Муслима аёлнинг дастури (9): Ҳомиладорлик аҳкомлари

0

Ҳомиладорлик аҳкомлари

Ҳомиладорлик муддати тўққиз ойдир. Энг ками олти ойдир.

Ҳомила бўлишдан сақлайдиган воситаларни қўллаш икки хил бўлади:

  1. Ҳомила бўлишдан доимий равишда сақлайдиган воситаларни қўллаш жоиз эмас. Негаки, улар наслни кесади, натижада Ислом уммати камайишига сабаб бўлади.

  2. Ҳомила бўлишдан вақтинчалик сақлайдиган воситаларни қўллаш, ҳомила бўлиш аёл кишига зарарли бўлганда ёки болани эмизишга эҳтиёж бўлганда эри рухсат берсагина жоиздир. Шунда ҳам сақланиш воситаси бачадон найларини боғлаш ва гармонал дорилар истеъмол қилиш каби аёл кишига зарар берадиган воситалар бўлмаслиги лозим.

Ҳомиладор аёл қон кўришининг ҳукми нима?

Унинг икки ҳолати бор:

Биринчи: агар туғишдан қисқа муддат – бир ёки икки кун олдин қон кўрса ва ортидан тулғоқ тутса, у ҳолда бундай қон нифос қони ҳисобланади.

Иккинчи: аммо туғишдан бирмунча олдин қон кўрса ёки туғишга яқин қон кўрса-ю, лекин ортидан тўлғоқ келмаса, у ҳолда бундай қон нифос қони бўлмайди. Лекин қуйидаги икки ҳолатдан бирига тўғри келади:

  • Одатий ҳайз кунлари ва ҳайз қони сифатларига тўғри келса, ҳайз қони ҳисобланади.

  • Одатий ҳайз кунлари ва ҳайз қони сифатларига тўғри келмаса, касаллик туфайли келган қон ҳисобланиб, унинг ҳеч қандай ҳукми йўқ.

Ҳомилани олдириш

Ҳомилани олдириш (аборт қилдириш) жоиз эмас. Негаки, ҳомилани олдириш тирик жонни ноҳақ ўлдириш ҳисобланади. Токи бир гуруҳ ишончли мутахассис шифокорлар ҳомиланинг она қорнида давом этиши онанинг ҳаётига хавф солиши ёки баданига зарар бериши мумкинлигини қарор қилмагунча уни олдириш жоиз эмас.

Изоҳ қолдиринг