Устига қубба ва сағана қурилган ва чироқ ёқилган қабрларни зиёрат қилиш, тавоф қилиш ёки улардан ёрдам сўраш жоизми?

0

280 – Устига қубба ва сағана қурилган ва чироқ ёқилган қабрларни зиёрат қилиш, тавоф қилиш ёки улардан ёрдам сўраш жоизми?

Шайх Абдураҳмон ибн Ҳасан Оли Шайх раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабрлари устига қубба қурилган ва чироқ ёқилган қабристонларга бориш ҳақидаги саволингизга келсак, дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудий ва насронийларни лаънатлаб: “Яҳудий ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишди”, дедилар[1]. Бошқа ҳадисда у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни ҳамда қабрлар устига масжид қурган ва чироқ ёққан кимсаларни Аллоҳ лаънатласин”, деганлар[2]. Қабрлар устига сағана қуриш ва чироқ ёқиш ортидан қабрга сиғиниш ва ибодат қилиш, қабр олдида ўзни хор тутиш, қабрни улуғлаш ва Аллоҳдан ўзгаси қодир бўлмаган ҳожатларни қабрдан сўраш каби ножоиз ишлар келиб чиқади. Имом Молик «Муватто»да Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда у зот: “Эй Аллоҳ, қабримни сиғиниладиган бут қилиб қўйма! Пайғамбарларининг қабрини масжид қилиб оладиган қавмга Аллоҳ қаттиқ ғазаб қилади[3], деганлар»[4].

Устозимиз Абдураҳмон ал-Баррок айтади: «Шайх юқоридаги гаплари билан қабрларга сағана қуриш ва чироқ осиш ҳаром эканига урғу берди ва шу билан кифояланди. Бундай қабрларни зиёрат қилиш ҳукмини очиқ баён этмади. Эҳтимол, у мазкур гаплар бутхонага айлантириб олинган ўша қабрларни зиёрат қилишдан қайтаришга етарли, деб ҳисоблагандир. Ёки эҳтимол, бу масалада ҳолатга қараб айтиладиган ҳар хил ҳукмлар бор-у, бироқ у мусулмон инсон ширк ва ширкка олиб борадиган воситалар зоҳир бўлиб турган бундай маконлардан узоқроқ туришини хоҳлагани учун уларни келтирмаган. Қабрлар зиёратидан асосий мақсад охиратни эслаш бўлар экан[5], бу мақсад ҳар қандай қабрни зиёрат қилиш билан ҳосил бўлаверади. Шак-шубҳа йўқки, мазкур кўринишда улуғланган қабрларни зиёрат қилиш ортидан талай ёмонликлар келиб чиқади. Зиёратчи бидъат аҳлидан деган гумонга борилиши, уни кўрганлар у ерларда бўлаётган ножўя ишларни жоиз деб ўйлаб қолиши ва хато ишга эътироз билдирмаслик шулар жумласидан. Чунки аксар ҳолларда зиёратчи қабрларда ётган кишилар ҳақида ҳаддан ошган қабрпарастларга бу ишлари хато эканини айтиб, уларга танбеҳ беришга қодир бўлмайди».

Кармий деди: «Қабрларга чироқ ёқиш ҳаромдир. Демак, ундай жойга бориш мункар (ёмон) жойда ҳозир бўлиш ҳисобланади. Мункар жойларда ҳозир бўлиш ҳам ҳаромдир»[6].

Маълумки, валима (никоҳ тўйи) зиёфатига чақирилган одам таклифни қабул этиши вожиб. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бирортангиз валимага чақирилса, борсин», деганлар[7]. У ерда ножоиз ишлар бўлиши таклифни рад этишни тақозо қилади, фақат мункардан қайтариш ва ёмонликни кетказиш мақсадида бориш бундан мустасно. Шариатга зид иш тўхтатилса яхши, акс ҳолда ортга қайтиш вожиб бўлади. Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен овқат ҳозирлаб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни таомга чақирдим. У зот келдилар-у, уйдаги расмларга кўзлари тушди ва ортларига қайтдилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, нега ортга қайтдингиз?” дедим. “Уйда расм чизилган нарса бор экан. Расм бор уйга фаришталар кирмайди”, дедилар»[8].

«Зеро, ман этувчи омил билан талаб ва тақозо этувчи омил қарама-қарши келиб қолган пайтда ман этувчи омилга амал қилинади»[9].

Шундай экан, устига сағана қурилган ва чироқ ёқилган ҳамда атрофида дуо, тавоф, қурбонлик ва назр каби анвойи ибодатлар қилинадиган қабрларни зиёрат қилиш жоиз эмаслиги янада авло бўлади. Чунки аслида қабрларни зиёрат қилиш мустаҳаб амал, вожиб эмас. Фақат ўша қабрларни бузиб ташлаш ёки қабрпарастларга танбеҳ бериш, уларни тавҳид ва суннатга чақириш каби шаръий манфаат юзасидан бориш жоиз. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан ким бирон ножўя ишни кўрса, уни қўли билан қайтарсин. Қўли билан қайтаришга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин. Бунга ҳам қодир бўлмаса, қалбида норози бўлсин. Лекин бу иймоннинг энг заифидир», деганлар[10].

Аллоҳ таоло Ўзини якка деб билувчи мўминларни бундай таништиради: «Улар ёлғон гувоҳлик бермайдилар (ва ёлғон сўзланадиган суҳбатларда ҳозир бўлмайдилар). Тасодифан беҳуда (ишларга машғул бўлган кишилар) ёнидан ўтиб қолсалар, юз ўгирган ҳолда ўтиб кетадилар» (Фурқон, 72). Яъни улар ҳаром сўз ва ишлар бўлган жойларга бормайдилар.

Аллоҳга ширк келтириш ва ширкни чиройли кўрсатиш, безаш ва унга одамларни тарғиб этишдан ёмонроқ қандай ёлғон бор?!

«Доимий фатво қўмитаси»дан масжидларда ўтказиладиган илм дарслари ва маърузаларга бориш ҳақида сўралди. Қўмита унинг жоиз эканини айтиб, ортидан бундай деди: «Бироқ агар у йиғинларда бидъат ёки ширк ишлар ва гаплар бўлса, у жойга ҳозир бўлиш ва сафар қилиб бориш жоиз эмас, фақат ножўя ишдан қайтариш ва Аллоҳ таолога даъват қилиш учун бориш бундан мустасно»[11].

Аллоҳнинг уйлари бўлмиш масжидларга тегишли ҳукм шундай бўлар экан, қабристонлар ҳақида нима дейиш мумкин?!

[1] Ойша ва Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (ўлим соати яқинлашиб) келган вақтда юзларига йўл-йўл ёпинчиқларини ташлаб олдилар, нафаслари бўғилиб кетгач, юзларини очдилар ва шу ҳолатда туриб: “Яҳудий ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишди”, деб, уларнинг қилмишларидан (умматларини) огоҳлантирдилар». Бухорий (436) ва Муслим (531) ривояти.
[2] Ҳадис тахрижи 28-масалада ўтди.
[3] Ҳадис тахрижи 99-масалада берилди.
[4] «Ад-дурар ас-санийя», 5/125.
[5] Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қабрларни зиёрат қилаверинглар. Чунки қабр зиёрати дунёдан тияди ва охиратни эслатади». Ҳадис тахрижи 266-масалада ўтди.
[6] Маръий ибн Юсуф ал-Кармий Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1033 ҳ.) «Шифо ас-судур фий зиёрати ал-машоҳид вал-қубур», 157-бет. Муҳаққиқ: Жамол Салоҳ. Фатво бошқармаси нашри, иккинчи нашр, 1424 ҳ.й.
[7] Бухорий (5173) ва Муслим (1429) ривояти.
[8] Баззор (2/157, 523-ҳадис) ва Насоий (5351) ривояти. Баззор ҳадисни саҳиҳ деган, ҳадис лафзи ҳам унга оид.
[9] «Субул ас-салом», 3/275.
[10] Муслим ривояти, 1/69, 49-ҳадис.
[11] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 12/114, 16466-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг