Қусуқ нажосатми?

0

Савол:

Қусуқ нажосат саналадими? Бу борада эмизикли гўдакнинг қусуғи билан вояга етган кишининг қусуғи ўртасида фарқ борми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

“Қусуқ – ошқозонга тушиб, бироз тургандан кейин оғиздан қайтиб чиққан овқатнинг бўлаги”[1].

Унинг икки ҳолати бўлади:

Биринчиси: ошқозондан чиққан пайтда таъми, ё рангги, ё ҳиди ўзгарган ҳолатда чиқиши.

Кўпчилик салаф ва халаф (кейинги келган) уламоларнинг фикрига кўра, бундай ҳолатда чиққан қусуқ нажосат саналади. Бу тўрт мазҳабнинг ва зоҳирий мазҳаби уламоларининг, шунингдек, шайхулислом Ибн Таймия, Ибн Қаййим ва бошқа уламоларнинг фикри[2].

Қусуқни нажосат деган жумҳур уламолар қиёсни далил қилишган. Улар қусуқни инсон ахлатига қиёс қилиб, нажосат деганлар. Негаки, ҳар иккиси ошқозонда сасиб, айнигандан кейин чиққан, аслида егулик ва ичгуликдан иборат бўлган нарсадир.

Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қусуқ нажосатдир. Чунки у инсон ичида айниган егулик ва ичгуликдан иборат нарса. Шу жиҳатдан инсон ахлатига ўхшайди”[3].

Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мусулмоннинг ҳам, кофирнинг ҳам қусуғи ҳаром, ундан четланиш (сақланиш) вожиб. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Берган совғасини қайтариб олган инсон қусуғини қайтадан ютган инсон кабидир”, деганлар”[4].

Мутақаддим (аввалги) уламоларимиз ҳаром сўзини нажосат маъносида қўлланишгани учраб туради. Жумладан, имом Шофеий “Ал-умм” китобида ҳаром сўзини шу маънода қўллаган.

  Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қусуқ нажосат ҳисобланади. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қусганларидан кейин таҳорат олганлар. Бу ерда таҳоратдан мақсад қўлларни ювиш десак ҳам ёки таҳорат олиш десак ҳам, натижа бирдек. Чунки мазкур икки амалдан ҳар бири бадандан нажосат чиқса ёки баданга нажосат тегса бажарилади”[5].

Абу Фазл Мавсилий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсон танасидан чиққан нарса борки, уни тозалаш вожиб ва у “нажосати ғализа” (оғир нажосат) саналади. Масалан, ахлат, пешоб, қон, йиринг, қусуқ. Бу борада уламолар орасида ихтилоф йўқ”[6].

Заркаший раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсон баданидан чиқадиган нарсалар уч хил бўлади:

а) Тозалигида хилоф бўлмаган нарсалар: кўз ёши, тер, сўлак, мишиқ, тупук каби.

б) Нажосат эканида хилоф бўлмаган нарсалар: пешоб, ахлат, вадий, қон, қонга ўхшаш суюкликлар ҳамда қусуқ каби.

в) Тоза ёки нажосатлигида ихтилоф бор бўлган нарсалар: маний, мазий ҳамда ошқозондан чиқадиган (ичдан келадиган) балғам каби. Ошқозондан чиққан балғам бир жиҳатдан қусуққа, бошқа жиҳатдан эса мишиққа ўхшайди”[7].

“Доимий фатво қўмитаси” берган фатвода қуйидагилар айтилган:

“Қусуқ – ёш боланикими, ё катта одамникими – нажосат ҳисобланади. Чунки у одам ичида айниб, сасиган овқатдир. Шу жиҳатдан у ахлат ва қонга ўхшайди. Бинобарин, кийимга ёки баданнинг бирон ерига тегса, то жисми кетиб, қолдиқлари қолмай, ўрни тоза бўлмагунича уни сув билан ювиб, ишқаб, сиқиб тозалаш керак бўлади”[8].

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳдан: “Кийимга қусуқ тегса, унинг тозалигига таъсир қиладими?” деб сўрашганда қуйидагича жавоб берган:

“Оз бўлса, зарар қилмайди. Аммо кўп бўлса, у ҳолда кийимни ювиш керак. Чунки кўпчилик уламолар қусуқнинг ҳукми сийдикники билан  баробар, дейишган. Шу сабабли қусуқ теккан кийимни ва жойни тозалаш лозим. Бироқ оз бўлса, зарар қилмайди. Чунки қон, йиринг ва шунга ўхшаш нажосатларнинг оз миқдори шариатимиз томонидан кечирилган. Яъни уни тозалаш шарт қилинмаган. Бу масалада ёши катта одам билан ёш боланинг ҳукми бир хил”[9].

Бошқа бир ерда: “Кийимга эмизикли боланинг қусуғи тегса, шу кийимда намоз ўқиса бўладими?” деб сўрашганда бундай деб жавоб берган: “Агар гўдак сутдан бошқа овқат емайдиган ёшда бўлса, қусган ерига сув қуйиб юборилса етарли. Чунки гўдакнинг қусуғи унинг сийдиги каби бўлиб, устига сув қуйиб, ювиб ташланади. Сув билан тозаламай туриб, унда намоз ўқимайди”[10].

Айрим уламолар мана бу ҳадисни далил қилиб келтиришган. “Эй Аммор, кийим беш нарса тийсагина ювилади: ахлат, пешоб, қусуқ, қон, маний”. Лекин бу заиф, ҳатто ботил ҳадисдир. Буни имом Нававий “Ал-мажмуъ” китобида баён қилган.

Иккинчиси: чайналган овқат кўринишида, ўзгармаган ҳолда чиқиши.

Жумҳур уламолар унинг нажосат эканини айтишган. Моликий мазҳаби уламолари бундай ҳолатда чиққан нарса тоза бўлишини айтишган. Қаранг: “Ал-Ҳаттоб ала мухтасари Халил” (1/94) ва “Ҳошияту Совий ала шарҳи ас-сағир” (1/70).

Қарофий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қусуқ ва қайт агар овқат кўринишида чиқса, тоза ҳисобланади”[11].

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қусуқнинг нажосат эканига уламолар иттифоқ қилишган. Қусуқ одамники бўладими, ё ҳайвонникими, ўзгарган ҳолда бўладими, ё йўқми, ҳукми бир. Айрим уламоларнинг айтишича, ўзгармаган кўринишда чиқса, тоза бўлади. Бу имом Моликнинг мазҳабидир”[12].

Моликий мазҳаби уламолари айтган фикр кучлироқ ва тўғрироқ. Айнимаган (ўзгармаган) ҳолда чиққан қусуқни ахлатга қиёслаб бўлмайди. Чунки у ҳали ошқозонда айниб, сасишга улгурмаган кўринишда бўлади.

Мазкур фикрга кўра, эмизикли гўдакнинг қусуғи агар ўзгарган ҳолда бўлса, масалан, гўдакнинг оғзидан чиққан сутнинг моддаси ва ҳиди ўзгариб, сарғайган ҳолда чиқса, нажосат деб эътибор қилинади. Бироқ чиққан сутнинг сифатлари (таркиби) ўзгармаган ҳолда бўлса, масалан, энди эмган сутини қайт қилса, у тоза ҳисобланади.

Шайх Муҳаммад Мухтор Шинқитий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Гўдакнинг оғзидан чиққан нарсанинг икки ҳолати бўлади:

Биринчиси: ошқозонига тушгандан кейин ўзгарган ҳолда қайтиб чиқиши. Бу қусуқ деб эътиборга олинади ва нажосат ҳисобланади. Масалан, гўдакка сут берасиз, кейин ўша сут сарғайган, моддаси ва ҳиди ўзгарган ҳолда чиқади.

Иккинчиси: сифатлари ўзгармаган ҳолда чиқади. Масалан, эмиб бўлганига кўп ўтмай туриб кўтарган вақтингизда қайт қилиб юборади. У қусуқ эмас, балки бўғиздан қайтиб чиққан нарса ҳисобланади. Қорни туйиб ва чанқоғи босилгандан кейин гўдакнинг оғзидан чиққан сут ёки суюқлик тоза саналади”[13].

Шу ерда Ибн Қаййим зикр қилган ушбу масалани айтиб кетсак. Маълумки, гўдаклар кўп қусади (қайт қилади). Одатда одамлар гўдакнинг оғзини қусганидан кейин ювиб ўтирмайди. Бинобарин, гўдакнинг сўлаги ва тупуги нажосат саналадими?

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу – кўпчиликнинг бошига тушадиган масалалардан бири. Дарҳақиқат, шариатимиз гўдак кўп қусушини, унинг оғзини (ҳадеб) юваверишнинг иложи йўқлигини, унинг сўлаги ва тупуги гўдакка қарайдиган ва кўтарадиган одамга кўпинча (ҳамиша) оқиб туришини била туриб, сўлаги ва тупуги теккан ерни ювишга буюрмади, унда намоз ўқишдан қайтармади ҳамда гўдакнинг сўлагидан сақланишга буюрмади.

Бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, бу – машаққат ва эҳтиёж борлиги учун кечириладиган нажосат турларига киради. Кўчадаги лойлар, авратни тош билан артгандан кейин ёки остига нажосат теккан маҳси ва пойафзални ерга ишқаб ташлагандан кейин унда қоладиган нажосат асари каби.

Шайхимиз (Ибн Таймия) ва бошқа (ҳанбалий мазҳаби) уламолари айтадики, гўдакнинг сўлаги эҳтиёж борлиги учун унинг оғзини тозалайди. Худди мушукнинг сўлаги оғзини тозалаганидек. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам мушук сичқон ва бошқа нарсаларни ейишини била туриб, унинг тоза экани ҳақида хабар берганлар. Мана шундан Абу Қатода мушукнинг оғзи ва сўлаги пок, деган ҳукмни тушунган. Шунингдек, Пайғамбаримиз мушук сув ичиши учун унга идишни қиялатиб турганлар. Демак, эҳтиёж борлиги сабабли сўлак мушукнинг ҳам, гўдакнинг ҳам оғзини тозаловчи модда ҳисобланади”[14].

Шавконий раҳимаҳуллоҳ қусуқ ҳар қандай ҳолатда ҳам тоза бўлади, деган фикрни айтган[15]. Бу фикрга шайх Албоний ва шайх Ибн Усаймин эргашган. Бироқ кўпчилик уламоларнинг фикри юқорида айтиб ўтилгандек бўлган.

Валлоҳу аълам.

[1] “Ал-мавсуа ал-фиқҳийя”, 34/85.

[2] Қаранг: “Бадоиъ ас-саноиъ”, 1/60); “Муғний ал-муҳтож”, 1/79; “Шарҳу мунтаҳо ал-иродот”, 1/102.

[3] “Ал-кофий”, 1/153.

[4] “Ал-муҳалло”, 1/191.

[5] “Умдатул фиқҳ” (1/708). Шунингдек, қаранг: “Мажмуъ ал-фатово”, 21/597.

[6] “Ал-ихтиёр”, 1/32.

[7] “Шарҳу Заркаший ала мухтасар ал-Хирақий”, 2/39.

[8] “Доимий фатво қўмитаси фатволари”, 4/193.

[9] “Фатово нурун ала ад-дарб” (5/379).

[10] “Фатово нурун ала ад-дарб” (7/316).

[11] “Аз-захира” (1/185).

[12] “Ал-мажмуъ” (2/551).

[13] “Шарҳу зод ал-мустақнеъ”, 18/22.

[14] “Туҳфат ал-мавдуд би аҳком ал-мавлуд”, 218-бет.

[15] “Ас-сайл ал-жаррор”, 1/43.

Изоҳ қолдиринг