Ҳар бир каттаю кичик, эркагу аёл ва ҳуру қул мусулмонга фитр закотини бериш фарздир.
Фитр закотининг машруъ қилиниш ҳикмати
Фитр закоти рўзадорни беҳуда ва фаҳш сўзлар гуноҳидан поклайди, мискинларга егулик бўлади ва Аллоҳ таолога рўзани охирига етказишга муваффақ этгани учун шукр қилиш нишонасидир.
Фитр закотининг тури
Фитр закоти буғдой, арпа, хурмо каби ҳар бир ўлкада озиқ-овқат саналган маҳсулотлардан берилади. Фитр закоти сифатида озиқ-овқатнинг қийматини ёки кийим-кечак бериш ҳисобга ўтмайди.
Фитр закотининг миқдори
Фитр закотининг миқдори бир соъ бўлиб, яхши буғдой ҳисобида 2040 граммга тенг. Уч килограм фитр закоти чиқариб, ортиқчаси садақа бўлсин деб ният қилса, жоиздир.
Фитр закотини чиқариш вақти
Ҳайит куни эрталаб, ҳайит намозигача бериш афзал. Ҳайитдан бир ёки икки кун олдин чиқариш ҳам жоиз.
Киши ўзи ва аҳли оиласи учун фитр закоти бериши вожиб. Хизматчилар ва улар кабилар ўзлари беришади. Лекин иш берувчи уларга билдирган ҳолда уларнинг ҳам фитр закотини ихтиёрий равишда бериши жоиздир.
Фитр закотини берувчи киши хоҳ муқим бўлсин, хоҳ бўлмасин, ўзи истиқомат қилиб турган диёрдаги мусулмон камбағалларга беради. Бошқа жойдаги камбағалларга жўнатса ҳам бўлади.
Фитр закотини бериши учун ўзининг юртида ёки хорижда бировни вакил қилиш жоиз. Фақат вакил ишончли киши бўлиши лозим.
Агар аёл кишининг тижорати бўлса ёки ойлик маош оладиган ва валийсининг молидан алоҳида мол-мулки бор бўлса, ўзининг мол-мулкидан фитр закоти чиқариши вожиб бўлади.