Муслима аёлнинг дастури (8): Ҳайз аҳкомлари

0

Ҳайз деб аёл кишининг бачадонидан маълум вақтларда оқадиган табиий қонга айтилади.

Ҳайз кўриш ёши

Ҳайз кўришнинг қуйи чегараси тўққиз ёшдир. Ундан олдин қон келса, бирон касаллик туфайли келган истиҳоза қони ҳисобланади. Ҳайз кўриш ёшининг юқори чегараси йўқ.

Ҳайз муддати

Ҳайзнинг энг оз муддати бир кеча-кундуз, энг кўпи ўн беш кундир. Бир кеча-кундуздан ози, ўн беш кундан кўпи истиҳоза қони ҳисобланади.

Одатда аксарият аёлларнинг ҳайз кўриш муддати олти ёки етти кундир. Аёл киши ҳайз кўрадиган муддатини билиб олиши лозим. Яъни ҳайз муддати ўзгарса, бу ўзгариш юз беришидан олдинги одатига қайтиши учун уни билиши лозим.

Ҳайз кўрадиган аёлларга тааллуқли ҳукмлар

  1. Ҳайзли аёл ҳайз мобайнида намоз ўқимайди ва рўза тутмайди. Ҳайзли ҳолида бу ибодатларни қилиши ҳаромдир. Ҳайздан поклангандан сўнг, фақат рўзанинг қазосини тутиб беради, намознинг қазосини ўқимайди.

  2. Ҳайзли аёл Байтуллоҳни тавоф қилиши, масжидда ўтириши ва қолиши мумкин эмас.

  3. Ҳайзли аёл Қуръонни ушламайди. Фақат эҳтиёж бўлганда (ғилоф, қўлқоп ва мато каби қўлнинг мусҳафга бевосита тегишидан) тўсиб турувчи нарса билан ушлаши мумкин.

  4. Тафсир, ҳадис, тавҳид ва шунга ўхшаш китобларни ўқиши жоиз. Дуо, истиғфор ва зикрларни кўпайтириши мустаҳабдир.

  5. Ҳайз қони тўхтаб, ғусл қилмагунича эр у билан яқинлик қилиши ҳаром. Ҳайзли аёлнинг эри унга қўшилишдан бошқа, бўса олиш, қучоқлаш кабилар билан лаззатланиши жоиздир.

  6. Ҳайз кўрган аёлдан видолашув тавофи соқит бўлади. Аёл киши ҳаж амалларини охирига етказгандан сўнг, юртига кетишидан олдин ҳайз кўриб қолса, видолашув тавофини қилмасдан юртига кетаверади.

Ҳайзнинг тугаши ва поклик

Бу ўриндаги поклик ҳайз қонининг тўхташи демакдир.

Ҳайз қони тўхтаса, аёл киши покланган ва ҳайз даври тугаган ҳисобланади. Хоҳ одат кунлари узайган ёки қисқарган бўлсин, хоҳ олдинроқ ёки кейинроқ ҳайз кўрган бўлсин, ҳайз тўхтагандан сўнг ғусл қилиш вожиб бўлади. Шундан сўнг унга ҳайз сабабли ман қилинган ишларнинг барчасини қилиш мумкин бўлади. Покликдан сўнг сарғиш ёки лойқаранг сувни (ажралмани) кўрса, унга (ҳайз сифатида) эътибор бермайди.

Аёлларда одатнинг ўзгариш сабаблари

  1. Ҳайз келишини тўхтатиб турувчи дорилар. Бу дорилар аёлнинг одатини олдинга ёки кейинга сурилишига, муддатининг узайиши ёки қисқаришига таъсир қилади.

  2. Ҳомиладорликни ман қилувчи спирал. Одатда бундай воситалар ҳомиладор бўлишни олдини олиш учун қўйилади. Улар бачадондан қон ажралиб чиқишини камайтиргани боис, ҳайз муддатини узайтиради.

Ҳайз тугаганини билиш икки хил бўлади:

  1. Оқ рангдаги намликнинг кўриниши. У ҳайзнинг сўнггида аёл кишининг жинсий аъзосидан чиқадиган оқ рангли шилимшиқ суюқликдир.

  2. Қоннинг қуриши ва жинсий аъзонинг ундан покланиши. Буни жинсий аъзосига қўйилган пахта парчасининг рангги ўзгармаслигидан билиш мумкин.

Аёлнинг жинсий аъзосидан жуда оз миқдорда қон томчилари чиқса нима қилади?

  1. Агар бу ҳолат ҳайз кўриш вақтида юзага келган бўлса, ҳайз ҳисобланади.

  2. Агар ҳайз кўриш вақтидан бошқа пайтда юзага келган ва одатий ҳайз қонига ўхшамаса, бунга эътибор қилмайди.

  • Бир аёлнинг ҳайзи билинган одатига мувофиқ тўхтаса, сўнгра бирон оғир иш қилиши ёки ундан бошқа сабаб туфайли такрор қон келса, у ҳайз қони ҳисобланмайди. Бинобарин, бу қон уни намоз ва рўзадан тўсмайди.

  • Аёл киши жинсий аъзосида сарғиш ёки жигарранг қон ёки шунчаки намликни поклик даврида кўрса, ҳайз ҳукмида бўлмайди. Рўзасини тутиб, намозини ўқийверади.

Истиҳоза ва унга доир ҳукмлар

Ҳайз вақтидан бошқа вақтларда бачадоннинг тубидаги “озил” деб номланган томирдан оқиб турадиган қонга истиҳоза қони дейилади. Истиҳоза қони тўхтовсиз келиб туриши ёки бир-икки кун каби қисқа муддатга тўхтаб, яна давом этиши ҳам мумкин.

Ҳайз қони билан истиҳоза қони ўртасидаги фарқ

1) Қоннинг рангги. Ҳайз қони қорамтир, истиҳоза қони эса қизил бўлади.

2) Қоннинг суюқ ёки қуюқлиги ва ҳиди. Ҳайз қони қуюқроқ ва нохуш ҳидли бўлса, истиҳоза қони унга нисбатан суюқроқ бўлиб, ҳидсиз бўлади.

3) Қоннинг қуюлувчанлиги. Ташқарида чиққан ҳайз қони қуюлмайди, истиҳоза қони эса қуюлади.

4) Касалликка боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги. Ҳайз қони табиий қон бўлса, истиҳоза қони бирон касаллик ва бузилиш натижасидаги қондир.

Истиҳоза кўрган аёлнинг ҳолатлари

Биринчи ҳолат:

Истиҳоза қони кўришдан олдин аёл кишининг маълум кунлар ҳайз кўриш одати бўлиши. Масалан, истиҳоза бўлишдан олдин ойнинг бошида ёки ўртасида беш кун ёки саккиз кун ҳайз кунлари бўлади. Аёл киши ҳайз бўлиш кунларининг саноғини ҳам, қачон келишини ҳам билади. Бундай ҳолатдаги аёл ўзининг одат кунларида ҳайзли ҳисобланиб, намоз ўқимайди ва рўзани тутмайди. Ушбу кунлар ниҳоясига етгач, ғусл қилиб, намозини ўқийверади. Қолган кунлардаги қон истиҳоза қони деб эътибор қилинади.

Иккинчи ҳолат:

Агар аёл кишининг маълум одати бўлмаса, бироқ қони бошқа қонлардан ажралиб турса, яъни баъзи кунлардаги қон қорамтир рангли ёки қуюқ ёки ҳидли бўлиб, ҳайз қони белгиларига мос келса, бошқа пайтдаги қон эса қизил рангли, суюқ ва ҳидсиз бўлиб, ҳайз қони белгиларига эга бўлмаса, бу ҳолда ҳайз қони сифатидаги қонни ҳайз деб эътибор қилиб, намоз ўқимайди ва рўза тутмайди. Ундан бошқасини истиҳоза ҳисоблаб, ҳайз сифатидаги қон келиши тўхтагач, ғусл қилиб, намоз ўқийди, рўза тутади ва пок деб эътибор қилинади.

Учинчи ҳолат:

Агар аёлнинг маълум одати ҳам бўлмаса, қоннинг ҳайз ё истиҳозалигини ажратадиган белгиси ҳам бўлмаса, ҳар ойда олти ёки етти кун ҳайзга ҳисоблаб ўтиради. Чунки аксарият аёлларнинг одати шунчадир.

Пок деб ҳукм қилинган истиҳоза кўрган аёл бажариши лозим бўладиган ишлар:

1) Ҳайз деб эътибор қилинган кунлари ниҳоясига етгач, ғусл қилиши вожиб бўлади.

2) Ҳар намоз олдидан қон чиққан жойни ювади, чиқиш йўлини пахта ёки шунга ўхшаш бирон нарса билан тўсади ва уни тушиб кетмайдиган қилиб маҳкамлаб қўяди, сўнгра ҳар намознинг вақти кирганда таҳорат қилади.

Сариқ ва жигарранг қонларнинг ҳукми

Сариқ қон: аёлнинг жинсий аъзосидан чиқадиган йиринг каби сарғимтир суюқликдир.

Жигарранг қон: аёлнинг жинсий аъзосидан чиқадиган қизғимтир жигарранг суюқликдир.

Сариқ ва жигарранг қон кўришдаги ҳолатлар:

  1. Агар уларни ҳайздан олдин кўрса, ҳайз ҳукмида бўлмайди. Шунга биноан, намозини ўқийверади, рўзасини тутаверади.

  2. Агар уларни ҳайз вақтида кўрса, ҳайз ҳукмини олади.

  3. Агар уларни ҳайз вақтининг охирида покликдан кейин кўрса, эътиборга олинмайди, аёл пок ҳисобланади.

  • Агар уларнинг келиши аксарият аёллардаги одатий ҳайз кунларидан ўтиб кетса, у пок аёллар ҳукмини олади, ғусл қилади ва намозларини ўқийверади.

Изоҳ қолдиринг