Аршга истиво қилишни «Арш устида ўтириш» деб тафсир қилса бўладими?

0

Савол:

«Аллоҳ таоло арш устида ўтиради», деб айтиш мумкинми? «Аллоҳ арш устида ўтириб, фалон-фалон ишларни қилади», деса бўладими? Бундай иборани қўллаган киши Аллоҳни масхара қилган ҳолда эмас, балки жоиз деган гумон билан айтган. Энди у шу айтган гапи учун Аллоҳдан мағфират сўраб, бу ишни қайта қилмасликка азм-қарор қилса, етарлими? Аллоҳ ҳақида нолойиқ сифатлар билан гапириш хатарли эканини биламан. Ҳатто мусулмон киши айрим ҳолатларда диндан чиқиб кетиши ҳам мумкин. Мен сўраган масала ана шундай ҳолатларга кириб қолмайдими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Биринчидан:

Аллоҳ таоло арш устида ўзининг улуғлиги ва комиллига лойиқ тарзда истиво қилгани собит ва ҳақдир.

Дарҳақиқат, бу масала Қуръоннинг етти жойида зикр қилинган. Улардан бири Аллоҳ таолонинг ушбу оятидир:

إنَّ رَبَّكُمُ اللَّهُ الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ فِي سِتَّةِ أَيَّامٍ ثُمَّ اسْتَوَى عَلَى الْعَرْشِ

Эй одамлар, Раббингиз осмонлару ерни олти кунда йўқдан бор қилган, сўнг Ўзининг улуғлиги ва буюклигига лойиқ тарзда аршга истиво қилган зотдир” (Аъроф, 54).

«Истиво» сўзининг машҳур тафсири юқорилик ва кўтарилишдир. Имом Бухорий «Саҳиҳ»да «Аллоҳнинг арши сувнинг устида эди. «У буюк аршнинг Раббидир», деган боб ажратган.

(وكان عرشه علي الماء)  (وهو رب العرش العظيم)

Абул Олия айтади: “Осмонга истиво қилди” дегани «Осмонга кўтарилди», демакдир”.

Мужоҳид айтади: “Истиво қилди” дегани «Арш узра юксалди» демакдир”.

Бағавий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Сўнг осмонга истиво қилди” оятини Ибн Аббос ва кўпчилик салаф муфассирлар: “Осмонга кўтарилди”, деб тафсир қилганлар[1].

Истивони «Арш устида ўтириш» деб тафсир қилишга келсак, бу ҳақда бир нечта ҳадислар ривоят қилинган. Лекин биронтаси ҳам саҳиҳ эмас.

Шундай бўлса-да, айрим салафлар истиво калимаси ўтириш маъносини ҳам ўз ичига олади, деб тафсир қилганлар. Бу нарса имом Хорижа ибн Мусъаб аз-Забаийдан ривоят қилинган[2].

Шунингдек, Ҳофиз Дорақутний ҳам ўзининг машҳур назмий асарида ўтириш маъносини айтган.

Ўтириш маъноси бор бўлган тақдирда ҳам у бандаларнинг сифатларига ўхшамайди, деган эътиқодда бўлиш лозим.

Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: “Фаришталар, шунингдек, инсонларнинг руҳлари ҳақида айтилган кўтарилиш, тушиш, ҳаракатланиш ва ҳоказо сифатлар одамларнинг жисм ҳаракатларига ҳамда биз дунёда кўзларимиз билан кўрадиган бошқа хатти-ҳаракатларга ўхшамаслиги, шунингдек, фаришталарда ва одамларнинг руҳларида инсонларнинг жисм ва таналарида тасаввур қилиш имконсиз бўлган ишлар содир бўлиши мумкин экан, мазкур сифатлар билан Аллоҳ таолонинг сифатланиши янада мумкинроқ ва Аллоҳнинг тушиши мавжудотларнинг тушишига ўхшашдан янада узоқроқ бўлади.

Аллоҳнинг тушиши фаришталарнинг ҳам, одамзот руҳларининг ҳам тушишига асло ўхшамайди. Гарчи Аллоҳнинг тушиши инсонлар танасининг тушишидан кўра уларнинг руҳларининг ёки фаришталарнинг тушишига яқинроқ бўлса-да.

Ўликнинг қабрда ўтириши унинг дунёдаги ўтиришига ўхшамас экан, Жаъфар ибн Абу Толиб, Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳумо ва бошқалар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадислардаги Аллоҳга нисбат берилган «ўтириш» шакли инсон жисмининг ҳаракат шаклига асло ўхшатилмаслиги керак”[3].

Ўтириш лафзи Қуръонда ҳам, саҳиҳ ҳадисларда ҳам, саҳобаларнинг сўзларида ҳам келмаганлиги учун бу масалага чуқур киришмай сукут қилмоқ энг тўғри йўл бўлади.

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ аршга истиво қилди, деган оятни унинг устида ўрнашди, деб тафсир этиш салафлардан нақл қилинган машҳур тафсирдир. Буни Ибн Қаййим “Ан-нуния” китобида ва бошқалар зикр қилган. Ўтириш деган маънога келсак, салафлардан истивони шундай тафсир қилганлар ҳам бор. Лекин бу гапга кўнглим тўлмаган. Валлоҳу аълам”[4].

Шайх ал-Баррок айтади: “Айрим саҳоба ва тобеинларнинг сўзларида Аллоҳ таолога ўтириш нисбат берилган, Аллоҳ курсисида хоҳлаганидай ўтиради, дейилган. Шундан келиб чиқиб, баъзи мутақаддим имомлар бу лафзни қўллашган бўлса керак. Шайхулислом Ибн Таймия сўзидан истиво калимаси ўтириш маъносини ҳам ўз ичига олади, деган фикрни тушуниш мумкин. Лекин бу сўзни қўллашдан тўхталган яхшироқ. Фақат очиқ далил топилсагина айтса бўлади”[5].

Демак, юқорида айтилган фикрларга кўра, истивони ўтириш деб таъбир қилмаймиз. Аршга истиво қилишни «Аршга юксалди ва кўтарилди» деб тафсир қиламиз.

Ким айрим салафларнинг сўзларини олиб истивони ўтириш деб тафсир қилаётган бўлса, унга эътироз этмаймиз. Лекин унга бундай деймиз: “Бу гапни омма халқ орасида айтмаслик ва тарқатмаслик керак. Чунки бу фитнага олиб бориши, оддий халқ Аллоҳни махлуқотларига ўхшатиб қўйиши мумкин”.

Хулоса: истиво калимасини ўтириш деб тафсир қилиш куфр эмаслиги, балки истиво маъносига оид ихтилофли тафсир экани маълум бўлди. Бу масалада тутилган энг тўғри йўл ўтириш лафзини қўлламасликдир.

Валлоҳу аълам.

[1] “Тафсири Бағавий”, 1/78; Ибн Ҳажар. “Фатҳ ал-Борий”, 13/417. Абу Убайда, Фарро ва бошқалар ҳам шундай деганлар.

[2] Абдуллоҳ ибн Аҳмад. “Ас-сунна”, 1/105.

[3] “Мажмуъ ал-фатово”, 5/527-бет.

[4] “Мажмуъ фатово Ибн Усаймин”, 1/196-бет.

[5] “Шарҳ ар-рисала ат-тадмурия”, 188-бет.

Изоҳ қолдиринг