Мўминларнинг онаси Хадича разияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳга турмушга чиқишидан олдинги фарзандлари

0

Савол:

Хадича разияллоҳу анҳонинг фарзандлари ҳақида интернет саҳифаларидан изланиб ўқиганларим мени ҳайратда қолдирди. Ҳинд бинти Атиқ ва Ҳоланинг икки ўғли Ҳинд ва Ҳола ҳақида сийрат китобларида маълумот берилмаганми? Улар Исломга киришганми ёки Исломдан олдин ўлиб кетишганми? Шу ҳақда қониқарли жавоб топа олмадим. Илтимос, бу масалага аниқлик киритсангиз. Шиа тоифасининг интернетдаги жавоблари маъқул келмади.

Жавоб:

Биринчидан:

Мўминларнинг онаси Хадича бинти Хувайлид разияллоҳу анҳо Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга турмушга чиқишларидан олдин икки кишига турмушга чиққан ва улардан фарзанд кўрган эди.

Биринчиси Атиқ ибн Оиз ибн Махзум бўлиб, ундан биргина қиз кўрган. Унинг исми Ҳинд.

Иккинчиси Абу Ҳола ат-Тамимий Молик ибн ан-Наббош эди. Ундан уч ўғил кўрган. Уларнинг исмлари Ҳинд, Ҳола ва Тоҳир бўлган.

Бошқа бир ривоятда келишича, Хадича аввал Абу Ҳолага, кейин Атиқ ибн Оизга турмушга чиққан.

Унинг барча фарзандлари Исломга киришган ва саҳобалик мақомига эришган. Уламолар уларни саҳобалар жумласидан санайдилар. Фарзанларидан айримлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида баъзи ишларга бошчилик қилганлар.

Дорақутний “Ал-ихва” номли китобида зикр қилишича, Хадичанинг эри Атиқ ибн Оиз ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Махзумдан кўрган қизи Ҳинд Исломга кирган ва турмуш қурган, аммо биронта ҳам ҳадис ривоят қилмаган.

Ибн Саъд айтади: “Ҳола Сайфий ибн Умайя ибн Оизга турмушга чиққан. Сайфий Ҳоланинг амакиваччаси бўлади. Ундан бир ўғил кўрган. Унинг исми Муҳаммад ибн Сайфий. Хадича разияллоҳу анҳога невара бўлгани учун Муҳаммаднинг ўғиллари Бани ат-Тоҳира деб аталарди[1].

Абу Ҳоланинг ўғли Ҳинд ҳақида Ҳофиз Ибн Ҳажар бундай дейди: “Ҳинд Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўгай ўғиллари, яъни хотинлари Хадичанинг ўғли бўлган. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис ривоят қилган. Ундан эса Ҳасан ибн Али Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларини ривоят қилган. У ҳадисни Термизий, Бағавий, Табароний ва бошқалар Ҳасан ибн Алидан ривоят қилишган.

Зубайр ибн Баккор айтади: “Ҳинд “Жамал воқеаси” бўлганда қатл этилди”. Дорақутний ҳам “Ал-ихва” китобида шундай деган. Абу Умар айтади: “Ҳинд балоғат ва фасоҳат соҳиби бўлган эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларини жуда чиройли таърифлаган эди”[2].

Аммо Ҳола ибн Аби Ҳола ҳақида ҳофиз Ибн Ҳажар бундай дейди: “Абу Умар уни саҳобалардан, деган. Ибн Ҳиббон: “Ҳола ибн Хадича саҳобалардандир”, дейди[3].

Тоҳир ибн Абу Ҳола ҳақида Ибн Асир раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Тоҳир ибн Абу Ҳола Ҳинд ибн Абу Ҳола ал-Асадий ат-Тамимийнинг инисидир. Онаси Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинлари Хадича бинти Хувайлид разияллоҳу анҳодир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Яманга айрим ишларга бошлиқ қилиб жўнатган эдилар”[4].

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: “Тоҳир ибн Абу Ҳола ат-Тамимий ал-Асадий Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қарамоқларида катта бўлган Ҳинднинг инисидир. Сайф муртадлик даврининг бошларида Абу Мусодан ривоят қилиб бундай дейди: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени Яман диёрига бошчи қилиб беш кишининг бири этиб жўнатганлар. Улар мен, Муоз, Тоҳир ибн Абу Ҳола, Холид ибн Саид ва Укоша ибн Савр эдик”[5].

Маълум бўладики, уламоларимиз Хадича разияллоҳу анҳонинг фарзандларига эътиборсизлик қилишмаган. Балки китобларида уларнинг сийратлари, Исломга киришгани ва саҳобалик мартабасига эришгани ҳақида гапирганлар.

Иккинчидан:

Мусулмон киши дин ва дунё ишларига тааллуқли илмлардан ўзига манфаатли бўлгани билан шуғулланиши керак. Аҳли суннат манҳажини маҳкам тутиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар юрган йўлдан юриши зарур. Уламоларимиз бидъат аҳлининг сўзларига қулоқ тутишдан ва китобларини ўқишдан огоҳ этганлар. Токи мусулмон қалбига шубҳа кириб, иймонига путур етмасин. Хусусан, илми оз бўлган мусулмон киши бидъат аҳлининг сўзларидан узоқ бўлиши ва уларнинг интернет саҳифаларига кирмаслиги лозим. Токи динини асраб, уни бузадиган шубҳалардан йироқ тутсин.

Сизга насиҳатим бундай бузғунчи ва ботил сайтларга кирманг. Акс ҳолда, қалбингизга шубҳа киритиб қўйиши мумкин. Аҳли суннат ва жамоатнинг сайтлари билан кифояланинг. Бу сайтлардан ўзингизга керакли ва фойдали шаръий ҳукмларни ўрганасиз. Валлоҳу аълам.

[1] “Ал-исоба”, 8/347.

[2] “Ал-исоба”, 6, 436.

[3] “Ал-исоба”, 6/406.

[4] “Усд ал-ғоба”, 2/455.

[5] “Ал-исоба”, 3/418; “Ат-табақот ал-кубро”, 8/11; “Ал-истийъоб”, 2/775, 4/1544, 1547; “Усд ал-ғоба”, 2/455, 4/602; “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 8/206.

Изоҳ қолдиринг