Чақалоққа оид ҳукмлар (38): Мория ва Иброҳимнинг қиссасидан фойдалар (1)

0

«Саҳиҳи Муслим»да келган ҳадисда Сулаймон ибн Муғийра Собитдан, у Анасдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бу кеча ўғлим туғилди. Уни отам Иброҳимнинг исми билан атадим”». Кейин ҳадис давомида Иброҳимнинг ўлими воқеасини зикр қилди[1].

Абу Умар ибн Абдулбар «Ал-истийъоб» китобида айтади: «Саккизинчи йилнинг зулҳижжа ойида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жориялари Мория Қибтийя у зотга Иброҳимни туғиб берди.

Зубайр[2] шайхларидан нақл этишича, Иброҳимнинг онаси уни Олияда[3] туғди ва туғилганининг еттинчи куни бир қўчқор сўйиб ақиқа қилди. Абу Ҳинд боланинг сочини олди ва соч оғирлигича келадиган кумушни камбағалларга садақа қилди. Кейин сочни ерга кўмишга буюрди ва ўша куни унга исм қўйди.

“Еттинчи куни исм қўйди” деган гап Зубайрнинг гапи. Санади Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб борадиган ҳадис унинг гапидан кўра тўғрироқ ва авлороқдир»[4].

Кейин (Ибн Абдулбар) Анаснинг бу ҳадисини келтиради: «Мориянинг дояси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам озод этган чўрилари Салмо эди. У чиқиб, эри Абу Рофеъга Мория ўғил туққанини айтди. Кейин Абу Рофеъ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, хушхабарни етказди. У зот унга бир ғулом (хизматкор қул)ни ҳадя қилдилар»[5].

Мория ва Иброҳимнинг қиссасидан талай суннатлар маълум бўлади:

  1. Ҳадяни қабул қилиш яхши иш экани;

  2. Яҳудий ва насронийларнинг ҳадяларини олиш жоизлиги;

  3. Ҳадя қилинган қулни қабул этиш жоизлиги;

  4. Жория (қул хотин) тутиш жоизлиги;

  5. Фарзандли бўлган кишига фарзанди туғилгани ҳақида хушхабар етказиш;

  6. Хушхабар келтирган одамга суюнчи бериш яхши иш экани;

  7. Чақалоқ номидан ақиқа қилиш;

  8. Ақиқани еттинчи куни қилиш;

  9. Чақалоқнинг сочини олиш;

  10. Чақалоқнинг сочи оғирлигига тенг миқдорда кумуш садақа қилиш;

  11. Сочни ерга кўмиш, уни оёқ остига ташламаслик;

  12. Болага туғилган куни исм қўйиш;

  13. Болани онасидан бошқа аёлга эмизиш ва боқиш учун бериш жоизлиги;

  14. Ота касал фарзандини зиёрат қилиши. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Иброҳимнинг касаллигини эшитгач, уни кўргани Абу Сайф ал-Қайннинг уйига жўнадилар. Болани келтиришни буюрдилар ва уни бағриларига босдилар. Ўшанда боланинг жони узилаётган эди. Шунда у зотнинг кўзлари ёшланди ва бундай дедилар: «Кўз ёшланади ва қалб хафа бўлади. Бироқ Раббимизни рози қиладиган сўзнигина айтамиз. Албатта биз сендан айрилишимиздан маҳзунмиз, эй Иброҳим»[6].

  15. Маййитга кўз ёш тўкиш жоизлиги;

Фузайл ибн Иёз ўғли Али вафот этган кунда кулгани айтилади. Бунинг боиси сўралганида: «Аллоҳ таоло менга қазойи қадар битди, мен У зотнинг қадарига рози бўлишни хуш кўрдим», деб жавоб беради[7]. Бу воқеа у кишининг фазилатлари қаторида саналади.

Бироқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тутган йўллари ундан кўра афзал ва мукаммалдир. Чунки у зот Раббилари Аллоҳ таолонинг қадарига рози бўлиш билан болага раҳм қилиш орасини жамладилар. Ўша онда Саъд ибн Убода у зотдан: «Бу нима қилганингиз, ё Расулуллоҳ?!» деб сўраганида, у зот: «Бу раҳматдир. Албатта Аллоҳ фақат раҳмли бандаларини раҳматига олади», деб жавоб берган эдилар[8].

Фузайл эса иккала ҳолат ўртасини мувофиқлаштира олмади. Раб таолонинг қадарига рози бўлиш билан фарзандга раҳми келиб йиғлашни ақлига сиғдира олмади. Устозимиздан эшитганим жавоб шудир[9].

  1. Маййит учун хафа бўлиш жоизлиги. Модомики Раб таолони норози қиладиган сўз ё амалга ўтилмас ёки У зотни рози қиладиган сўз ё амал тарк этилмас экан, маййит учун хафа бўлиш кишининг савобини камайтирмайди.

  2. Болани ювинтириш. Зеро, Абу Умар ва бошқалар нақл қилишича, Иброҳимнинг сут онаси, Абу Сайфнинг аёли Умму Бурда Иброҳимнинг жасадини ювган, кейин уни кичкина тобутга солиб, уйидан қабрига олиб борган[10].

[1] Муслим ривояти, 4/1807, 2315-ҳадис.
[2] Зубайр ибн Баккор. «Ал-ахбор ал-муваффақаёт» ва «Насаби Қурайш» номли китоблари нашр этилган, бироқ мазкур хабарни у китоблардан топмадим. Ибн Касир «Тафсир»да (1/27) айтишича, бу хабар унинг «Насаб» китобида келган. Кейин унинг санади ҳақида: “Саҳиҳ эмас. Қолаверса, «Саҳиҳ»да келган хабарга зид”, деган.
[3] Мадинаи мунаввара яқинидаги жой номи.
[4] Ибн Абдулбар. «Ал-истийъоб», 1/54.
[5] «Ал-истийъоб», 1/54. Қаранг: Ибн Саъд. «Ат-абақот ал-кубро», 1/135.
[6] Бухорий (3/172) ва Муслим (4/1807) ривояти.
[7] Шу маънодаги воқеа Ибн Абу Дунёнинг «Ар-ризо аниллаҳи би-қазоиҳи» китобида (108-бет) ва шу санад билан Абу Нуайм ал-Асфаҳонийнинг «Ҳилят ал-авлиё» (8/100) китобида келтирилади.
[8] Бухорий (3/151) ва Муслим (1/636, 923-ҳадис) ривояти.
[9] Қаранг: «Зод ал-маод», 1/449
[10] «Ал-истийъоб», 1/56. Шунингдек, қаранг: «Ат-тамҳид», 6/334-бет ва ундан кейинги бетлар.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг