“Эй Одам боласи… Ҳукмронлигим боқий, хазиналарим тўла” деган маънодаги ҳадиси қудсий тўғрисида

0

Савол:

Қуйидаги ҳадиси қудсий саҳиҳми?

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: Аллоҳ таоло деди: “Эй Одам боласи, модомики, Менинг ҳукмронлигим боқий экан, ҳеч бир ҳоким ё султондан қўрқма! Менинг ҳукмронлигим эса боқийдир.

Эй Одам боласи, ризқ танглигидан қўрқма! Ҳолбуки, менинг хазиналарим тўла, улар ҳеч қачон битмайди.

Эй Одам боласи, Мендан бошқасидан умид қилма! Мен сенга кифоя қиламан. Агар Мендан умид қилсанг, умидингни рўёбга чиқараман.

Эй Одам боласи, Мен сени ибодат учун яратдим, ўйин-кулгига берилма. Ризқингга Мен кафил бўлдим, кўп куюниб овора бўлмагин. Агар Мен тақсим қилган нарсага рози бўлсанг, тананг ва қалбингга хотиржамлик ва роҳатни ато этаман ва Менинг ҳузуримда мақталганлар қаторида бўласан”.

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз ва у зотнинг аҳли-оиласи ва саҳобаларига саловат ва саломлар бўлсин. Аммо баъд:

Мусулмонлар орасида машҳур ва ишончли саналган ҳадис китоблари ичида мазкур ҳадиси қудсийни излаб, унинг Пайғамбаримиздан ривоят қилинганини тополмадик. Ҳатто тўқима ҳадислар тўпламлари орасида ҳам учратмадик. Бинобарин, ушбу ҳадисни Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериш жоиз эмас. Бу каби ҳадисларга: “Тўқима ёки асоссиз ҳадис” деб айтилади.

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: Қуйидаги сўзлар нақадар ўринли айтилган: “Агар ҳадис ақлга сиғмайдиган ёки бошқа ҳадисларга тескари келадиган ёки динимиз асосларига путур етказадиган маънони англатса, билингки, у тўқима ҳадисдир”.

Суютий раҳимаҳуллоҳ “Тадриб ар-ровий” китобида юқорида Ибн Жавзий келтирган: “…динимиз асосларига путур етказадиган” деган сўзни изоҳлаб, бундай дейди: “Ислом оламида машҳур бўлган ва ичидаги ҳадислари санад билан ривоят қилинган ҳадис тўпламларининг бирида бўлмаса, деган маънони билдиради”.

Сиз келтирган ривоятни Абн Арабийнинг “Ал-футуҳот ал-маккия” ва Баҳоуддин Абшиҳийнинг “Ал-Мустатраф фи кулли фаннин мустазраф” китобида Каъб Аҳбордан нақл қилинганини ва бу сўзлар Тавротда борлигини айтганини кўрдик.

Аммо Каъб Аҳбор ушбу сўзларни айтгани аниқ, деб бўлмайди. Чунки бу ривоят санадсиз нақл қилинган. Қолаверса, ушбу икки китоб аҳли илмлар орасида ҳадис ва ривоятлар нақл қилинган ишончли манбалардан ҳисобланмайди.

Шайх Абдураҳмон Муаллимий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Китобларда Каъбдан нақл қилинган барча ривоятлар саҳиҳ дегани эмас. Чунки Каъбнинг вафотидан кейин келган каззоблар унинг номидан у айтмаган кўп нарсаларни айтишган”.

Ушбу сўзларни Каъб айтгани ўз исботини топган, деб фараз қилсак ҳам, у исроилиётлар (Бани Исроил нақл қилган ривоятлар)дан бири бўлади, холос. Валлоҳу аълам.

(“Исламвейб” интернет саҳифасидан таржима қилинди)

Изоҳ қолдиринг