«Бақеъ» ва «шаҳидлар» қабристонини зиёрат қилишнинг ўзига хос фазилати борми? Бақеъ зиёратида қабр эгаларининг исмларини билиш шартми?

0

278 – «Бақеъ» ва «шаҳидлар» қабристонини зиёрат қилишнинг ўзига хос фазилати борми?

Билишимча, Бақеъ ҳамда Уҳуд шаҳидлари (разияллоҳу анҳум) қабристонларини зиёрат қилиш фазилати ҳақида бирорта саҳиҳ ҳадис ёки саҳобаларнинг сўзлари келмаган. Бироқ у иккисини ҳам мусулмонларнинг бошқа қабристонлари қаторида маййитлар ҳаққига дуо қилиш, уларга мағфират сўраш, панд-насиҳат ва ибрат олиш мақсадида зиёрат қилиш суннат, бироқ зиёрат учун атай сафар қилиб борилмайди.

Имом Ибн Таймия айтади: «Қубо масжиди зиёратига келсак, Мадинага келган одам Қубо масжидига ҳам келиб намоз ўқиши мустаҳабдир. Шунингдек, жумҳур уламолар наздида Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қилганлари каби Бақеъ ва Уҳуд шаҳидлари қабристонига бориш ҳам суннат ҳисобланади»[1]. «Молик ва бошқалар бундай деган: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидлари, Қубо масжиди, Бақеъ ва Уҳуд аҳли қабристони – мазкур жойлардан бошқасига бормаймиз. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат мазкур икки масжид ва икки қабристондан бошқасини кўзлаб йўлга чиқмас эдилар”»[2].

279 – Бақеъ зиёратида қабр эгаларининг исмларини билиш шарт эмас

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бақеъ аҳлини зиёрат қилишдан мақсад уларнинг ҳақларига омонлик ва мағфират сўраб дуо қилиш ҳамда зиёрат сабабли охиратни ёдга олишдир… Гарчи зиёратчи уларнинг исмларини билмаса ҳам мақсад осонликча ҳосил бўлаверади, Аллоҳга ҳамд бўлсин. Уларнинг исмларини қабрга ёзиб қўйишга ҳожат йўқ. Агар бу ишнинг мусулмонлар учун яхшилиги бўлганида эди, саҳобалар ҳамда уларга яхшилик ила эргашган тобеинлардан иборат салафи солиҳлар бошқалардан аввал у хайрли ишга шошилган ва уни қилишга кейингилардан кўра ҳақлироқ бўлар эдилар. Чунки улар шариатни энг яхши билувчи, унга амал қилишда бошқалардан ўзиб кетган, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оилалари ва аҳли байтнинг бошқа аъзоларига муҳаббатлари чексиз бўлган кишилар эди. Шунга қарамай, улар қабристонни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва рошид халифалар замонида қандай бўлса шу ҳолатда қолдирдилар. Бундан маълум бўладики, улардан кейин келган одамлар пайдо қилган қабрлар устига бино қуриш ва уларга ёзиш каби ишлар ботил (асоссиз) ишлардир, ҳаром ҳаддан ошиш ва ёмон бидъатлардир. Эй ўқувчи, бунга жиддий аҳамият беринг, шубҳа пайдо қилувчиларнинг шубҳаларидан ва бидъатчиларнинг бидъатларидан эҳтиёт бўлинг. Албатта тўғри йўлга йўлловчи Аллоҳнинг ўзидир»[3].

[1] «Мажмуъ ал-фатово», 27/379.
[2] Аввалги манба, 27/381.
[3] «Мажмуъ ал-фатово», 1/398-399.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг