Туғиш асносида ёки туққандан кейин ёхуд туғишдан бироз олдин бачадондан келган қонга нифос қони дейилади.
Нифос муддати
Нифоснинг энг узоқ муддати қирқ кун, энг оз муддатининг эса чеки йўқ. Нифос қони қирқ кундан олдин тўхтаса, нифос тугаган ҳисобланиб, аёл киши ғусл қилади, намозини ўқийди ҳамда нифос сабабли ман қилинган ишларни қилаверади. Агар қирқ кун ичида қон такрор келса, у нифос қони ҳисобланади. Бу аёл ўша кунларда намоз ўқимайди ва рўза тутмайди.
Нифосли аёл айрим ишларнинг унга нисбатан ҳалол ва ҳаром бўлишида ҳайзли аёл билан бир хилдир.
Бола тушгандан кейинги қон
Ҳомила тушадиган бўлса, қуйидаги ҳолатлардан бирига тўғри келади:
а) Агар ҳомила илк саксон кунлик ва ундан кичикроқ пайтида тушса, у ҳолда келган қон нифос қони эмас, балки истиҳоза қони ҳисобланади.
б) Агар ҳомила тўқсон кунлик ва ундан каттароқ пайтида тушган бўлса, у ҳолда келган қон нифос қони ҳисобланади.
в) Агар ҳомила саксон кунлик билан тўқсон кунлик ўртасида бўлса, у ҳолда ҳомилага қаралади: агар унда инсон хилқати шакллана бошлаган бўлса, нифос қони саналади, акс ҳолда нифос қони бўлмайди.
Агар унга руҳ киргандан кейин тушган бўлса, ювилади, кафанланади ва унга жаноза намози ўқилади.
Агар унга руҳ берилишидан олдин тушган бўлса, юқорида айтилган ишлар қилинмайди.
Ҳайз ва нифос кўрган аёлларнинг покланишига доир масалалар
Агар ҳайз ёки нифосдаги аёл кун ботишидан олдин покланса, у ўша куннинг пешин ва аср намозини ўқиши лозим бўлади. Агар тонг отишидан олдин покланса, шу кечанинг шом ва хуфтон намозларини ўқиши лозим бўлади. Чунки узр ҳолатида иккинчи намознинг вақти биринчи намознинг ҳам вақтидир.
Агар намоз вақти кирганидан сўнг ҳали шу намозни ўқимай туриб ҳайз ёки нифос кўриб қолса, унга ўша намознинг қазосини ўқиш шарт бўлмайди.
Аёл кишининг жинсий аъзосидан поклик даврида рангсиз намлик ёки оқимтир шиллиқ ажраладиган бўлса, у пок бўлгани учун таҳоратни бузмайди. Агар қон ёки сарғиш ёки қизғиш суюқлик келса, у нажас ҳисоблангани учун таҳоратни бузади. Улар узлуксиз, давомли суратда келиб турадиган бўлса, истиҳоза қони ҳисобланади.