Муслима аёлнинг дастури (4): Маҳсига масҳ тортиш

0

4. Маҳсига масҳ тортиш

Маҳси деганда тери ва шунга ўхшаш нарсалардан тикилган, оёқ тўпиқларини ёпиб турадиган пойабзал назарда тутилади.

Пайпоқ деганда пахта, жун ва шунга ўхшаш нарсалардан тўқилган, оёқ тўпиқларини ёпиб турадиган нарса назарда тутилади.

Маҳсига масҳ тортишнинг ҳукми

Уламолар маҳсига масҳ тортиш жоизлигига ижмо қилишган. Маҳсига масҳ тортиш Аллоҳ бандаларга берган рухсат – қулайликдир.

Масҳ муддати

Муқим (сафарда бўлмаган киши) бир кеча-кундуз, мусофир (сафардаги киши) уч кеча-кундуз маҳсисини ечмасдан масҳ тортиб юриши мумкин.

Масҳ муддатининг бошланиш вақти

Таҳорат бузилгандан сўнг маҳсига тортилган илк масҳдан сўнг масҳ муддати бошланади. Масалан, муслима аёл аср намозига азон айтилгандан сўнг таҳорат олиб, маҳсиларини кийган ва хуфтон намозининг азонигача таҳорат билан юрган, сўнгра таҳорати бузилгач, хуфтон учун таҳорат олиб, маҳсиларига масҳ тортган бўлса, бу ҳолатда масҳ муддати маҳсиларни кийган пайтдан эмас, хуфтонда уларга масҳ тортган вақтдан бошланади.

Маҳсига масҳ тортиш шартлари

  1. Маҳсини таҳоратли ҳолатда кийиш;

  2. Маҳсининг тоза бўлиши;

  3. Оёқни ёпиб туриши, яъни оёқнинг таҳоратда ювиладиган жойларини ёпиб туриши;

  4. Таҳоратсизлик сабабли масҳ тортилган бўлиши. Негаки, жунубликдан ғусл қилинганда маҳсилар ечилиб, оёқлар ҳам ювилади.

Маҳсига масҳ тортиш тартиби

 Сув билан ҳўлланган қўл бармоқларини маҳсининг устига қўяди, сўнг оёқ бармоқлари томондан болдирга қаратиб қўлларини юргизади. Ўнг оёққа ўнг қўли, чап оёққа чап қўли билан масҳ тортади. Маҳсининг уст томонига бир марта масҳ тортилади, остига масҳ тортилмайди.

  • Ким масҳ муддати тугагандан кейин намоз ўқиган бўлса, намози ботил бўлади. Ўша намозини қайтадан ўқиши лозим.

  • Агар муқим ҳолатида маҳсига масҳ тортган, сўнгра сафарга чиққан бўлса, мусофирга тегишли масҳ муддати давомида масҳ тортиши жоиз (рожиҳ фикрга кўра).

  • Агар мусофир ҳолатида маҳсига масҳ тортган, сўнгра муқим бўлган бўлса, муқимга тегишли масҳ муддати тугагунга қадар маҳс тортади (рожиҳ фикрга кўра).

Изоҳ қолдиринг