Муслима аёлнинг дастури (13): Hафл намозлар

0

Hафл намозлар

Нафл намозлар шариатда тарғиб қилинган, лекин вожиб қилинмаган намозлардир.

Фарзга тобе бўлган суннат намозлар:

Ротиба суннатлар ўн икки ракаатдир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам  айтадилар: «Ким Аллоҳ таоло учун бир кеча-кундузда фарз намозлардан ташқари ўн икки ракаат (суннат намоз) ўқиса, Аллоҳ жаннатда унга атаб бир уй қуради» (Муслим ривояти).

Улар қуйидагилардир: пешиндан олдин тўрт ракаат, пешиндан кейин икки ракаат, шомдан кейин икки ракаат, хуфтондан кейин икки ракаат ва бомдод намозидан олдин икки ракаат.

Бомдоддан олдинги икки ракаат суннатни енгил ўқиш суннат бўлиб, суннат намозлар ичида энг муҳимидир. Бу ҳақда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Бомдоднинг икки ракаат (суннат)и дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир” (Муслим ривояти).

Суннат намозларни уйда ўқиш афзал, ҳатто Ҳарамда бўлса ҳам. Унутиш ёки ухлаб қолиш каби узрлар билан мазкур суннат намозларни ўтказиб юборганда қазосини ўқиб олиш суннат бўлади.

*     Витр намози:

Витр намозининг ҳукми

Витр намози суннати муаккада бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга тарғиб қилганлар ва ўзлари сафарда ҳам, муқим ҳолатида ҳам мунтазам ўқиганлар.

Витрнинг вақти:

Витр намозининг вақти хуфтон намозидан кейин бошланиб, то тонг отгунича давом этади. Кечаси уйқудан туришига кўзи етган киши витрни кечанинг охирги вақтида ўқиши афзалдир.

Витрнинг ракаатлари:

Витр энг камида бир ракаат, кўпи билан ўн бир ёки ўн уч ракаат ўқилади. Витр икки ракаат-икки ракаат ўқилиб, охирида бир ракаат қилиб тугатилади.

Витр намози ва қунут дуосига доир масалалар:

  1. Витр намозини ўқиб турганида муаззин бомдодга азон айтиб қолса, витрни енгил ўқиб, охирига етказади. Бунинг зарари йўқ.

  2. Витрни кечаси ўқий олмаган киши қазосини кундузи жуфт ракаат ҳолида ўқийди. Масалан, уч ракаат витр ўқийдиган киши кундузи унинг қазосини ўқиса, икки-икки ракаатдан тўрт ракаат ўқийди.

  3. Витрда ҳар доим қунут дуосини ўқимасдан, балки баъзан ўқиб, баъзан ўқимаслик суннатдир. Зеро, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан қунутни ўқиган бўлсалар ҳам, кўпинча ўқимас эдилар. Қунутни рукудан кейин ўқиган афзал, рукудан олдин ўқиш ҳам жоиз. Қунутда қўлларни кўтариш жоиз, лекин дуо сўнггида қўллар юзга суртилмайди. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундай қилмаганлар.

  4. Ким кечанинг бошида витрни ўқиган бўлса, сўнгра Аллоҳ таоло унга кечанинг охирига туришни насиб қилса, истаганича икки ракаат-икки ракаат намоз ўқийверади, фақат бошқа витр ўқимайди. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Бир кечада иккита витр ўқилмайди” (Абу Довуд ривояти).

*     Зуҳо (чошгоҳ) намози:

Зуҳо намозини доимий ўқиб юриш мустаҳабдир. У энг камида икки ракаат, кўпи билан саккиз ракаатдан иборатдир. Зуҳо намозининг вақти қуёш чиқиб, бир найза бўйи кўтарилган пайтдан (қуёш чиққач, тақрибан 15 дақиқа ўтгандан кейин) бошлаб, то заволга озгина қолгунгача (пешин азонидан тақрибан 20 дақиқа олдингача) давом этади. Афзал вақти эса кун қизиган пайтдир. Ўтказиб юборилган зуҳо намозининг қазоси ўқилмайди. Негаки, у муайян вақтга чеклангандир.

*     Таҳийятул масжид намози:

Таҳийятул масжид намози икки ракаат бўлиб, масжидга кирган киши ўтиришидан олдин ўқийдиган намоздир. Унинг ҳукми суннати муаккада бўлиб, ҳар қандай вақтда ўқилаверади. Масжидга кириб, дастлаб суннат ёки фарз намоз ўқилса, таҳийятул масжид намозининг ўрнига ўтади.

*     Истихора намози:

Истихора намозини ўқиш мустаҳаб, вожиб эмас. Истихора дуоси ҳар қандай нафл намоздан кейин айтилаверади. Истихора сафарга чиқиш, олди-сотди қилиш, шериклик масаласи каби мубоҳ ишларда қилинади, мустаҳаб ва вожиб ишларда қилинмайди. Шунингдек, бир ишни қилишни хоҳлаганда истихора қилинади, хаёлига келган ҳар қандай иш учун истихора қилинмайди. Агар унга фойдалироқ бўлгани ноаниқ бўлаверса, такрор истихора қилиши жоиз.

Ҳадисда айтилганидек, истихора дуоси фарздан бошқа икки ракаат нафл намоз ўқигандан кейин айтилади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирортангиз бир ишни қасд қилса, фарз намозидан бошқа икки ракаат (нафл) намоз ўқисин, сўнгра шундай десин: “Ё Аллоҳ, илминг билан Сендан яхшилик сўрайман…”, деганлар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга Қуръондан сура ўргатганларидек, ҳар бир ишда истихора қилишни ҳам ўргатганлар. Истихора қилаётган аёл дуо асносида фикрини бир жойга жамлаши, ундаги буюк маъноларни тафаккур қилиши ва тушуниши, унга бирон нарсани қўшимча қилмаслиги, ундан бирон нарсани камайтирмаслиги, дуода келган нарсага чекланиши лозим. Агар истихора дуосини ёдламаган бўлса, қоғоздан ёки китобдан ўқиши мумкин. Лекин ёд олгани афзал. Агар узрли ҳолатда бўлганида бир ишга дуч келса ва истихора қилишни истаса, намоз ўқимасдан фақат истихора дуосини айтиши мумкин, Аллоҳнинг хоҳиши билан фойдаси тегади.

Истихора дуоси:

«Аллоҳумма инний астахийрука би илмик ва астақдирука би қудротик ва асъалука мин фазликал азийм. Фа иннака тақдиру ва лаа ақдиру ва таъламу ва лаа аълам ва анта аллаамул ғуйуб. Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳаазал амро хойрун лий фий дийний ва маъааший ва аақибати амрий фақдурҳу лий ва яссирҳу лий сумма борик лий фийҳи. Ва ин кунта таъламу анна ҳаазал амро шаррун лий фий дийний ва маъааший ва аақибати амрий фасрифҳу анний васрифний анҳу, вақдур лиял хойро ҳайсу каана сумма арзиний биҳ».

Маъноси: “Ё Аллоҳ, илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингдан сўрайман. Зеро, Сен қодирсан, мен ожизман, Сен билувчисан, мен билмайман, Сен ғайбни хўб ва кўп билувчисан. Ё Аллоҳ, агар шу ишим – ҳожатини айтади – динимда, тирикчилигимда, ишимнинг оқибатида (ёхуд дунё ва охиратимда) мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт, осон қил, сўнг уни менга баракали қил. Агар шу ишим – ҳожатини айтади – динимда, тирикчилигимда, ишимнинг оқибатида (ёхуд дунё ва охиратимда) мен учун ёмон бўлса, уни мендан ва мени ундан узоқлаштир. Қаерда бўлса ҳам менга яхшиликни тақдир қил ва мени тақдиримга рози қил” (Бухорий ривояти).

Изоҳ қолдиринг