Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Мўъмин исмининг маъноси

0

Мўъмин сўзи арабча “иймон” сўзидан олинган. Иймон сўзи луғатда ишониш ҳамда хавфу хатарлардан сақлаш, хотиржам қилиш маъноларини ифодалайди. Юсуф алайҳиссаломнинг акалари дадаларига қарата: “Сиз бизга ишонмайсиз” (Юсуф: 117) – дейишганида иймон сўзи “ишониш” маъносида келган. Аллоҳ таоло Қурайшга берган неъматларини эслатар экан: “Уларни хавф-хатарлардан сақлади!” (Қурайш: 4) – деганида иймон сўзи иккинчи маъносида, яъни “хотиржам қилиш” маъносида ишлатилган.

Аллоҳ таолонинг Мўъмин исми Қуръони Каримда бир марта, Ҳашр сурасининг 23-оятида зикр қилинган: “У Аллоҳ шундай зотдирки, ундан бошқа ҳеч қандай илоҳ йўқ. У Малик (яъни ёлғиз Подшоҳ), Қуддус (яъни барча айбу нуқсонлардан Пок), Салом, Мўъмин, Муҳаймин, Азиз, Жаббор ва Мутакаббирдир” (Аҳзоб: 44).

Заҳҳок Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Аллоҳ таолонинг Мўъмин исми “бандаларига зулм қилмайдиган ва бандалари ҳам У зотнинг зулм қилмаслигидан хотиржам бўлган Зот” маъносини ифодалайди.

Ибн Жарир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Мўъмин – бандаларига ўзи тарафидан зулм бўлиб қолишидан уларни хотиржам қилган Зот, дегани”.

Шавконий роҳимаҳуллоҳ: “Мўъмин – Ўз раҳмати билан бандаларини Ўзининг азобидан сақлайдиган зот” – деган.

Аллоҳ таоло азобга лойиқ бўлмаганларни азобламайди, мўмин бандаларига қиёмат кунида омонлик ато этади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 82-оятида: “Иймон келтириб, иймонларига зулм (ширк) аралаштирмаганлар – ана ўшаларга (охиратда жаҳаннам азобидан) омонлик-хотиржамлик бўлади ва улар ҳидаятдаги кишилардир” – деган. Фуссилат сурасининг 40-оятида эса: “(Охиратда) дўзахга улоқтириладиган киши яхшими ёки қиёмат куни (Аллоҳнинг азобидан) хотиржам бўлиб келадиган кишими?!” – дейилган.

Мўмин киши мўмин-мусулмонларга зарар бермаслиги, барча мўминлар унинг тили ёки қўли орқали зарар келмаслигидан хотиржам бўлишлари керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч марта: “Аллоҳга қасамки, мўъмин бўла олмайди” – дедилар. Буни эшитган саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, ким?” – деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўшниси унинг ёмонликларидан омон қолмайдиган киши” – дедилар[1]. Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омон қолган кишидир” – деганлар[2].

[1] Бухорий ривояти, 7016-ҳадис.

[2] Бухорий (9, 10, 6484) ва Муслим (40, 42) ривояти.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг