Мулк ва Сажда сурасини ухлашдан олдин ўқиш суннатми?

0

Савол:

Мулк ва Сажда сураларини кечанинг исталган вақтида ўқисам бўладими ёки тўшагимга ётар пайтимда ўқийманми? Аллоҳ сизларни ажр-савоб билан мукофотласин.

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамдлар, Расулуллоҳга ва у зотнинг яқинлари ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин. Аммо баъд:

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Сажда ва Мулк сурасини ўқимагунларича ухламас эдилар, деб айтилган ва бу ҳадис саҳиҳ. Ҳадисдан Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечанинг қайси қисмида бўлишидан қатъи назар, бу икки сурани ўқиб, кейин ухлар эдилар, деган маъно тушунилади. Аммо бу икки сурани уйқуга тайёргарлик кўришларидан олдин ўқир эдиларми ёки ётар пайтларидами, ҳар икки эҳтимол мавжуд.

Муборакпурий раҳимаҳуллоҳ “Туҳфатул аҳвазий шарҳу сунани Термизий” китобида Тийбий раҳимаҳуллоҳдан нақл қилиб бундай дейди: Тийбий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу икки сурани ўқимай ухламас эдилар, дегани ухлаш вақти киргандан бошлаб, то тўшакка ётгунларига қадар ушбу икки сурани ўқимай ухламас эдилар, деган маънода бўлиши ҳам ёки умуман олганда (кеча ё кундузнинг қай вақтида бўлмасин) уларни ўқимай ухламас эдилар, деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Ҳадиснинг маъноси шуки, у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам одатда ушбу икки сурани ўқимай ухламас эдилар. Бинобарин, уларни ухлаш вақти кирмасдан олдин қай вақтда бўлса ҳам ўқиса бўлаверади, деган маъно тушунилади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу сураларни кечаси ўқир эдилар, дейилганда бу маънони ифодалай олмас эди”.

Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳадис мазкур услубда айтилишининг фойдаси шуки, Пайғамбаримиз ушбу сурани ухлашдан олдин (ётар пайтдами ёки ундан олдинми фарқи йўқ) ўқиганларини билдиради. Шубҳасиз, иккинчи эҳтимол (яъни ухлаш вақти киргандан бошлаб то уйқуга кетгунга қадар ушбу икки сурани ўқимай ухламас эдилар, деган эҳтимол) кучлироқдир. Чунки бу эҳтимолга кўра, ҳадисга амал доирасини торайтирадиган ва ҳадисда айтилмаган сўзларни қўшиб изоҳлашга эҳтиёж бўлмайди”.

Маълум бўладики, ушбу икки сурани ухлашдан аввал ўқиш керак. Тўшакка ётар пайтингиздами ёки ундан олдинми, фарқи йўқ. Муҳими инсон уларни кечаси ўқиб, кейин ухлаши мақсадга мувофиқдир. Шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, уларни ўқиш вожиб эмас, балки мустаҳаб.

Валлоҳу аълам.

 “Исламвеб” веб-саҳифасидан олинди.

Изоҳ қолдиринг