2642 сонли фатвода Умар икки фариштани сўроққа тутиши ҳақида келган қисса тўғрисида бундай дегансиз: «Бу сўзнинг бирон асоси борлигини билмаймиз. Тўғри, мўминлар амири бўлмиш Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу қадри баланд, Исломда хизмати улуғ зотдир. Қолаверса, у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида у зотнинг вазирлари бўлган. У зот вафотларидан сўнг халифаларнинг иккинчиси, жаннати экани башорат берилган ўн кишининг бири бўлган. Бундан бошқа яна бир қанча фазилатлар соҳиби бўлган. Аллоҳ ундан рози бўлсин ва уни рози қилсин! Лекин бу Умар разияллоҳу анҳу ҳақида чуқур кетишимизга, уни муқаддаслаштириб юборишимизга ва оқибатда шариатда йўқ нарсаларни айтишимизга олиб бормаслиги керак. Зеро, ғайбга оид хабарларни фақат ваҳий орқали билиш мумкин».
Бу ҳадисни мен «Мултақо аҳл ал-ҳадис» мулоқот веб-сайтидан топдим. Бу ҳадисни Ибн Ҳажар Асқалоний «Ал-матолиб ал-олия» китобида Ато ибн Ясордан ривоят қилиб: «Мурсал бўлишига қарамай ровийлари ишончли кишилардир», деб айтган экан. Ибн Абдулбар «Ат-тамҳид» китобида Ато ибн Ясордан ривоят қилган. Суютий «Шарҳ ас-судур би шарҳи ҳол ал-мавто вал-қубур» китобида Ато ибн Ясордан ривоят қилиб, бундай дейди: «Абу Нуайм, Ибн Абу Дунё, шунингдек, Ожуррий «Шариат» китобида ривоят қилган. Байҳақий ҳам ривоят қилиб: «Ҳадис мурсал, ровийлари ишончи кишилар», деган. Шунингдек, ҳадис «Муснад ал-Ҳорис завоид ал-Ҳайсамий» китобида ҳам Ато ибн Ясордан ривоят қилинган. Ғазолий «Эҳё улум ад-дин» китобида Ато ибн Ясордан ривоят қилиб: «Ибн Абу Дунё «Китаб ал-қубур» китобида ҳадисни мана шундай мурсал ҳолда ривоят қилган, ровийлари ишончли кишилардир», деган. Байҳақий «Ал-эътиқод» китобида айтади: «Бизга Ато ибн Ясордан ишончли кишилар томонидан мурсал ҳолда ривоят қилинди». Лекин Ибн Батта «Ал-ибона» китобида мазкур ҳадисни Ибн Аббосдан муттасил ҳолда ривоят қилганлиги билан ҳадисда мурсаллик ҳукми қолмайди. Байҳақий «Ал-эътиқод» китобида мазкур ҳадисни Умардан ривоят қилган ва: «Бу санад билан ҳадис «ғариб»дир. Чунки Муфаззал исмли ровий (ровийлар шажараси табақаларидан бирида) ёлғиз ўзи ривоят қилган. Байҳақий ҳадисни «Ал-эътиқод» ва «Исбот азобил қабр» китобларида, Асбаҳоний «Ал-ҳужжа фи баён ал-маҳажжа»да, Абдураззоқ «Ал-мусаннаф»да Умар ибн Хаттобдан марфуъ (санади Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга боғланган) ҳолда ривоят қилган. Ал-муттақий ал-Ҳиндий «Канз ал-уммол»да Умар ибн Хаттобдан марфуъ ҳолда ривоят қилган ва бундай деган: «Бу ҳадисни Ибн Абу Дунё «Ал-баъс»да, Руста «Ал-иймон»да, Абу аш-Шайх «Ас-сунна»да, Ҳоким «Ал-куно»да, Ибн Занжуя «Китаб ал-важал»да, Ҳоким «Ат-тарих»да, Байҳақий «Китоб азоб ал-қабр»да ва Асбаҳоний «Ал-ҳужжа»да ривоят қилган». Суютий «Ад-дурр ал-мансур бит-тафсири бил-маъсур» номли тафсирида Умар ибн Хаттобдан марфуъ ҳолда ривоят қилган ва: «Ибн Абу Довуд «Ал-баъс»да, Ҳоким «Ат-тарих»да, Байҳақий «Азоб ал-қабр»да келтирган», деган. «Ислом: савол ва жавоб» сайтида устоз Фариҳ ибн Солиҳ ал-Баҳлол Байҳақийнинг «Ал-эътиқод» китоби таҳқиқида (254-бет) ҳадиснинг заиф санадларига ишора қилгандан кейин: «Шояд ҳадис мазкур санадлар ва мазмунини қувватлайдиган бошқа ривоятлар билан ҳасан даражасига кўтарилса», деган.
Мазкур ҳадис тўғрисида энг тўғри фикр нима? Аллоҳ сизларни яхши мукофотласин!
Жавоб:
Аллоҳга ҳамд-сано, Расулуллоҳга, оилаларига ва саҳобаларига салом ва салавотлар бўлсин. Аммо баъд…
Аввало шуни айтиш лозимки, 37180 сонли фатво аслида бир савол берувчининг қуйидаги саволига жавоб бўлган эди: «Дўстларимдан бири менга бир нарса ҳақида гапирган эди. Шу гапнинг қанчалар рост эканини текшириб олмоқчи эдим. Унинг айтишича, «Умар ибн Хаттоб қабрга қўйилганда икки фаришта ундан савол сўраши ўрнига у фаришталардан «Сизларнинг Раббингиз ким? Динингиз нима? …деган саволлар сўрар эмиш».
