281 – Қабрларни бидъатчилар зиёрат қилишга одатланган вақтларда зиёрат қилиш
Аввалроқ ўтганидек, қабр зиёрати ҳар қандай вақтда жоиздир. Агар рофизий-шиалар ёки улардан бошқа бидъатчиларнинг эътиқоддан келиб чиқиб қабристон зиёратига борадиган махсус вақтлари бўлса, мусулмон одам уларга ўхшаб қолмаслик ва уларнинг сонини кўпайтириб турмаслик учун одатда бидъатчилар зиёрат билан машғул бўладиган ўша вақтларда қабристон зиёратига бормай туриши мақсадга мувофиқдир. Фақат уларни ширк ва бидъат амаллардан қайтаришга қодир бўлса, бориши мумкин.
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ Байтул Мақдисни залолат аҳли кўзлаб борадиган вақтда зиёрат қилиш ҳукми ҳақида бундай дейди: «Байтул Мақдисни зиёрат қилиш ҳамма вақт жоиздир. Аммо у ерга залолат аҳли зиёрат мақсадида ҳозир бўладиган вақтларда бориш тўғри эмас. Масалан, кўплаб адашган кимсалар Қурбон байрамида Байтул Мақдисга бориб, ўша ерда туришади. Байтул Мақдисга Арафотда тургандек туриш учун бориш ва бу иш бандани Аллоҳга яқинлаштиради, деб эътиқод қилиш ҳаром эканида шубҳа йўқ. Уларга ўхшаб қолишдан ва уларнинг ададини кўпайтириб туришдан эҳтиёт бўлиш керак»[1].
282 – Қабрларни вақтичоғлик ва эрмак учун зиёрат қилиш
Ибн Аттор Димашқий Шофеий қабрлар зиёратидан кўзланган ҳикматни айтиб ўтгач, ортидан бундай дейди: «Бироқ агар қабр зиёрати эрмак, ўйин-кулги, фисқу фужур, хурсандчилик, калондимоғлик, кибр ва манманликка айланса, ажабтовур ҳолат юзага келади, масала шаклан ва мазмунан тубдан ўзгариб кетади… Ҳушёрлик ўрнини ғафлат, эслаш ўрнини унутиш, хафалик ўрнини шодлик, қисқа умид ўрнини чексиз орзу, охират ободлиги ўрнини охират хароблиги ва савоблар ўрнини гуноҳлар эгаллайди. Аллоҳ бундай ҳолатдан паноҳ берсин»[2].
283 – Бидъатчиларни мозорларга элтиб қўйиш
«Кимдир бошқа бировни қайсидир сағанани тавоф қилиш ёки қандайдир қабр шарафига уюштирилган маросимга қатнашиш учун ўша жойга элтиб қўйиши жоиз эмас. Бу ишни қилган одам гуноҳ ишга қўл урган бўлади. Чунки бу гуноҳ ва маъсиятга ҳисса қўшиш саналади. У жойга бормоқчи бўлган одам кишининг отаси ё онаси бўлиши ҳам бу ишни жоиз қила олмайди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яратувчига осий бўлинадиган ишда яратилмишга итоат қилинмайди”, деганлар[3]»[4].
Рофизий-шиаларни Маккага олиб борган киши фосиқ саналар экан, уларни қабрлар ва мозорлар атрофида уюштириладиган ширк ишларига элтиб қўйган кимса ҳақида нима дейиш мумкин?!
Шайх Абдураҳмон ибн Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким рофизийларни Маккага олиб борса, Аллоҳга осий бўлибди ва гуноҳи кабирага қўл урибди. Ким шу ишни қилса, фосиққа айланибди»[5].
[1] «Мажмуъ ал-фатово», 27/15. Ибн Ваззоҳ (вафоти: 287 ҳ.) Яҳё ибн Абу Касирдан (вафоти: 129 ҳ.) ривоят қилади: «Агар йўлда бидъатчига тўқнаш келиб қолсанг, бошқа кўчага бурилиб кет». «Ма жа-а фил-бидаъ», 106-бет, 131-рақам. Муҳаққиқ: Бадр ал-Бадр. «Дор ас-Сумайъий» нашриёти, биринчи нашр, 1416 ҳ.й. [2] «Фазлу зиёрат ал-қубур», 48-бет. [3] Абу Бакр ал-Халлол (вафоти: 311 ҳ.) «Ас-сунна» китобида (1/114, 58-ҳадис) ривоят қилган. Муҳаққиқ: Атийя Заҳроний. «Дор ар-роя» нашриёти, биринчи нашр, 1410 ҳ.й. Муҳаққиқ ҳадисни заиф санаб: «Чунки у «мурсал»дир, санади Ҳасанда тўхтайди», деган. Шунингдек, ҳадисни Имом Аҳмад (2/333, 1095-ҳадис) «Аллоҳ таолога осий бўлинадиган ишда яратилмишга итоат йўқ» матни билан ривоят қилган. «Муснад» муҳаққиқлари Шуайб Арнаут ва Одил Муршид ҳадисни саҳиҳ деганлар. Ҳадисни Бухорий (7146) ва Муслим (1840) ҳам «Итоат фақат яхши ишда бўлади» матни билан ривоят қилганлар. [4] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 1/393, 5741-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида. [5] «Ад-дурар ас-санийя», 5/379.
Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.