Намозда саф тортиш ҳақида

0

Савол:

Бугунги кунда масжидлардаги меҳроблар катталашиб, сафнинг бир қисми меҳробнинг орқасида ёки подвалларда ва имомни умуман кўрмайдиган иккинчи қаватларда бўлиб қолмоқда. Бу жойларда ўқилган намоз жамоат намози ҳисобланадими?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавот ва саломлар бўлсин!

Модомики имомга эргашган киши (муқтадий) масжиднинг ичида бўлса ва имомни ёки имомнинг орқасидагиларни кўриб турса ёки такбирларни эшитадиган даражада бўлиб иқтидо қилиш имкони бўлса, у ҳолда бу намоз жамоат намози ҳисобланади. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Саф тортишда имом ва муқтадийга оид уч хил ҳолат мавжуд:

Биринчи ҳолат: имом ва муқтадий бир масжидда бўлсалар, ораларидаги масофа яқин бўладими ёки масжиднинг катталиги сабаб оралиқ масофа узоқ бўладими, масжид яхлит бир биноми ёки масжиднинг саҳни, айвони, пастки қавати, том қисми, ҳовлиси ҳамда минораси каби масжиднинг бир қисми ҳисобланадиган бинолар билан ажралганми, муқтадий имомнинг намозини билиб турса, ундан ўтиб кетмаса, имомдан юқорида бўладими, пастдами, мазкур ҳолатларнинг барчасида саф тортиб намоз ўқиш дуруст бўлади. Бунда хилоф йўқ. Бу ҳақда мусулмонларнинг ижмоси нақл қилингандир…” (“Мажмуъ” китоби, 4/195).

Шунга қарамай, муқтадийнинг имомга яқин туриши афзалдир. Бу ҳақда бир қанча ҳадислар келган. Жумладан:

  1. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни ортга тисарилаётганларини кўрдилар ва уларга: “Олдинга келиб, менга етишиб туринглар! Сиздан кейингилар сизга етишиб турсинлар, ҳадеб ортга тисарилаверганларни Аллоҳ ҳам ортга суриб қўяди” – дедилар” (Имом Муслим ривояти).

  2. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Малоикалар Раббиларининг ҳузурида саф тортгандек саф тортмайсизларми?”. Биз: “Эй Расулуллоҳ, малоикалар Раббиларининг ҳузурида қандай саф тортишади?” – дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аввалги сафларни тўлдирадилар ва сафда зич турадилар” – деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).

  3. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган хадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аввало олдинги сафни, сўнгра ундан кейингисини тўлдиринглар. Агар ноқислик бўладиган бўлса, охирги сафда бўлсин” – деганлар (Абу Довуд ривояти).

Сафнинг узилиши туфайли масжиднинг устунлари орасида намоз ўқишдан қайтариқлар ҳам келган. Ибн Можа Муовия ибн Қуррадан, у отасидан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида устунлар орасида саф тортишдан қайтарилар эдик…”.

Абдулҳамид ибн Маҳмуд[1] роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: “Амирлардан бирининг орқасида намоз ўқидик. Одамлар тирбандлигидан икки устуннинг орасида намоз ўқишга мажбур бўлдик. Намозни ўқиб бўлганимиздан кейин Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида шундай бўлишидан қўрқар эдик” – дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Ибн Муфлиҳ роҳимаҳуллоҳ: “Имомга эргашган кишиларнинг икки устун орасида намоз ўқиши макруҳдир” – деганлар. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ: “Чунки устунлар сафни узиб қўяди” – деб айтганлар. Лекин жамоатнинг кўплиги ва масжиднинг торлиги сабаб, устунлар орасида туришга эҳтиёж бўлса, бундай ҳолларда макруҳ бўлмайди.

Хулоса қилиб айтсак, масжиднинг иккинчи қаватида ёки подвалида ёки устунлар орасида ёлғиз турмай саф тортиб намоз ўқиш жоиз. Лекин имомнинг орқасида имомга яқин туриб ўқиш афзалдир. Имомга қанча яқин жойда турса, шунча афзал бўлаверади, валлоҳу аълам.

[1] Тобеинларнинг тўртинчи табақасидан.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг