Муслима аёлнинг дастури (15): Аёлларнинг масжидларга келиши

0

Аёлларнинг масжидларга келиши

 Имом Муслим ва имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда келишича, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳнинг аёл бандаларини Аллоҳнинг масжидларидан тўсманглар”.

  • Аёл киши ҳаёли бўлиш, кўчага чиққанда авратини тўсиш, зийнат ва хушбўй нарсаларни ишлатмаслик, эркакларга аралашиб юрмаслик каби исломий одобларга риоя қилса, жамоат намозида иштирок этиш ва зикр-илм мажлисларида ҳозир бўлиш учун масжидларга бориши жоиздир.

  • Ислом уламолари фитнадан узоқ бўлиш ва ёмонликнинг олдини олиш нуқтаи назаридан аёл кишининг уйида ўқиган намози масжидда ўқиган намозидан яхшироқ эканига иттифоқ қилганлар.

  • Аёлларнинг масжидга чиқишлари тўғрисидаги гап шу бўлса, энди масжиддан бошқа ўринларга чиқишларида албатта эҳтиёткорлик ва фитнадан узоқ бўлиш томонларига риоя қилишлари шарт бўлади.

  • Аёл киши масжидга келганда ёш болаларни, айниқса, етти ёшдан кичикларини ўзи билан олиб келмаслиги мақсадга мувофиқдир. Агар намозхонларга озор бермаслиги, масжидни ифлос қилмаслиги, гапга қулоқ солишига кўзи етса, олиб келса бўлади. Зеро, уларни уйда ёлғиз қолдириш хавфли бўлгани учун уларни ҳам олиб келишга эҳтиёж туғилади.

Аёл кишига нисбатан жума намозининг ҳукми

Жума намози аёл кишига фарз эмас. Лекин масжидга борса, имомга эргашиб намоз ўқийди. Агар жума куни уйида намоз ўқиса, тўрт ракаат пешинни ўқийди.

Жума намозига асрни жамлаб ўқиш жоиз эмас, гарчи сафарда бўлиш ва шу каби сабаблар топилса ҳам. Негаки, жума намози муқим кишига хос ибодатлардан саналади, икки намозни жамлаш эса мусофирга хос амаллардандир.

Жуманинг мустаҳаблари ва хусусиятлари:

  • Жума куни ва кечаси Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга кўп саловат айтиш;

  • Дуо қилишда ғайратли бўлиш, чунки жума куни ичида дуо қабул бўладиган бир вақт бор, тўғрироқ фикрга кўра, бу вақт қуёш ботишидан олдиндир;

  • Каҳф сурасини ўқиш;

  • Жума куни гуноҳлар кечириладиган кундир;

  • Қиёмат жума куни қоим бўлади;

  • Жума куни Одам алайҳиссалом яратилган, жаннатга киргизилган ва ундан чиқарилган кундир.

Ҳайит намозлари

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни ҳайит намозини ўқишга буюрганлар, намозгоҳга чиқишга тарғиб қилганлар. Лекин хушбўй нарсалар суртиш, зийнатларни кўрсатиш, башанг кийиниш, эркакларга аралашиб юришдан узоқ туришлари лозим. Ҳайз ва нифосли аёллар ҳам чиқадилар, лекин намозгоҳдан ташқарида турадилар.

Ҳайит намозининг ўқилиш тартиби:

Биринчи ракаатда такбири таҳрима ва истифтоҳ дуосидан кейин, тааввуз ва қироатдан олдин олтита такбир айтади. Иккинчи ракаатда қироатдан олдин бешта такбир айтади. Ҳар бир такбирда қўлларини кўтаради. Такбирлардан кейин тааввуз (аъувзу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм)ни айтиб, Фотиҳани жаҳрий ўқийди. Биринчи ракаатда Фотиҳадан кейин Аъло сурасини, иккинчи ракаатда эса Ғошия сурасини ўқийди. Намозни ўқиб бўлгач, имом одамларга иккита хутба қилади.

Ҳайит кунларининг одоблари ва аҳкомлари:

  • Такбир айтиш;

  • Ғусл қилиш;

  • Рамазон ҳайитида намозга чиқишидан олдин тоқ сонда бир нечта хурмо еб олиш, Қурбон ҳайитида эса намоздан қайтгунича ҳеч нарса истеъмол қилмаслик ва намоздан қайтгач, қурбонлик гўштидан ейиш суннатдир;

  • Намозгоҳга боришда бошқа, қайтишда бошқа йўлдан юриб бориш;

  • Хутбада иштирок этиш ва уни тинглаш;

  • Ҳайит билан табриклаш, байрам дастурхони атрофида йиғилиш, қариндош-уруғлар ва ёр-дўстларни зиёрат қилиш;

  • Шариат доирасида байрамни нишонлаш, хурсандчилик ва ўйин-кулги қилиш;

Ҳайит кунларида айтиладиган такбирлар икки хил бўлади:

  • Мутлақ (вақти белгиланмаган) такбир. Рамазон ҳайитида ҳайит кирган оқшом қуёш ботгандан бошлаб, ҳайит намози ўқилгунча айтилади. Қурбон ҳайитида зулҳижжа ойининг биринчи куни кирган оқшом қуёш ботгандан бошлаб, ташриқ кунларининг охирги куни, яъни зулҳижжанинг ўн учинчи куни қуёш ботгунча айтилади.

  • Муқаййад (вақти белгиланган) такбир. Арафа куни бомдод намозидан бошлаб, ташриқ кунларининг охирги куни аср намозигача айтилади. Буни ҳажда бўлмаганлар айтишади. Намозини тугатган аёл уч марта “астағфируллоҳ” деб, “Аллоҳумма антас-салаам ва минкас-салаам”ни охиргача айтади. Сўнг хоҳлаганича такбир айтади, сўнг намоздан кейин айтиладиган одатдаги зикрларни айтади.

Такбир сўзлари:

Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илаҳа иллаллоҳ. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд.

Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбару кабийро.

Эркаклар уйларда, бозорларда, кўча-кўй ва масжидларда такбирларни овозларини чиқариб айтадилар. Аёллар эса ичларида айтадилар.

Истисқо намози

Қурғоқчилик бўлганда истисқо намози ўқиш суннатдир. Унинг вақти, сифати, аҳкомлари ҳайит намози каби бўлиб, фақат истисқо намозидан кейин одамларга битта хутба қилинади. Ҳолат ўзгаришини умид қилган ҳолда устки кийимни айлантириб кийиш, яъни ичини ташига, ўнгини чапга, чапини ўнгга қилиш суннатдир. Аёл киши ўзини паст тутган, хушу ва тазарру билан истисқо намозига чиқиб, Аллоҳ таолодан бандаларига ёмғир ёғдиришини сўраши мустаҳабдир.

Кусуф намози

Кусуф намози (яъни қуёш тутилганда ўқиладиган намоз) суннати муаккададир.

Кусуф намозининг вақти:

Кусуф намозининг вақти қуёш тутилиши бошланишидан то очилиб кетгуничадир. Намоз ўқиб бўлингач, кун очилиб кетмаса, намоз қайта ўқилмайди.

Кусуф намозининг ўқилиш тартиби:

Икки ракаат ўқилади. Ҳар бир ракаатда икки марта руку қилинади. Имом биринчи ракаатда Фотиҳа сурасини ва узун бир сурани ўқийди, сўнг узун руку қилади, сўнг рукудан бошини кўтаради, сажда қилмай, яна Фотиҳа сурасини ва узун бир сурани ўқийди. Сўнг яна узун руку қилади, сўнг рукудан бошини кўтаради, сўнг икки марта узун сажда қилади. Кейин иккинчи ракаатни ҳам биринчиси каби ўқийди, сўнг ташаҳҳудни ўқиб, салом беради.

Қуёш тутилганда суннат бўлган амаллар:

Қуёш тутилгандан то очилиб кетгунича узун қилиб намоз ўқиш, кўп дуо ва истиғфор айтиш, тавба-тазарру қилиш, садақа бериш.

Узрли кишиларнинг намози

Биринчи: бетоб кишининг намози

  1. Намозни тик туриб ўқийди. Ҳасса ва шунга ўхшаш нарсага суянишга эҳтиёжи бўлса, суянган ҳолда тик туриб ўқийди. Бу тарзда намоз ўқишининг зарари йўқ.

  2. Бетоб киши тик туриб намоз ўқий олмаса, ўтириб ўқийди. Бунда унга тик туриб ўқиганнинг савоби берилади.

  3. Ўтириб ўқишга қодир бўлмаган киши ёнбошлаб, юзини қиблага қилган ҳолда ўқийди. Ўнг томонига ёнбошлаган ҳолда ўқиши афзал, агар бундай қилолмаса, ҳолатига қараб ўқийверади.

  4. Ўтириб ўқиганда сажда қилишга қодир бўлса, сажда қилиши вожиб бўлади. Сажда қилолмайдиган ҳолда бўлса, руку ва саждаларни имо-ишора билан қилади. Бунда саждаси рукусидан қўйироқ бўлади.

  5. Агар бетоб киши ҳар намозга таҳорат олишга қийналса ёки намозларни ўз вақтида ўқиш машаққат туғдирса, пешин билан аср ва шом билан хуфтонни жамлаб ўқиши мумкин.

  6. Агар бетоб киши бир неча кун ҳушсиз бўлиб ётиб, сўнгра ўзига келса, қодир бўлганича намозини ўқийверади. Ҳушсиз бўлган вақтлардаги намозларнинг қазосини ўқимайди. Қисқа вақт, масалан, бир-икки кун ҳушсиз бўлган бўлса, у кунлардаги намозларнинг қазосини ўзига қулай бўлган вақтда ўқиб беради.

Шу ўринда диққат қаратиш лозим бўлган бир ҳолат бор. Баъзи беморлар, хоссатан, жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказганлар кўп ҳолларда намозни мукаммал тарзда ўқий олмасликлари ёки таҳорат қилолмасликлари ёки кийимларига нажосат теккани ва шу каби узрлар билан намоз ўқимай қўяқоладилар. Бу жуда катта хатодир. Чунки мусулмон киши намознинг баъзи шартлари ё рукнлари ёки вожибларидан ожиз бўлиш сабабли намозни ташлаб қўйиши жоиз бўлмайди. Балки намозни имкони борича ўқийверади.

Иккинчи: мусофирнинг намози

  1. Тўрт ракаатли намозларни икки ракаатга қисқартириб ўқиш жоиз. Намозни қаср қилиш жоиз бўлган масофа 80 км.

  2. Қаср ўқиш мусофир ўз шаҳрининг сўнгги уйларидан ўтиши билан бошланади. Аэропорт шаҳар ташқарисида – шаҳардан ажралган бўлса, сафар қилаётган киши у ерда намозни қаср қилиши жоиз.

  3. Мусофир аёл сафар қилган шаҳарга етиб бориб, у ерда тўрт кун ва ундан кўпроқ туришни ният қилса, намозларни тўлиқ ўқиши фарз бўлади.

  4. Агар тўрт кундан кам туришни ният қилса, у ерда қаср қилиши жоиз.

  5. Агар муайян вақт туришни ният қилмай, ишим қачон битса шунда қайтаман, деб мақсад қилган бўлса, қайтадиган пайтигача қаср қилиши жоиз.

  6. Мусофир аёл пешин билан асрни ва шом билан хуфтонни жамлаб ўқиши жоиз. Ўзига қулай бўлганини қилади, хоҳласа жами тақдим (биринчи намознинг вақтида), хоҳласа жами таъхир (иккинчи намознинг вақтида жам) қилади. Агар бир жойда турган бўлса, жам қилмай, ҳар намозни ўз вақтида ўқиши афзалдир.

Изоҳ қолдиринг