Муслима аёлнинг дастури (17): Закот аҳкомлари

0

Закот аҳкомлари

Закот Ислом рукнларидан биридир. Мусулмон олимлар закотнинг фарзлигига, унинг фарзлигини инкор қилган кишининг кофир бўлишига ва уни беришдан бош тортган кишиларга қарши уруш қилинишига иттифоқ қилганлар. Аллоҳ таоло ушбу садақани нафс ва молни поклагани учун закот – покловчи, деб номлади.

Закот бериш вожиб бўлган нарсалар:

  1. Олтин ва кумуш ҳамда уларнинг ўрнига ўтадиган қийматли пуллар.

  2. Тижорат моллари.

  3. Дон-дун ва мевалар.

  4. Чорва ҳайвонлари (туя, мол, қўй-эчкилар).

Закотнинг вожиб бўлиш шартлари:

  1. Нисобга эга бўлиш.

  2. Мол-мулкнинг закот бериш вожиб бўлган моллардан бўлиши.

  3. Мулкнинг комил бўлиши (яъни тўловни орқага сурувчи ёки касод бўлган одамнинг қўлида қолган қарз каби муаллақ бўлмаслиги лозим).

  4. Ҳавл айланиши, яъни мол нисобга етгандан кейин тўлиқ бир йил ўтиши.

Закотга доир масалалар:

· Олтиннинг нисоби: олтин нисоби 20 динор бўлиб, 85 грамм олтинга ёки шунга тенг келадиган муомаладаги қоғоз пулларга тўғри келади.

  • Кумушнинг нисоби: кумуш нисоби 200 дирҳам бўлиб, 595 грамм кумушга ёки шунга тенг бўлган муомаладаги қоғоз пулларга тўғри келади.

  • Уламоларнинг сўзларидан тўғрироғига кўра, тилла ва кумуш тақинчоқларга нима мақсадда эгалик қилишдан қатъи назар, хоҳ ишлатиш, хоҳ бировларга бериб туриш учун тайёрлаб қўйилган бўлсин, модомики, нисобга етиб, ҳавл айланса, улардан закот берилади.

  • Тилла ёки кумушдан бошқа қимматбаҳо метал ва тошлардан иборат тақинчоқлар қиймати қанчалик юқори бўлмасин, улардан закот чиқариш фарз бўлмайди. Бироқ бундай тақинчоқлар билан тижорат қилинса, у ҳолда савдо моллари сифатида закот бериш фарздир.

  • Қоғоз пуллардан закот бериш фарздир. Негаки, улар тилла ва кумуш ўрнида ишлатиладиган пуллардир.

  • Мол-мулк закотининг миқдори унинг ўндан бири, яъни 2,5 фоиздир.

  • Уй-жой, уй жиҳозлари, автоулов, кийим-кечак каби шахсий мулк ва ишлатиб турилган буюмлардан закот берилмайди.

  • Ижарага бериладиган автоулов, дўкон ва уй каби нарсаларнинг ўзидан закот берилмайди. Уларнинг ижарасидан тушган пуллар нисобга етса ва ҳавл айланса, ўша пулдан закот берилади.

  • Тижорат молларидан закот бериш фарздир. Кўчмас мулк, ҳайвон ва бошқа нарсалардан тижорат қилиш учун олиб қўйган молларини ҳар бирини бирма-бир санаб, ҳар йил баҳосини аниқлайди ва уларнинг баҳосидан 2,5 фоизини закотга чиқаради.

  • Ишчиларнинг маошлари ва унинг ҳукмида бўлган пулдан закот чиқарилмайди. Лекин улар нисобга етиб, тўлиқ бир йил ўтган бўлса, закоти берилади.

Закот бериладиган кишилар

Улар Аллоҳ таолонинг ушбу сўзида зикр қилинган саккиз тоифа инсонлардир: “Албатта, садақалар (яъни закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни жиҳодга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир” (Тавба, 60).

Биринчи ва иккинчи тоифа: фақирлар ва мискинлар. Улар тирикчиликларига кифоя қиладиган пул тополмайдиган ва барқарор маош олмайдиган кишилардир. Уларга ўзлари ва оилаларига етадиган миқдорда закот берилади. Фақир кишига уйланиш эҳтиёжлари учун, фақир толиби илмга лозим бўлган китобларни сотиб олиши учун закот берилади. Ойлик маоши бор, лекин ўзи ва оиласига етмайдиган кишига кам-кўстини тўлдирадиган миқдорда закот берилади. Муҳтож одамлар орасидан кўпроқ эҳтиёжи бўлгани бошқалардан муқаддам қўйилади.

Учинчи тоифа: закот йиғувчилар.

Тўртинчи тоифа: кўнгиллари Исломга ошно қилинувчи кишилар. Улар иймони заиф ёки ёмонлигидан қўрқилган кишилар ёхуд қавм-қариндошлари ичида гапи ўтадиган оқсоқоллар бўлиб, уларга кўнгилларини Исломга мойил қилиш ёки ёмонликларидан сақланиш умидида закот берилади.

Бешинчи тоифа: қуллар. Улар хўжайинлари билан келишиб, ўзларини қулликдан озод қилиш учун шартнома тузган мукотаб қуллардир.

Олтинчи тоифа: қарздорлар. Улар икки турли бўладилар:

  1. Одамлар ўртасини ислоҳ қилиш мақсадида мол-мулк сарфлаб, қарздор бўлиб қолган киши. Унга бу олийжаноб иши учун рағбатлантириш мақсадида закот берилади.

  2. Ўзи учун қарз олган одам. Унга, гарчи кўп бўлса ҳам, қарзидан қутулишига кифоя қилгудек миқдорда закот берилади. Товон (дия) тўлаши керак бўлган кишилар ҳам шу тоифага кирадилар.

Еттинчи тоифа: Аллоҳ йўлида, яъни Аллоҳ йўлида жиҳодда юрганлар.

Саккизинчи тоифа: Йўловчи мусофирлар. У мусофирликда йўлда қолган ва пули тугаб битган кишилардир.

Закотга доир масалалар:

  • Бир аёлнинг қайтаришга имкони бўлмаган ночор кишида қарзи бўлса, тўғри фикрга кўра, қарзини олганда ундан бир йил учун закотини чиқаради. Агар қарздор қарзни қайтаришга имкони бор, бироқ уни қайтармай пайсалга соладиган киши бўлса, у ҳолда ҳар йил учун ундан закотини чиқаради.

  • Камбағалнинг зиммасида турган қарзини закот ниятида кечиб юбориш жоиз эмас. Чунки закот бериш ва олиш билан рўёбга чиқади.

  • Аёл киши мол-мулкининг закотидан эваз ўлароқ кийим ёки таом бериши жоиз эмас.

  • Бойлик аломатлари кўрилган, лекин ҳолати номаълум бўлган киши закот сўраса, унга бой ва тирикчилик қилиб бойлик орттиришга қодир кишилар закот олишга ҳақли эмаслигини билдиргандан сўнг закот молидан бериш жоиз. Агар унинг закот олишга эҳтиёжи йўқ, деган гумон устун келса, унга закотдан берилмайди.

  • Аёл киши закотини эри бировлардан олган қарзлари ва шу каби молиявий мажбуриятларини тўлаши учун унга бериши жоиз. Лекин эридан бошқага бергани афзалдир. Эр эса закотини хотинига бериши жоиз эмас, чунки хотинининг нафақаси эрнинг зиммасидадир.

  • Аёл киши закотини бермоқчи бўлган одамнинг ҳолатини ўрганишга ҳаракат қилиб, уни закотга ҳақли деб ўйлаб, унга закотини берса, сўнгра ундай эмаслиги маълум бўлса, фарз бўйнидан соқит бўлади. Чунки у тоқати етганча Аллоҳдан тақво қилди ва қўлидан келганини қилди.

Мустаҳаб садақалар

  • Ҳамма вақт садақа қилиш мумкин. Аллоҳ таоло ва Расули саллаллоҳу алайҳи ва саллам садақа қилишга тарғиб қилган.

  • Ҳалол ва покиза молдан кўнгил розилиги билан бериш.

  • Риёдан йироқ бўлгани учун махфий садақа қилиш афзал. Аммо садақани ошкор беришда бошқаларнинг ҳам эргашишларини кўзда тутувчи манфаат ҳосил бўлса, ошкора берган яхши бўлади.

  • Қариндошларга садақа қилиш афзал. Зеро, Аллоҳ таоло қариндошларга яхшилик қилишга буюрган.

  • Тансиҳатлик пайтида қилинган садақа энг афзал садақадир.

Аёл эрининг рози бўлишини билса, унинг молидан ҳаддан ошмаган ҳолда эҳсон қилиши жоиз.

Изоҳ қолдиринг