«Аманту биллаҳи ва кафарту бил-жибти…” деб бошланадиган дуо саҳиҳми?

0

Савол:

Қуйидаги зикр ҳақида бирон далил ёки ҳадис борми:

“Аманту биллааҳи ва кафарту бил-жибти ват-тоғути вас-тамсакту бил-урватил вусқо лан-фисома лаҳа. Валлоҳу самиъун алийм”.

Маъноси: “Буюк Аллоҳга иймон келтирдим, жибт (сеҳр, бут-санам) ва тоғутга (шайтонга) куфр келтирдим, ҳеч ажраб-узилиб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушладим. Аллоҳ эшитувчи ва билувчи зот”.

Мен ушбу дуони ҳар доим эрталабки ва кечки зикрларга қўшиб ўқиб юраман. Бу ишим жоизми?

Жавоб:

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Бу зикрнинг саҳиҳ санади борлиги бизга маълум эмас.

Ибн Абу Дунё “Ҳавотиф ал-жаан” (154) китобида Арафа ибн Язиддан, у Абу Асмар Абдийдан нақл қилган. Арафа айтади: “Мен Абу Асмар билан Мавсилда учрашиб қолдим. У менга қуйидаги воқеани айтиб берди:

“Кунларнинг бирида бир киши ярим тунда Кўфа шаҳрининг ташқарисига чиқади. Тўсатдан тахтга ўхшаган бир нарсага ва атрофида ўни бир оломон ўраб олганига кўзи тушади. Ҳалиги киши яшириниб олиб, уларни кузатиб туради. Бир нарса келиб, ҳалиги тахтга ўтиради. Сўнг: “Қандай қилиб Урва ибн Муғийрани қўлга туширсам экан?” деди. Оломон ичидан бири чиқиб: “Уни менга қўйиб беринг”, деди. “Ҳозироқ ҳузуримга келтир!” деди. Сўнг у Мадина томонга қараб йўл олди. Бир муддат ўтгандан кейин унинг ҳузурига қайтиб келиб деди: “Урва ибн Муғийрага кучим етмади”, деди. Тахт устида ўтирган шахс: “Нега?” деб сўради. У: “Чунки у тонг отганда ва кеч кирганда муайян бир сўзларни айтар экан. Шу сабабли унга кучим етмади”, деб жавоб берди. Шундан кейин тахт атрофидаги оломон тарқалди ва бунинг гувоҳи бўлган ҳалиги киши ҳам ўз уйига қайтиб кетди. Тонг отгач, бозорга бориб, битта туя сотиб олди ва Мадинага қараб йўл олди. У ерда Урва ибн Муғийра билан учрашиб, ундан тонг отганда ва кун ботганда қандай сўзларни айтиши ҳақида сўради ва унга бўлиб ўтган ҳодисани айтиб берди. Шунда Урва айтди: “Мен эрталаб ва кечқурун: “Аманту биллаҳи ва кафарту бил-жибти ват-тоғути вас-тамсакту бил-урватил вусқо лан-фисома лаҳа. Валлоҳу самиъун алийм”, дея уч марта айтаман”.

Ушбу ривоятнинг санадида Арафа ибн Язийд Абдий деган ровий бор ва у мажҳул, яъни унинг ҳадис нақл қилишдаги илмий даражаси номаълум ҳисобланади. Заҳабий раҳимаҳуллоҳ у ҳақда бундай дейди: “Арафа ибн Язийд Абдийдан ўғлидан бошқа ҳеч ким ривоят қилмаган ва мункар хабарни нақл қилган”[1].

Қолаверса, ушбу зикр Пайғамбаримизга эмас, балки Урва ибн Муғийрага нисбат берилмоқда. Шунингдек, ундан ушбу сўзларни нақл қилган одам мажҳул. Ушбу мажҳул (номаълум) одамдан нақл қилган Абу Асмар ҳақида ҳам бирон маълумот учратмадик. Баъзи табақот (тарих) китобларида Абу Ашям ва Абу Ашам деб келтирилган.

Боз устига, Урва ибн Муғийра Мадина шаҳрининг аҳолисидан эмас, балки Кўфа шаҳрининг аҳолисидан ҳисобланади. Айрим ривоятларда Урва ибн Муғийранинг ўрнига Урва ибн Зубайр деб ва ҳалиги воқеанинг гувоҳи бўлган мажҳул (номаълум) одам билан учрашиб, ундан нақл қилган ровий Вуҳайб ибн Вард экани айтилган.

Зиёуддин Мақдисий ўзининг “Удда лил-карби ваш-шидда” китобида Вуҳайб ибн Варддан мазкур қиссани нақл қилади. Лекин унда Урва ибн Муғийранинг ўрнига: “Қандай қилиб Урва ибн Зубайрни қўлга туширсам экан?!” деб айтилган.

Ушбу ривоятни Мунзирий “Тарғиб ва тарҳиб” китобида санадини тўлиқ келтирмай нақл қилган ва уни Ибн Абу Дунёнинг “Макойиди шайтон” китобида борлигини айтган.

Бироқ ушбу ривоят ҳам саҳиҳ эмас. Чунки унинг санадида икки мажҳул ровий бор. Шунингдек, унда “изтироб” бор (яъни ривоятлар бир-бирига зид кўринишда нақл қилинган).

Шайх Албоний ушбу ривоятга “Заиф ва мавқуф”, яъни санади заиф ва бу зикр тобеин Урванинг сўзи, холос, деб изоҳ берган[2].

Ушбу зикр Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидан олинган кўринади:

Бас, ким тоғутдан (шайтондан) юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ эшитувчи, билувчидир” (Бақара, 256).

Мусулмон одам гоҳида ушбу зикрни айтса бўлаверади. Агар ўзига хос руқя дуоларидан қилиб олса ҳам зиёни йўқ. Лекин буни Пайғамбаримиздан собит бўлган дуо, деб эътиқод қилмаслиги керак. Чунки фақат Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлганларини у зотга нисбат бериб, доимий ўқиб юрса бўлади.

Маълумки, “Мана бу зикрни доимий равишда айтиб юриш мустаҳаб”, дейиш учун далил керак. Чунки мустаҳаб шаръий ҳукм бўлиб, далилсиз собит бўлмайди.

Валлоҳу аълам.

 (IslamQA интернет саҳифасидан олинди).

[1] Заҳабий. “Мезон ал-эътидол”, 3/63.

[2] “Заиф ат-тарғиб ва ат-тарҳиб”, 1/203.

Изоҳ қолдиринг