Дафндан сўнг қабристонга кўп бориш, зиёратчи маййитга салом бераётиб қўлини қабрга қўйиши ҳамда олим ва солиҳ кишиларнинг қабрларини кўп-кўп зиёрат қилиш ҳукми

0

286 – Дафндан сўнг қабристонга кўп бориш

«Маййит кўмилганидан сўнг қабристонга ҳадеб қатнайвериш суннат эмас. Суннат дафндан сўнг қабр тепасида туриб, маййит ҳаққига собитқадамлик сўраб дуо қилишдир. Абу Довуд «Сунан»да ривоят қилади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бирортасини дафн этсалар, унинг қабри тепасида турар ва: «Унга собитқадамлик сўранглар, зеро, у ҳозир сўралади», дер эдилар”[1].

Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти маъноларидан биридир: “(Эй Пайғамбар,) вафот этган мунофиқлардан бирортасига ҳеч қачон намоз ўқиманг ва қабри устида (ҳаққига дуо қилиб) турманг!” (Тавба, 84). Бинобарин, модомики Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мунофиқларга жаноза ўқиш ва уларнинг қабри тепасида туришдан қайтарилган эканлар, бу оятнинг акс маъносидан мўмин учун дафндан аввал жаноза ўқилиши ва дафндан сўнг қабри тепасида туриши келиб чиқади. Маййитни шариатда жоиз бўлган кўринишда дуо ва истиғфор билан зиёрат этиш мазкур жоиз бўлган қабр тепасида туриш жумласидандир»[2].

Шайхимиз Муҳаммад ал-Усаймин айтади: «Бирор яқини вафот этган киши унга қалбини ҳаддан зиёд боғлаши, қабрига ҳадеб боравериши тўғри эмас. Чунки бу иш унинг хафалигини янгилайди, Аллоҳнинг зикридан чалғитади ва шу қабр ёнида бўлишни асосий ташвишига айлантиради. Баъзан инсон бу иш ортидан васваса, хурофот ва турли ёмон ўй-хаёлларга мубтало бўлади»[3].

287 – Зиёратчи маййитга салом бераётиб қўлини қабрга қўйиши

Баъзи уламолар зиёратчи қабрда ётган маййитга салом бериш асносида қўлини қабрга қўйишини мустаҳаб санаганлар ва буни қўл бериб саломлашишга ўхшатганлар[4]. Бироқ ундай қилиш шариатга мувофиқ эмас. Чунки у иш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларнинг қабр зиёратига оид саҳиҳ суннатларига зиддир. Қолаверса, қабрга қўлни қўйиш яҳудий ва насронийларнинг ишидир.

Шамсул-аимма Маккий: «Қабрга қўлни қўйиш бидъатдир», деган[5].

Маҳмуд Хаттоб айтади: «Абул Лайс деди: “Қабрга қўлни қўйиш суннат ҳам, мустаҳаб ҳам эмас. Балки у аҳли китобнинг одатидан бўлган ёмон бидъатдир”»[6].

288 – Олим ва солиҳ кишиларнинг қабрларини кўп-кўп зиёрат қилиш шариатда борми?

Шайхимиз Муҳаммад ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Олим ва обид кишиларнинг қабрларини ҳадеб зиёрат қилавериш охир-оқибат кишини ширкка тушириб қўядиган ғулув (муболаға)га олиб бориши мумкин. Шунинг учун уларнинг қабрларини камроқ зиёрат қилиб, ҳақларига кўпроқ дуо қилавериш керак. Аллоҳ таоло дуони қабул этса, маййитга фойдаси тегаверади. Бунинг учун киши қабрга бориб, қабр олдида дуо қилган бўладими, уйида ёки масжидда дуо қилган бўладими, фарқи йўқ. Қаерда дуо қилмасин, дуоси маййитга етиб бораверади, иншааллоҳ. Унинг учун ўша одамнинг қабрига қатнашга ҳожат йўқ»[7].

[1] Ҳадис тахрижи 177-масалада ўтди.
[2] Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ. «Мажмуъ ал-фатово», 24/330.
[3] «Фатово фий аҳком ал-жаноиз», 307-бет.
[4] Қаранг: «Ал-одоб аш-шаръийя», 3/221.
[5] «Ал-фатово ал-ҳиндийя», 5/351.
[6] «Ад-дин ал-холис», 8/83.
[7] «Фатово фий аҳком ал-жаноиз», 286-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг