Қайтар дунё: Зиннийра ва унинг хожаси

0

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатни олиб келган, инсонлар бирин-кетин ислом динига кириб, иймон лаззатини тотиб, жоҳилият разилликларидан аста-секин қутулиб, қалблари иймон нури билан суғорилаётган пайтлар эди. Табиийки, бу ҳолат кофирларга ёқмас, мусулмонлар озлиги ва заифлиги сабабли кофирлар ислом неъматига мушарраф бўлган кишиларни азоблар ва бундан ҳеч ҳам чарчамас эдилар. Ҳикоямиз қаҳрамони ҳам бундай машаққат ва қийинчиликлардан бенасиб қолмади. У Аллоҳга бўлган ишонч-иймони ва сабр-матонати билан манаман деган эркакларга ибрат бўла оладиган саҳобия аёллардан бири эди. Биз унинг ҳаётидан биргина лавҳа келтирмоқчи бўлган, унчалик машҳур бўлмаган бу аёлнинг исми Зиннийра розияллоҳу анҳодир. У қурайшлик бир аёлнинг чўриси эди. Унинг исломга кирганидан хабар топган бу аёл, шу ондан эътиборан Зиннийрага азоб бера бошлади. Хожаси унга кечани кеча, кундузни кундуз демай азоб берар, азоблаб чарчаса қўни-қўшниларни чақирар, улар ҳам Зиннийранинг бошига уриб қийноққа солар эдилар. Бу ҳолат Зиннийра кўр бўлиб қолгунигача давом этди. Бир куни силласи қуриган Зиннийра хожасидан сув ва таом сўради. Мушрика аёл сув ва таомни ундан узоқроққа қўйдида: “Ана олдингда турибди, ўзинг олиб, еб-ичавер” – деди ва ортидан: “Эй Зиннийра, сен ҳақ деб ўйлаётган Раббингдан кўзларингни қайтариб беришини сўрамайсанми, шунда олдингдаги таомни ҳам кўрар эдинг” – дея уни масхаралади. Шу он Зиннийра қўлларини кўкка кўтариб: “Эй Раббим, менга кўзларимни қайтариб бер” – деб дуо қилди. Баногоҳ у кўра бошлади, Аллоҳ таоло унинг кўзларини қайтариб берди. Орадан кўп ўтмай Абу Бакр розияллоҳу анҳу уни сотиб олиб, Аллоҳ йўлида озод қилди. Унинг хожаси бўлмиш мушрика аёлга Аллоҳ таоло шундай дард бердики, унинг боши муттасил оғрир, оғриқдан чида олмай тинимсиз қичқирар эди. Аҳвол шу даражага бориб еттики, у атрофидагилардан бошига оёқ кийимлар билан уришларини талаб қилар ва одамлар ҳам дардига даво бўлармикин дея, унинг истагини бажо келтирар эдилар. Охир-оқибат, бу мушрика аёлнинг кўзи кўр бўлиб, хору зор ҳолатда дунёдан кўз юмди.  Аллоҳ таоло ўзининг дўстлари учун душманларидан ана шундай интиқом олади. Ҳа, қайтар дунё деганлари шу бўлса керак!

Изоҳ қолдиринг