Намоз Ислом динининг икки шаҳодат калимасидан кейинги энг муҳим рукни саналади. Аллоҳ таоло уни сўнгги пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга меърож кечаси самовот оламида фарз қилди. Унинг фарзлиги Ислом динида каттаю кичикка маълум бўлган ишлар сирасидандир. Ким намознинг фарзлигини инкор қилса, муртад бўлиб, Ислом динидан чиқади. Бундай одамдан тавба қилиши талаб қилинади, агар тавба қилса, ўз ҳолига қўйилади. Аммо тавба қилишдан бош тортса, мусулмонлар ижмосига кўра, қатл қилинади.
Шариатда намоз деганда такбири таҳрима билан бошланиб, салом билан тугайдиган, маълум сўз ва хатти-ҳаракатлар воситасида Аллоҳга ибодат қилиш тушунилади.
Ёш болага гарчи намоз вожиб бўлмаса-да, намозга эътиборли бўлиб улғайиши, унга одатланиши учун валийси (ота-онаси ёки уни оталиққа олган киши) уни етти ёшга кирганида намоз ўқишга буюриши лозим. Ёш бола ўқиган намознинг ажри унга ҳам, валийсига ҳам бўлади. Бола ўн ёшга кирганда ҳам намозга бепарволик қилса, валийси унга тарбия бериш мақсадида уриши мумкин.
Намоз шартлари:
Намознинг шартлари намознинг дуруст бўлиши уларга боғлиқ бўлган нарсалар бўлиб, ўша шартлар ёки уларнинг баъзилари топилмаса, намоз дуруст бўлмайди. Намоз шартларидан:
Учинчи: кишининг оқ-қорани, яхши-ёмонни ажрата оладиган ёшга етган бўлиши. Бу ёш етти ёш бўлиб, ундан кичик боланинг намози дуруст бўлмайди.
Тўртинчи: таҳоратли бўлиш. Бетаҳорат киши таҳорат қилмагунича намози дуруст бўлмайди.
Бешинчи: нажосатдан сақланиш.
Намозхон нажосатдан эҳтиёт бўлиши, бадани ҳам, кийими ҳам, намоз ўқийдиган жойи ҳам нажосатдан тамоман пок бўлиши даркор. Ким намоздан кейин устида нажосат борлигини кўриб қолса ва унинг қачон текканини билмаса, намози дуруст бўлаверади. Шунингдек, намоздан олдин уни кўрган бўлса-ю, уни кетказиш эсидан чиққан бўлса ҳам, тўғрироқ фикрга кўра, намози дуруст бўлади.
Агар намоз асносида нажосат текканини билиб қолса ва ортиқча ҳаракат қилмасдан уни кетказиш имкони бўлса, масалан, нажосат илашган оёқ кийимни ёки шунга ўхшаган устки кийимини ечиб қўйса, нажосатни кетказган ва намозини мукаммал қилган бўлади. Агар уни кетказиш имкони бўлмаса, намози ботил бўлади.
Олтинчи: вақтнинг кириши. Уламолар намознинг аввалги вақтида ўқиш афзал эканига бир овоздан иттифоқ қилишган. Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳолатларига қараб ҳар бир намоз учун муносиб вақтни белгилаб берган. Намозларни ўз вақтида ўқиш ва вақти ўтиб кетган намознинг қазосини зудлик билан ўқиб олиш вожиб. Баъзи аёллар ўйлагани сингари ўхшаш намоз (яъни пешинни қазо қилган бўлса, кейинги пешин)нинг вақти киришини ҳам, (намоз ўқиш) қайтарилган вақтнинг ўтишини ҳам кутмайди, балки ўша заҳоти ўқиб олади.
Еттинчи: авратни тўсиш. Аёл киши баданини билдириб турмайдиган кийим билан авратини ёпиши вожиб. Аёл кишининг ҳамма жойи аврат ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёл киши авратдир”, деганлар (Термизий ривояти).
Шунингдек, бегона эркаклар олдида аёл кишининг ҳамма жойи аврат саналиб, масжидга жамоат намозига борганида ёки бегона эркаклар бор жойга келганида баданидан бирон жойи кўринмаслиги, бутун баданини тўсиши вожиб. Аммо бегона эркаклар бўлмаган жойларда намоз ўқиса, юзи ва кафтларини очиши мумкин.
Саккизинчи: қиблага юзланиш. Қибла Каъбадир.
Намозхон Масжиди ҳаромда намоз ўқиётган бўлса, Каъбанинг ўзига юзланади.
Агар Каъбадан узоқда бўлса, Каъба томонга юзланади.
Тўққизинчи: ният қилиш. Ўқимоқчи бўлган намозни қалбида ният қилади, уни талаффуз қилишга эҳтиёж йўқ.