Умар икки фариштадан савол сўраши ҳақидаги қисса сиз зикр қилган китобларда келмаган. Балки бу ҳадис Абдулвоҳид Мақдисийнинг «Ат-табсир» китобида келган. Ундан эса Муҳиббиддин ал-Табарий «Ал-риёз ан-назирату фи маноқиб ал-ашара» номли китобида санадсиз нақл қилиб бундай деган: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади. У зот дедилар: «Агар киши қабрга қўйилса, унинг олдига Мункар ва Накир келади. Улар икки фаришта бўлиб, қўпол, қоп-қора, икки кўзлари кўм-кўк. Ранглари гўё тим-қоронғу кечадек. Овозлари мамақалдироқ каби. Икки кўзлари тешиб юборадиган юлдуздек. Тишлари найзалардек. Сочларини ерда судраб юрадилар. Ҳар бирининг қўлида шундай тўқмоқ борки, жами инсу жин йиғилса ҳам уни кўтаришга қодир бўлмайдилар. Улар қабрдаги кишидан Рабби, пайғамбари ва дини ҳақида сўрайдилар». Шунда Умар ибн Хаттоб: «Менга мен ҳозиргидай ҳолимда келишадими?» деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа», дедилар. Умар: «Ё Расулуллоҳ, у ҳолда мен уларга бас келаман», деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳақ ила мени пайғамбар қилиб жўнатган Зотга қасамки, Жаброил у икки фаришталар сизга келишларини менга хабар берган эди. Шунда сиз: «Аллоҳ Раббимдир. Сизларнинг Раббингиз ким? Муҳаммад пайғамбаримдир. Сизларнинг пайғамбарингиз ким? Диним Исломдир. Сизларнинг динингиз нима?» деб айтасиз. Шунда улар: «Во ажабо! Тушунмай қолдик, биз сенга юборилдикми ёки сен бизга юборилдингми?!» дейдилар».
Ҳадисни Абдулвоҳид ибн Муҳаммад ибн Али Мақдисий «Ат-табсир» китобида келтирган. Ҳофиз Абу Абдуллоҳ ал-Қосим ал-Сақафий Жобирдан ҳадиснинг бошидан то савол зикр қилинган еригача ривоят қилган ва бундай деган: «Умар деди: «Ё Расулуллоҳ, ўша пайтда мен қай ҳолатда бўламан. У зот: «Ҳозирги ҳолатингизда», дедилар. Умар: «Ундай бўлса, мен сиз учун уларга кифоя қиламан», деди». У ҳадиснинг қолганини зикр қилмаган. Саид ибн Мансур ҳам ҳадис мазмунини ривоят қилган. Ҳадис матни эса қуйидагича: «Бизга Исмоил ибн Иброҳим айтиб беришича, унга Муҳаммад ибн Улвон ибн Алқама ҳадис айтган. Унга эса устозлари айтиб беришича, «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Умарга бундай деганлар: «Эй Умар, Мункар ва Накир келиб сени сўроққа тутсалар, қай аҳволда бўласан? Уларнинг овозлари мамақалдироқдек, кўзлари чақмоқдек, сочларини босиб юрадилар, тишлари билан излайдилар». Умар деди: «Ё Расулуллоҳ, биз қай ҳолатда ўлган бўлсак, шу ҳолатда қайта тириламизми?» У зот: «Ҳа», дедилар. Умар: «Ундай бўлса сиз учун уларга бас келаман», деди».
Мазкур қисса санадсиз ривоят қилиниши унинг заиф эканига етарлидир. Умар разияллоҳу анҳунинг «Сиз учун уларга бас келаман» деган сўзига бўлган икки фариштанинг сифатлари ҳақида айтилган ҳадисга келсак, Ироқий ўзининг «Ал-муғний ан ҳамл ал-асфор» китобида у ҳақда бундай дейди: «Расулулоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳуга айтдилар: «Эй Умар, агар сиз ўлсангиз, қавмингиз сизни (дафн этиш учун) олиб борсалар, сизга бўйи уч газ, эни эса бир газу бир қарич келадиган ерни ажратсалар, Сўнг сизни ювиб, кафанлаб, хушбўйласалар, сўнг кўтариб ҳалиги ерга қўйсалар, сўнг устингиздан тупроқ ташлаб дафн этсалар, ўшанда дафн этиб кетганларидан кейин олдингизга Мункар ва Накир исмли қабрда имтиҳон қилувчи икки фаришта келади. Уларнинг овозлари мамақалдироқдай, кўзлари чақмоқдай, сочларини судраб юрадилар. Қабрни тишлари билан излайдилар. Сўнг улар сизни тебратсалар, бу пайтда қай аҳволда бўласиз, эй Умар!» Умар деди: «Ўша пайт ҳозиргидай ақлим жойида бўладими?» У зот: «Ҳа», дедилар. Умар: «Ундай бўлса, мен сиз учун уларга бас келаман», деди».
Ироқий деди: «Ҳадисни Ибн Абу Дунё «Китоб ал-қабр»да мурсал ҳолда келтирган. Ровийлари ишончли кишилар. Байҳақий «Ал-эътиқод» китобида айтади: «Бизга Ато ибн Ясордан ишончли кишилар томонидан мурсал ҳолда ривоят қилинди». Лекин Ибн Батта «Ал-ибона» китобида мазкур ҳадисни Ибн Аббосдан муттасил ҳолда ривоят қилган. Байҳақий «Ал-эътиқод» китобида мазкур ҳадисни Умардан ривоят қилган ва: «Бу санад билан ҳадис «ғариб»дир. Чунки Муфаззал исмли ровий (ровийлар шажараси табақаларидан бирида) ёлғиз ўзи ривоят қилган. Аҳмад ва Ибн Ҳиббон Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилишган.