Чақалоққа оид ҳукмлар (39): Мория ва Иброҳимнинг қиссасидан фойдалар (2)

0

18. Ёш болага жаноза ўқиш.

Абу Умар деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Иброҳимга жаноза ўқидилар ва (намозда) тўрт бор такбир айтдилар. Жумҳур уламолар айтган гап ва тўғри фикр шудир.

Шунингдек, Шаъбий бундай деган: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғиллари Иброҳим ўн олти ойлигида вафот этди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жаноза ўқидилар”[1].

Ибн Исҳоқ Абдуллоҳ ибн Абу Бакрдан, у Амра бинти Абдураҳмондан, у Ойшадан ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўғиллари Иброҳимни дафн этдилар, унга жаноза ўқимадилар”».

Абу Умар (ибн Абдулбар) айтади: «Бироқ бу гап тўғри эмас. Чунки жумҳур уламоларнинг барчалари туғилган бола учун жаноза ўқилишига ижмо-иттифоқ қилганлар, буни салафлар ва уларнинг издошларидан келган кўплаб нақллар ва улар қилиб келган амаллар орқали қабул қилиб олганлар. Самура ибн Жундубдан бошқа бирор киши бундан бошқа фикрда бўлганини билмайман».

Яна бундай дейди: «Ойшадан ривоят қилинган ҳадис маъноси эҳтимол бундайдир: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам фарзандларига жамоат билан биргаликда жаноза ўқимаганлар, балки бу ишни асҳобларига буюрганлар, ўзлари унга ҳозир бўлмаганлар. Шундай дейилса, уламоларнинг бу масалада айтган сўзларига зид келмайди. Қолаверса, ҳадис маъноси энг лойиқ суратда тушунилган бўлади». Иқтибос тугади[2].

Бошқа бир олим бундай деган: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш тутилиши ва унга оид намоз билан машғул бўлиб, жанозага қатнаша олмадилар. Чунки ўғиллари вафот этган ўша кун қуёш тутилган, у зот эса кусуф намози билан банд эдилар. Одамлар: “Иброҳим вафот этганига қуёш тутилди”, дейишди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам кусуф намози хутбасини қилдилар ва хутба асносида: “Дарҳақиқат, қуёш ва ой Аллоҳнинг оятларидандир. Улар бировнинг ўлими ёки туғилгани учун тутилмайди. Бироқ Аллоҳ у иккиси билан бандаларини қўрқитади”, дедилар»[3].

Абу Довуд «Сунан»да айтади: «Ёш болага жаноза ўқиш боби». Кейин Муҳаммад ибн Исҳоқ тарафидан ривоят қилинган Ойша разияллоҳу анҳонинг ушбу ҳадисини келтиради: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғиллари Иброҳим ўн саккиз ойлигида вафот этди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жаноза ўқимадилар»[4].

Кейин шу бобда Баҳийдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни келтиради: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғиллари Иброҳим вафот этганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга «мақоид»да[5] жаноза ўқидилар»[6].

Бу ҳадис мурсалдир[7]. Баҳий – Мусъаб ибн Зубайрниг мавлоси Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Ясор. У тобеий бўлган.

Кейин Ато ибн Абу Рабоҳдан қуйидагича ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўғиллари Иброҳимга жаноза ўқидилар. Ўшанда у етмиш кунлик эди»[8].

Бу ҳадис ҳам мурсалдир. Афтидан, ровий янглишган. Боланинг ёши қанча бўлгани Аллоҳга маълум.

Байҳақий айтади: «Мазкур ривоятлар мурсал бўлса-да, мавсул (санади туташ) ҳадисга ўхшайди ва улар бир-бирини қувватлайди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўғиллари Иброҳимга жаноза ўқиганлари саҳиҳ ҳадисларда исботини топган. Бу ривоятлар у зот ўғилларига жаноза ўқимагани айтилган нариги ривоятлардан авлороқдир»[9].

Байҳақий «мавсул ҳадис» деганда Баро ибн Озибдан ривоят қилинган ушбу ҳадисга ишора қилган: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўғиллари Иброҳимга жаноза ўқидилар. Иброҳим ўн олти ойлигида вафот этган эди. У зот айтдилар: “Жаннатда унинг эмиш муддатини охирига етказадиган эмизувчиси бор. У (Иброҳим) сиддиқдир”»[10].

Бу ҳадис саҳиҳ эмас. Чунки у Жобир ал-Жуъфий ривоят қилган ҳадислардандир. Жобирнинг ҳадиси ҳужжатликка ярамайди. Бироқ бу ҳадис Баҳий, Ато ва Шаъбийдан ривоят қилинган мурсал ҳадислар билан қўшилиб, бир-бирини қувватлайди.

Баъзи одамлар бундай дейди: «Шаҳидлар шаҳид бўлганликлари боис жанозадан беҳожат бўлганлари каби Иброҳим ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғиллари бўлгани учун жанозадан беҳожат бўлди, шу боис у зот Иброҳимга жаноза ўқимадилар».

Бу гап жуда хато ва илмдан ўта олис гапдир. Чунки Аллоҳ таоло пайғамбарлар ва сиддиқларга ҳам жаноза ўқилишини жорий этди. Дарҳақиқат, саҳобалар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга жаноза ўқиганлар. Урушда жон берган шаҳидга жаноза ўқилмаслигининг сабабига келсак, жаноза маййит ювилгандан кейин ўқилади, шаҳид эса ювилмайди.

[1] «Ал-истийъоб», 1/58. Шунингдек, ҳадисни Ибн Абу Шайба (3/379, «Дор ал-қибла» нашрида: 7/467), Абдураззоқ (3/532) ва Ибн Саъд («Табақот», 1/140) ривоят қилган, Байҳақий (4/9) ҳадис санадини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламгача етказган.
[2] Яъни Ҳофиз Ибн Абдулбардан нақл қилинган иқтибос тугади.
[3] Бухорий (2/536) ва Муслим (901-ҳадис) ривояти.
[4] «Сунани Абу Довуд», 10/469-470. Ҳадисни Имом Аҳмад ҳам (6/267) ривоят қилган.
[5] «Мақоид» – Усмон разияллоҳу анҳунинг Мадинадаги ҳовлиси ёнидаги дўконлар. «У масжид яқинида зарурат юзасидан ўтириш ва таҳорат олиш учун ажратилган жой» ҳам дейилган. Қаранг: Фаттаний. «Мажмаъ биҳор ал-анвор», 4/306.
[6] Абу Довуд аввалги манбада (10/471), шунингдек, «Маросил» китобида (431-рақамли ҳадис) ва Байҳақий «Сунан»да (4/9) ривоят қилган.
[7] Санадининг охирида тобеиндан кейинги ровий (яъни саҳобий) тушиб қолган, яъни тобеин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисга «мурсал ҳадис» дейилади ва у заиф саналади. (Тарж.)
[8] Аввалги манба, 10/471.
[9] Қаранг: Байҳақий. «Ас-сунан ал-кубро», 4/9.
[10] Имом Аҳмад «Муснад»да (4/289, «Ар-рисола» нашрида эса: 30/456 ва 520), Ибн Саъд «Табақот»да (1/141), Абу Яъло (1696) ва Абдураззоқ (14013) ривоят қилган. Ҳайсамий «Мажмаъ»да (9/162) айтади: «Санадида Жобир ал-Жуъфий бор, у заиф ровийдир. Бироқ ҳадисни ундан Шуъба ривоят қилган. Шуъба ундан ёлғонни ривоят қилмайди. Баронинг ҳадисидан бошқа ҳадисда саҳиҳ йўл билан келган».

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг