Муслима аёлнинг дастури (5): Ғусл аҳкомлари

0

1. Ғусл аҳкомлари

Ғусл – бутун баданга махсус шаклда сув етказиш демакдир.

Ғуслни вожиб қиладиган ҳолатлар

Биринчи: эркак ёки аёлнинг жинсий аъзосидан шаҳват билан маний чиқиши.

Иккинчи: Эркак ва аёлнинг қўшилиши, гарчи маний тўкилмаса ҳам.

Учинчи: Кофирнинг мусулмон бўлиши.

Тўртинчи: Ўлим. Маййитни ғусл қилдириш вожиб. Фақат жангда шаҳид бўлган киши ювилмайди.

Бешинчи: Аёл кишининг ҳайздан покланиши.

Олтинчи: Аёл кишининг нифосдан покланиши.

Ғуслнинг кўринишлари

Ғусл қилишнинг икки хил кўриниши бор:

  • Мустаҳаб — комил ғусл;

  • Энг камида бажариш вожиб бўлган кифоя қиладиган ғусл.

Биринчи: комил ғусл қилиш тартиби:

  1. Дастлаб қалбида ғусл қилишни ният қилади;

  2. Сўнг «бисмиллоҳ» деб, икки қўлини уч марта ювади. Кейин жинсий аъзосини ювади;

  3. Сўнг комил таҳорат қилади;

  4. Сўнг бошига уч марта сув қуйиб, қўллари билан сочлари остига сув етказади;

  5. Сўнг бутун баданига сув етказиб, қўллари билан ишқалаб ювади. Бунда дастлаб ўнг томонига, сўнг чап томонига сув қўяди.

Иккинчи: энг камида кифоя қиладиган ғусл қилиш тартиби:

Оғиз ва бурун чайилгандан кейин, бутун баданга сув етказилади. Оғиз ва бурун юздан бўлгани боис, ғусл қилганда албатта чайилиши лозим.

Ғусл қилиш мустаҳаб ҳолатлар

  • Ҳайит намози учун ғусл қилиш;

  • Истиҳоза қони кўрган аёлнинг ҳар бир намоз учун ғусл қилиши;

  • Эҳром кийишдан олдин ғусл қилиш.

Ғуслга тегишли масалалар

  • Ғусл қилаётган аёл киши сочлари остига, баданининг сув етиши қийин бўлган жойларига, томоғи остига, қўлтиқлари остига, киндигига, тиззаларининг орқасига сув етишига эътибор бериши лозим. Соат ёки узук таққан бўлса, уларни қимирлатиб, остига сув етказади.

  • Ғуслни тўла-тўкис қилиши, баданидан бирон жойига сув етмай қолмаслигига қаттиқ аҳамият бериши керак. Ғуслда сувни ортиқча исроф қилиб ишлатиш яхши эмас. Динимизнинг кўрсатмаси имкон қадар озроқ сув билан мукаммал покланиб ювинишдир.

  • Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир муд (ярим литр атрофида) сув билан таҳорат, бир соъ (икки литр атрофида) сув билан ғусл қилардилар.

  • Жунуб ҳолатидаги аёл ғусл қилмасдан ухлаши жоиз, лекин таҳорат қилиб ётиши афзалдир.

  • Ғусл қилувчи аёлнинг сочи ўрилган (турмакланган) бўлса, сочини ёйиши вожиб эмас, балки бутун сочига сув етказиш вожибдир. Шу сабаб, ўрилган сочларини сувнинг остига тутади, сўнгра сиқиб ташлайди. Шу тариқа бутун сочига сув етказган бўлади.

Изоҳ қолдиринг