Қабр зиёрат қилган ёки жанозага қатнашган кишидан шумланиш ва дафннинг эртасидан қабрга қатнаш

0

284 – Қабр зиёрат қилган ёки жанозага қатнашган кишидан шумланиш ва уни янги туққан аёллар олдига киритмаслик

Қабр зиёрат қилган ёки жанозада қатнашган кишидан шумланиб, уни янги туққан аёллар олдига киритмаслик ва бу аёлнинг кўкрагидан сут келмай қолишига сабаб бўлади ёки аёл ўша маййит ювинтирилган сувга ғусл қилмагунича, ё маййит ювинтирилган сув устида юрмагунича, ё денгиз суви устидан юриб ўтмагунича қайта ҳомиладор бўла олмайди, деб ишониш жоҳилият хурофотларидандир. Мазкур ишларнинг барчаси «шариатда далили бўлмаган ишлардан, асоси йўқ хурофотлардан. Бундай ишлар эътиқодга путур етказади. Улардан воз кечиш ва бошқаларни ҳам огоҳлантириш ҳамда Аллоҳ таолога таваккул қилиш ва суяниш даркор. Шариатга зид бўлган бу каби ишларни ташлаш ва соғлом эътиқодни маҳкам ушлаш вожибдир»[1].

285 – Қабр тупроғини хаскашлаш ва дафннинг эртасидан қабрга қатнаш

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ асоссиз ва ёмон бидъатлар туркумидан қуйидагиларни келтиради: «Маййит кўмилганидан уч кун ўтиб қабр тупроғини хаскашлаш. Маййит ўлганининг эртаси тонгда, учинчи ё еттинчи кунида, ўлганига бир ой ёки бир йил тўлганида қабрга қатнаш ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва рошид халифалар замонида қилинмаган бидъат ишлардандир»[2].

Суютий айтади: «Иккинчи ва учинчи кунлари эркаклар қабр атрофида тўпланиши бидъатлар туркумидандир»[3].

[1] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 26/301-302, 20714-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.
[2] Шайхулислом Ибн Таймия. «Жомеъ ал-масоил», тўртинчи тўплам, 150-бет.
[3] «Ал-амру бил-иттибоъ ван-наҳйу анил ибтидоъ», 288-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг