Тиловат саждаси тиловат қилаётган киши сажда оятини ўқиганда қиладиган саждадир.
Тиловат саждасининг ҳукми: тиловат қилган кишига ҳам, уни тинглаган кишига ҳам суннати муаккададир.
Саждада айтиладиган зикрлар:
«Субҳаана Роббиял аълаа».
«Сажада важҳий лиллазий холақоҳу ва соввароҳу ва шаққо самъаҳу ва басороҳу биҳавлиҳи ва қувватиҳи» (Термизий ва Аҳмад ривояти).
Зикрнинг маъноси: “Юзим уни яратган ва куч-қуввати билан кўз-қулоғини очган Зотга сажда қилди”.
«Аллоҳуммактуб лий биҳа ажрон ва зоъ анний биҳа визрон, важъалҳа лий индака зухрон ва тақоббалҳа минний камаа тақоббалтаҳа мин абдика Довуд» (Термизий ва Абу Довуд ривояти).
Зикрнинг маъноси: “Парвардигоро! Мана шу саждам сабабли даргоҳингда мен учун ажр ёз ва мендан бир гуноҳни ўчир. Бу саждамни Ўз ҳузурингда мен учун захира эт ва уни банданг Довуддан қабул этганинг каби қабул эт”.
Тўғрироқ фикрга кўра, Қуръондаги сажда оятларининг сони ўн тўрттадир.
Тиловат саждаси учун такбир айтиш
Намоздан ташқарида сажда оятини ўқиган бўлса, сажда қилганда такбир айтмайди, салом ҳам бермайди. Эҳтиёт юзасидан таҳоратли ҳолда сажда қилиш мақсадга мувофиқдир.
Намоз ичида сажда оятини ўқиган бўлса, саждага бориш ва саждадан бош кўтаришда такбир айтади.
2. Шукр саждаси
Шукр саждасининг ҳукми: шукр саждаси мустаҳабдир. Бунга Абу Бакра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис далил бўлади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга бир хурсандчилик иш ёки хушхабар келса, Аллоҳга шукр қилиб, саждага йиқилар эдилар» (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Шукр саждасининг ўрни: бирон бало-офатдан қутулганда ёки иснонга бирон неъмат хушхабари келганда шукр саждаси қилади.
Шукр саждасининг қилиниш тартиби: такбир айтиб саждага боради ва саждада “Субҳаана Роббиял аълаа” дегандан сўнг дуо қилади.
Мутлақ нафл намозларга оид баъзи ҳукмлар:
Мутлақ нафл намозлар вақти белгиланмаган ва ракаатлар сони чекланмаган намозлардир. Шунга кўра, намоз ўқиш тақиқланган вақтлардан бошқа ҳар қандай вақтларда нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлиб, солиҳ амалларни зиёда қилиш жумласидан саналади.
Кимдир нафл намозни узрсиз ўтириб ўқиса, намози дуруст бўлади, лекин тик туриб ўқиганнинг ярим савобини олади.
Муқим ва соғлом бўлган пайтларда ўқиб юрилган барча нафл намозларнинг савоби сафарда ва бетоб бўлганда ҳам ёзилади.