Маййитларга салом бераётганда қабрларга, дуо қилаётганда эса қиблага юзланиб туриш ва қўлларни кўтариш

0

275 – Зиёратчи маййитларга салом бераётганида қабрларга юзланиб туриши

Жумҳур уламолар зиёратчи қабристон аҳлига салом бераётган пайти қабрларга юзланиб туриши суннат эканини айтганлар[1].

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада қабрлар ёнидан ўтдилар. Шунда қабрларга юзлари билан ўгирилиб, бундай дедилар: “Эй қабрлар аҳли, сизга салом бўлсин! Аллоҳ сизу бизни мағфират этсин! Сизлар биздан олдин кетдингиз, биз ҳам ортингиздан эргашувчимиз”»[2].

276 – Зиёратчи маййитлар ҳаққига дуо қилаётганида қиблага юзланиб туриши

Зиёратчи маййит ҳаққига дуо қилаётганида қиблага юзланиши суннатдир.

Абул Ҳасан Заъфароний айтади: «Маййитга салом бермоқчи бўлган киши унга юзланган ҳолатда салом беради. Агар дуо қилишни хоҳласа, турган жойидан қибла тарафга ўгирилади»[3].

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу (асрлар оша) давом этиб келаётган ўзгармас қоидадир. Бинобарин, дуо қилувчи кимса намоз ўқийдиган тарафидан бошқа тарафга юзланиб дуо қилиши тўғри бўлмайди»[4].

277 – Қабр зиёратида маййитлар ҳаққига дуо қилаётганда қўлларни кўтариш

Қабристон зиёрати асносида маййитлар ҳаққига дуо қилаётиб икки қўлни кўтариш баъзан жоиз саналади.

Бунга далил аввалроқ ўтган, Ойша разияллоҳу анҳо ривоят қилган ушбу ҳадисдир: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Бақеъ қабристонига келиб, у ерда узоқ тик турдилар. Сўнг икки қўлларини уч марта кўтардилар…»[5]

Бошқа ривоятда: «Кейин Бақеъ яқинида тўхтадилар ва қўлларини кўтариб (дуо қилдилар)», дейилади[6].

Нававий айтади: «Бу ҳадисдан узоқ ва такрор-такрор дуо қилиш ҳамда дуо асносида қўлларни кўтариш суннат экани келиб чиқади. Яна маълум бўладики, қабристонда тик туриб дуо қилган кишининг дуоси ўтириб дуо қилган кишининг дуосидан мукаммалроқдир»[7].

[1] Қаранг: «Муғний ал-муҳтож», 2/57; «Мирқот ал-мафотийҳ», 4/218; «Ҳавоший аш-шаравоний ала туҳфат ал-муҳтож», 3/201-202. Муаллиф: Абдулмажид Шаравоний (вафоти: 1289 ҳ.); «Ал-фатово ал-ҳиндийя», 5/350.
[2] Ҳадис тахрижи 269-масалада берилди.
[3] «Ал-мажмуъ», 5/204. Абул Ҳасан Заъфароний ҳижрий 517 йилда вафот этган.
[4] «Иқтизо ас-сирот ал-мустақим», 2/240.
[5] Ҳадис тахрижи 16-масалада ўтди.
[6] Ҳадис тахрижи 274-масалада берилди.
[7] «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 621-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг