ишларни қилди ва охир-оқибат солиҳ амалларини зое қилди”[3]. Бошқа бир ривоятда: Ибн Аббос деди: “Бу билан амал мақсад қилинган. Одам боласининг боғига энг кўп эҳтиёжи тушадиган пайти кексайган ва бола-чақаси кўп бўлган пайтидир. Одам боласининг ўз амалига энг кўп эҳтиёжи тушадиган пайти охират кунидадир”. Шунда Умар: “Тўғри айтдинг, эй жиян”, деди[4].
Имом Бухорий санади билан Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: “Умар мени Бадрда иштирок этган катта саҳобалар қаторига киритганди. Улардан баъзилари: “Нега бу йигитчани бизнинг қаторимизга қўшасиз, бизнинг ҳам у тенги ўғиллармиз бор-ку”, дейишди. “Унинг кимлигини ўзингиз яхши биласиз”, деб жавоб берди Умар. Сўнг бир куни уларни чорлади, мени ҳам улар билан чақирди. Ўйлайманки, у ўша куни менинг кимлигимни уларга кўрсатиб қўйиш учунгина чақирган бўлса керак. Сўнг: “Манави оятлар ҳақида нима дейсизлар?” деб, “Иза жаа-а насруллоҳи” (“Наср”) сурасини охиригача ўқиди. Баъзилари: “Бизга нусрат ва фатҳ келганида Аллоҳга ҳамду сано ва истиғфор айтишга буюрилдик”, дедилар. Баъзилари: “Билмаймиз”, дейишди, баъзилари ҳеч нарса демади. Сўнг менга: “Эй Ибн Аббос, сен ҳам шундай дейсанми?” деди. Мен: “Йўқ”, дедим. “Хўш, сен нима дейсан?” деди. Мен дедим: “У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ажаллари ҳақида эди. Аллоҳ у зотга билдирдики, “Аллоҳнинг ёрдами ва Макка фатҳи келса, бу сенинг ажалинг аломатидир. Бас, Раббингга ҳамд билан истиғфор айт, У тавбаларни қабул қилувчидир”. Умар: “Мен ҳам сен айтгандек деб биламан”, деди[5].
Умар разияллоҳу анҳунинг ёшлар учун хос давраси бўлиб, унда ёшларнинг сўзларига қулоқ тутар, уларга таълим-тарбия берар эди. Ибн Аббос Умар ҳузурида энг пешқадамлардан эди. Абдураҳмон ибн Зайд айтади: Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу чошгоҳ намозини ўқигач, хурмо сақланадиган хонага кириб ўтирар ва Қуръон ўқийдиган ёш йигитларни ҳузурига чорлар эди. Улар ичида Ибн Аббос ҳам бўларди. Сўнг улар билан Қуръонни ўқиб-ўрганишар эди. Бир куни мана бу оят устида тўхталишди: “Унга: «Аллоҳдан қўрқ», дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга етаклайди. Унга жаҳаннам азоби етарлидир. Жаҳаннам нақадар ёмон жой! Одамлар орасида Аллоҳ ризолиги йўлида ўз жонини берадиган зотлар ҳам бор. Аллоҳ бандаларига меҳрибондир” (Бақара, 206-207). Шунда Ибн Аббос ёнидагиларга деди: “Икки одам тўқнашди”. Бу гап Умар разияллоҳу анҳунинг қулоғига чалингач: “Нима дединг?” деб сўради Ибн Аббосдан. “Ҳеч нарса, эй амирулмўъминин”, деди Ибн Аббос. “Йўқ, нимадир дединг-ку”, деди Умар. Ибн Аббос деди: “Фикримча, бу оятда бир киши ҳақида гап бормоқдаки, уни Аллоҳдан қўрқишга буюрилса, иззат-нафси ва кибру ҳавоси йўл қўймасдан, гуноҳга етаклайди. Бошқа бир киши борки, ўз жонини Аллоҳ розилигини қўлга киритиш учун сотган. Буниси туриб, унисини Аллоҳдан қўрқишга буюради. Униси қабул қилмасдан иззат-нафси ғолиб келса, буниси “Мен жонимни сотаман”, дейди ва иккаласи тўқнашади”. Умар: “Аллоҳ ажрингни берсин, эй Ибн Аббос» деб, уни олқишлади[6].
Умар разияллоҳу анҳу Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан Қуръондан баъзи оятлар маъносини сўрар, сўнг: “(Тафсир уммонига) шўнғи, эй ғаввос”, дер эди[7].
Умар разияллоҳу анҳу бирор чигал масала чиқиб қолганида: “Эй Ибн Аббос, чигал масала чиқиб қолди, бундай масалаларга сен жавоб бера оласан”, дерди, сўнг унинг фикрини оларди.
Саъд ибн Абу Ваққос айтади: Умар ибн Хаттоб чигал масалалар жавобига Ибн Аббосни чорлар, сўнг унинг фикрини қабул қилар эди. Ҳолбуки, унинг атрофида муҳожир ва ансорлардан иборат Бадр аҳли бўлар эди[8]. Ибн Аббос кириб келса, Умар уни алқаб: “Мўйсафидларга тенг йигит, сўровчи тил ва теран ақл эгаси келди”, дер эди[9].
Талҳа ибн Убайдуллоҳ айтади: Умар ибн Хаттоб бирон кишини Ибн Аббосдан устун кўрганини билмайман[10]. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу билан кўп бирга бўлар, ундан билмаганларини сўраб ўрганишга қизиқар эди. Шунинг учун саҳобалар ичида Умардан энг кўп ривоят қилган Ибн Аббос саналади. У Умар разияллоҳу анҳунинг илми ва тафсиридан жуда кўп ривоят қилган. Баъзи олимлар Ибн Аббос деярли барча илмини Умар разияллоҳу анҳудан олган, деб айтганлар[11].
Ушбу айтиб ўтилганлар Макка мактаби имоми Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо Умар Форуқ томонидан кўрган эътибор ва эҳтиромлардан баъзилари эди. Ўйлашимча, бу эътибор Ибн Аббосни илмда, хусусан тафсир илмида шу қадар етук олим бўлиб етишишига руҳлантирган омиллардан эди.
[1] “Ҳиля”, 1/318. “Тафсир ат-тобеин”, 1/376.
[2] “Тафсир ат-тобеин”, 1/377.
[3] “Фатҳул Борий” (8/49).
[4] Доктор Яҳё ал-Яҳё. “Ал-хилафатур рошида вад-давлатул умавийя”, 305-бет.
[5] Бухорий ривояти, 4294.
[6] “Тафсир ат-Табарий”, 4/245. “Ад-дуррул-мансур», 1/578.
[7] Имом Аҳмад. “Фазоил ас-саҳоба”, 1940.
[8] Ибн Саъд. “Табақот”, 2/369.
[9] “Тафсир ат-тобеин”, 1/379; Имом Аҳмад. “Фазоил ас-саҳоба”, 1555.
[10] Ибн Саъд. “Табақот”, 2/370.
[11] “Тафсир ат-тобеин”, 1/381.