Чақалоққа оид ҳукмлар (40): Мория ва Иброҳимнинг қиссасидан фойдалар (3)

0

19. Иброҳим вафот этган кунда қуёш тутилди. Одамлар: «Иброҳим вафот этганига қуёш тутилди», дейишди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам «кусуф» намози хутбасини қилдилар ва бундай дедилар: «Дарҳақиқат, қуёш ва ой Аллоҳнинг оятларидандир. Улар бировнинг ўлими ёки туғилгани учун тутилмайди»[1].

Бу ҳадисда Иброҳим муҳаррам ойининг ўнинчи куни вафот этган дегувчиларга раддия бор. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикмати тақозосига кўра қуёш қамарий ойнинг охирги кечаларида тутилиши одатини жорий этди. Шунингдек, ой тутилиши фақат ой тўлган ойдин кечаларда содир бўлади. Бу ҳам худди Аллоҳ жорий этган одатга кўра ойнинг ҳилол бўлиши ой бошига, тўлишиши ой ўртасига ва кичрайиши ойнинг охирига тўғри келишига ўхшайди.

20. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Иброҳимнинг жаннатда сут онаси бўлишини ва у боланинг сут эмиш даврини тамомига етказишини хабар бердилар. Бундан маълум бўладики, Аллоҳ таоло саодат аҳли бўлган бандаларининг дунёда чала қолган ишларини вафотларидан кейин тўлдириб беради. Бу тўғрида айрим ривоятлар келган, бироқ ҳозир бунинг мавриди эмас. Ҳатто айтилганки, илм ўрганаётган ҳолида вафот этган киши ўлимидан кейин тўлиқ илмга эришади. Қуръон ўрганиш асносида вафот этган киши ҳақида ҳам шунга ўхшаш гап айтилган. Валлоҳу аълам.

21. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қибтийларга яхшилик қилишга буюрганлар, «Албатта уларнинг зиммаси (ҳурмати, кафолати) ва қариндошлиги бор», деганлар[2]. Чунки Аллоҳнинг энг суюкли икки бандаси Иброҳим ва Муҳаммад алайҳимассаломнинг жориялари – Ҳожар ва Мория қибтийлардан эди.

Ҳожар арабларнинг отаси бўлмиш Исмоил алайҳиссаломнинг онасидир, «қариндошлик» зикр этилишининг боиси шудир.

Зиммага келсак, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Морияни ўзларига жория қилдилар ва ундан ўғиллари Иброҳим туғилди. Бу эса мусулмонлар зиммасидаги мажбурият бўлиб, модомики қибтийлар уни поймол этмаса, мусулмонлар риоя этишлари вожибдир, валлоҳу аълам.

Бухорий «Саҳиҳ»да Суддийдан ривоят қилади: «Анас ибн Моликдан: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғиллари Иброҳим қанчага кирган эди?” деб сўрадим. Анас: “Бешигини тўлдирган эди. Агар яшаб қолганида, албатта пайғамбар бўлган бўлар эди. Бироқ яшаб қолмас эди, чунки Пайғамбарингиз охирги пайғамбардирлар”, деди»[3].

Исо ибн Юнус Ибн Абу Холиддан ривоят қилади: «Ибн Абу Авфодан: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғиллари Иброҳим ҳақида нима дейсиз?” деб сўрадим. У деди: “Кичиклигида вафот этган. Агар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин бирор пайғамбар бўлиши тақдирда бўлганида, у яшаб қолган бўлар эди. Аммо Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайғамбар йўқдир”»[4].

Ибн Абдулбар айтади: «Бу гапнинг асосини билмайман. Масалан, Нуҳ алайҳиссаломнинг фарзанди пайғамбар бўлмаган. Шунингдек, пайғамбар бўлмаган одамдан ҳам пайғамбар туғилаверади, худди шундай пайғамбардан пайғамбар бўлмаган одам туғилиши ҳам жоиз. Агар пайғамбардан фақат пайғамбар туғилиши керак бўлганида эди, ҳамма одам пайғамбар бўлар эди. Чунки ҳамма Нуҳнинг авлоди, Одам алайҳиссалом ҳам Аллоҳ билан сўзлашган набий бўлган. Бироқ Одамнинг пуштидан бўлган фарзандлари орасида Шисдан ўзгаси набий бўлганини билмайман»[5]. Валлоҳу аълам.

Бу боб болага исм қўйиш вақти масаласига алоқадор бўлган қўшимча боб бўлди, уни мавзудан ташқари келтирдик.

Энди бобнинг асосий мавзусига қайтамиз ва бундай деймиз: «Исм қўйишдан асосий мақсад номланаётган нарсани танитишдир. Чунки агар у номланмай қолиб кетса, уни таништириб бўлмай қолади. Шундай экан, унга пайдо бўлган заҳоти исм қўйиш ҳам жоиз, исм қўйишни уч кунга ёки ақиқаси сўйиладиган кунга кечиктириш ҳам жоиз. Бундан аввал ҳам, кейин ҳам исм қўйиш жоиз. Бу борада танлов кенгдир».

[1] Ҳадис тахрижи аввалроқ ўтди.
[2] Абу Зар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлар яқинда «қийрот» (сўзи кўп) ишлатиладиган бир ерни фатҳ қиласизлар. У ер аҳлига яхшилик қилишингизни сизларга васият қиламан. Чунки уларнинг ҳурмати ва қариндошлиги бор”» (Муслим ривояти, 4/1970, 2543-ҳадис. Қибтийлар мисрлик насронийлардир.
[3] Имом Аҳмад (3/280. «Ар-рисола» нашрида эса: 21/402) ва Ибн Саъд (1/157) ривояти. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳ ал-Борий»да (10/579): «Ҳадисни Аҳмад ва Ибн Манда ривоят қилган», деган. Уни «Саҳиҳи Бухорий»дан топмадим.
[4] Бухорий «Ал-адаб ал-муфрад»да (10/579) ривоят қилган.
[5] «Ал-истийъоб», 1/60.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг