Туманли тарих (10): Абу Бакр халифалиги даврида бўлиб ўтган муҳим ҳодисалар

0

Учинчи баҳс

Абу Бакр халифалиги даврида бўлиб ўтган муҳим ҳодисалар

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Шомдаги румликларга қарши Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу бошчилигида қўшин ҳозирлаган эдилар. Қўшин йўлга чиқмасидан бурун Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар. Саҳобалар Мадинанинг хавфсизлигини ўйлаб, бу қўшинни юбориш масаласида иккиланиб қолишди. Айниқса, атрофдаги кўп араб қабилаларининг муртад бўлиб, диндан қайтаётгани тўғрисида хабарлар кела бошлагач, иккиланиш янада кучайди.

Абу Бакр Усома қўшинини жўнатишга қаттиқ туриб олди.

– Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабул қилган бу қатъий қарорни бузмайман! – деди Абу Бакр разияллоҳу анҳу, – Йиртқиш қушлар бошимизга чанг солса ҳам, Мадина атрофини ваҳший ҳайвонлар ўраб олса ҳам, итлар мўминлар оналарининг оёқларини тортқиласа ҳам, барибир, Усоманинг қўшинини тўхтатмайман!

Сиддиқ Мадина атрофига қоровуллар тайинлади. Айнан шундай оғир вазиятда Усома қўшинининг йўлга чиқиши мусулмонлар учун фойдали бўлди. Қўшин йўлида учраган барча араб қабилаларига даҳшат солиб ўтди.

Ҳамма Ислом лашкарининг қудратига гувоҳ бўлди. Қирқ кун (баъзилар етмиш кун дейишган) туриб, Усома қўшини ўлжа-ғаниматлар билан соғ-саломат қайтиб келди.

Ойша разияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг нифоқ бош кўтарди, араблар муртадлик йўлига ўтди, яҳудий ва насронийлар ғимирлаб қолишди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам йўқликлари боис мусулмонлар қаҳратон тунда тўзғиган қўйлар суруви каби ҳолатда эдилар. Аллоҳ таоло уларни Абу Бакр атрофида бирлаштирди. Отамнинг бошига мустаҳкам тоғлар кўтара олмайдиган ташвишлар тушди. Аллоҳга қасамки, қайси бир ишда баҳс-мунозара этилмасин, отам унда енгиб чиқиб, масалага ечим топди. Умар ибн Хаттобни кўрган одам унинг Ислом ёрдамчиси қилиб яратилганига амин бўларди.

Аллоҳга қасамки, Абу Бакр мислсиз эди, ҳар ишга устасини тайёрлаб қўйган эди»[1].

Закот беришдан бўйин товлаганлар ва муртадларга қарши кураш

Абу Бакр разияллоҳу анҳу закот беришдан бош тортганлар ва диндан қайтганларга қарши уруш қилишга қарор қилди. Саҳобалар Мадина ва унинг аҳолиси хавфсизлигини ўйлаб муртадлар билан урушмасликни сўрашди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу рози бўлмади. Саҳобалар закот беришдан бош тортганлар билан урушмасликни, уларнинг қалбларида иймон мустаҳкам ўрнашгунига қадар яхши муомала қилиб туришни сўрашди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу яна рози бўлмади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтади: «Умар ибн Хаттоб Абу Бакрга деди: «Қандай қилиб одамлар билан урушмоқчисиз?! Ахир Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг расули, деб айтмагунларича уларга қарши урушишга буюрилдим. Агар шундай деб айтсалар, мендан қонлари ва молларини омонда сақлашади. Фақат Ислом ҳаққи бундан мустасно», деганлар-ку!» Абу Бакр разияллоҳу анҳу деди: «Аллоҳга қасамки, одамлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга беришган бир улоқчани (бошқа ривоятда «арқонни» дейилган) беришдан бош тортсалар ҳам, уларга қарши уруш очаман. Шубҳасиз, закот молнинг ҳаққи саналади. Аллоҳга қасамки, закот билан намознинг ўртасини ажратган кимсага қарши урушаман».

Умар разияллоҳу анҳу айтади: «Қарасам, Аллоҳ таоло Абу Бакрнинг қалбини жанг қилишга очиб қўйган экан. Унинг ҳақ эканини тушундим»[2].

«Уруш ҳаром қилинган ойлар чиқса, мушрикларни топган жойингизда ўлдиринглар, (асир) олинглар, қамал қилинглар ва барча йўлларда уларни кузатиб туринглар. Агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо қилсалар ва закотни берсалар, уларнинг йўлларини тўсманглар (яъни улар билан урушишни бас қилинглар). Зеро, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Тавба, 5).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида кўп араблар муртад бўлиб кетдилар.

Тулайҳа Асадий бошчилигида Асад ва Ғатафон қабилалари муртад бўлди.

Ашъас ибн Қайс Киндий бошчилигида Кинда ва унинг яқинидаги қабилалар муртад бўлди.

Асвад Ансий бошчилигида Мазҳиж ва унга яқин қабилалар муртад бўлди.

Мусайлима Каззоб бошчилигида Бани Ҳанифа қабиласи муртад бўлди.

Фужоа бошчилигида Сулайм қабиласи муртад бўлди.

Сажоҳ Тағлибийя (Тамимийя ҳам дейишган) бошчилигида Бани Тамим қабиласи муртад бўлди.

Баъзи қавмлар диндан қайтмаган бўлсалар-да, закот беришдан бош тортишди. Закот бермаймиз деган қавмлардан бири шундай деган эди:

Пайғамбар борида этдик итоат,

Энди Абу Бакр нима қилмоқчи?

Ахир Расулуллоҳ топдилар вафот,

Абу Бакр ўринбосар бўлмоқчи!

Аллоҳга қасамки, бу шундай ҳолат,

Балки, белимизни икки букмоқчи.

Абу Бакр разияллоҳу анҳу Холид ибн Валид разияллоҳу анҳуга байроқ тикиб, уни Тулайҳа ибн Холид Асадийга қарши жўнатди. Сайфуллоҳ Тулайҳадан фориғ бўлгач, Битоҳдаги Молик ибн Нувайра томон юриши керак эди.

Икрима ибн Абу Жаҳл разияллоҳу анҳуга байроқ тикиб, Мусайлима Каззобга қарши жўнатди. Икриманинг ортидан Шураҳбил ибн Ҳасанани қўшин билан жўнатди.

Холид ибн Саид ибн Осга байроқ тикиб, Шом атрофидаги қишлоқларга жўнатди.

Амр ибн Ос разияллоҳу анҳуга байроқ тикиб, Қузоа, Вадиа ва Ҳорис қабилаларига қарши жўнатди.

Ало ибн Ҳазрамийга байроқ тикиб, Баҳрайнга жўнатди[3].

Ҳузайфа ибн Миҳсан Ғатафонийга байроқ тикиб, Дабо аҳлига, Арфажа ва Ҳарсама қабилаларига жўнатди.

Тарафа ибн Ҳожибга байроқ тикиб, Бани Салим қабиласига ва уларга қўшилган Ҳавозин қабиласига қарши жўнатди.

Сувайд ибн Муқарринга байроқ тикиб, Яманнинг Тиҳомасига жўнатди.

Абу Бакр разияллоҳу анҳу Мадинага қайтди. Ҳар бир қўшин Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг мактубини ҳам олиб кетди. Қуйида ушбу мактуб мазмуни билан танишамиз:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси Абу Бакрдан ушбу мактубим етиб борган барча халққа, исломда собит турганлар ёхуд диндан юз ўгирганларга.

Ҳидоятга эргашган ва ҳидоятдан сўнг залолат ва ҳавосига қайтмаган кишиларга салом бўлсин! Мен сизларга Ўзидан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳни мақтайман ва гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг қули ва расулидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган барча нарсани тасдиқ этамиз ва ким ундан бўйин товласа, уни куфрга мансуб билиб, унга қарши курашамиз.

Аммо баъд:

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни (жаннат) хушхабарини берувчи, (жаҳаннам оловидан) огоҳлантирувчи, Аллоҳнинг изни билан Унга даъват қилувчи ва нурли чироқ этиб, тирикларни огоҳлантириш ҳамда кофирларга азоб ҳақли бўлиши учун Ўз ҳузуридан бандаларига пайғамбар қилиб юборди. Ким ҳаққа интилса, Аллоҳ уни ҳидоят этди, ҳақдан юз бурган кимсаларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам урдилар-уришдилар. Оқибатда истаб ёки истамай Исломни қабул қилди. Сўнг Аллоҳ таоло Расулининг жонини олди. Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг амрини тўлиқ адо этдилар, умматга астойдил ҳақни айтдилар ва зиммаларидаги вазифаларни бажардилар. Аллоҳ таоло Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам куни келиб жон таслим этишларини нозил этган Китобида пайғамбари учун ҳам, Ислом аҳли учун ҳам баён этганди:

«(Эй Муҳаммад,) шак-шубҳасиз, Сиз ҳам ўласиз, улар ҳам ўладилар» (Зумар, 30).

«(Эй Муҳаммад,) Биз сиздан аввал бирон одамзодга абадий ҳаёт берган эмасмиз. Сиз ўлсангиз, улар абадий қолурларми?! (Йўқ, улар ҳам мангу қолмаслар)» (Анбиё, 34).

«Муҳаммад бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтган. Шундай экан, агар у (яъни Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизларми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қиладиган бандаларини муносиб мукофотлайди» (Оли Имрон, 144).

Ким Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга ибодат қилган бўлса, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлдилар. Ким Аллоҳга ибодат қилган бўлса, Аллоҳ мангу ҳаёт, ўлмасдир! Уни на мудроқ ва на уйқу тутади. Аллоҳ динини ҳимоя қилувчи, душманидан интиқом олувчидир. Мен сизларга Аллоҳ таолодан қўрқишни, бахт-саодатингиз, насибангиз ва Набийингиз олиб келган динни маҳкам тутишингизни, у зот кўрсатган тўғри йўлдан юришни ва Аллоҳнинг динини маҳкам ушлашингизни тавсия қиламан. Албатта, Аллоҳ ҳидоят этмаган ҳар кимса адашгандир, Аллоҳ мададидан маҳрум бўлганлар хордир, Аллоҳдан ўзганинг йўлига юрганлар залолатдадир!

Аллоҳ таоло айтади: «Қуёш – чиқишда уларнинг ғорларидан ўнг тарафдан ўтиб кетганини, ботишда эса улардан сўл томонга йироқлашиб кетганини (чиқишда ҳам, ботишда ҳам уларни иситиб, уйқу-оромларини бузмаганини) улар эса (ғорнинг) тўрида эканини кўрасиз. Бу ҳам Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидан (биридир). Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, ўшагина ҳидоят топувчидир. Кимни йўлдан оздирса, уни тўғри йўлга йўллагувчи бирон дўст топа олмайсиз» (Каҳф, 50).

Исломга иқрор бўлмас экан, дунёда ҳеч кимнинг амали қабул қилинмас, охиратда эса на фарз ва на нафл ибодати ўтмайди. Менга маълум бўлишича, айримларингиз  Аллоҳнинг ҳалимлигига алданиб, У зотнинг амри ва динини яхши билмагани ҳолда, шайтонга эргашиб динидан қайтибди.

Аллоҳ таоло айтади: «Эсланг, (эй Муҳаммад,) фаришталарга Одамга таъзим қилинг, дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат Иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Парвардигорининг амрига бўйсунишдан бош тортди. Сизлар (эй, Одам болалари,) Мени қўйиб, уни (яъни Иблисни) ва зурриётини дўст тутармисиз?! Улар сизларга душман-ку! У (Иблис) золим кимсалар учун (Аллоҳнинг ўрнига ибодат қилинадиган) нақадар ёмон «бадал» – ўринбосардир» (Каҳф, 50).

«Эй инсонлар, албатта, Аллоҳнинг (қайта тирилиш ва бу дунёда қилиб ўтган яхши-ёмон амалларнинг жазо ё мукофотини бериш ҳақидаги) ваъдаси ҳақ (ваъдадир). Шундай экан, ҳаргиз сизларни дунё ҳаёти алдаб қўймасин! Ҳаргиз сизларни Аллоҳ (барча гуноҳларни кечириб юбораверади, деб) алдагувчи (шайтон) алдаб қўймасин» (Фотир, 5).

Мен муҳожирлар, ансорлар ва уларга чиройли суратда эргашган тобеинлардан иборат қўшинни сизлар томон жўнатдим. Уларга амр этдимки, фақат Аллоҳга иймонни қабул қилинглар ва ҳаққа даъват этмай туриб ҳеч кимни қатл этманглар. Ким Исломни қабул қилса, иқрор бўлса ва солиҳ амалга киришса, ундан амали қабул қилинади ва ёрдам берилади. Бош тортган кимсага эса то ҳаққа қайтмагунига қадар уруш очилади. Иш ана шундай камолига етказилиб қарши чиққанларнинг кули кўкка совурилади, бутунлай қириб ташланади, аёллари ва болалари асир олинади. Ким Исломга бўйсунса, ўзига яхши. Ким бош тортса, Аллоҳдан қочиб қутила олмайди. Элчимга ушбу мактуб-мурожаатни сизлар тўпланадиган барча жойларда ўқиб эшиттиришини ва азон овозига (қулоқ солишни) буюрдим. Агар мусулмонлар азон айтсалар, уларга тегманглар. Азон айтмасалар, улардан шариат зиммаларига юклаган мажбуриятни сўранглар. Агар бу мажбуриятларни адо этишдан бош тортсалар, уларга ташланинглар. Аммо ҳаққа иқрор бўлишса, уларга нима лозим бўлса, ўшанга амал этилади!»[4]

[1] Табароний «Ал-мўъжам ас-сағир»да (2/101) ва Имом Аҳмад «Фазоил ас-саҳоба»да (1/118, 68-рақам) саҳиҳ санад билан ривоят қилган.

[2] Бухорий (7284, 7285) ва Муслим (20) ривояти.

[3] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 6/320-321.

[4] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 6/320.

Изоҳ қолдиринг