Муслима аёлнинг дастури (20): Ҳаж ва умра аҳкомлари

0

Ҳаж ва умранинг ҳукми:

Умр давомида бир марта ҳаж ва умра қилиш фарздир.

Эҳром ҳаж ва умра амалларининг биринчисидир.

Эҳром: нусукка, яъни ҳаж ва умра амалларига кириш ниятидир. Эҳром (яъни ҳаром қилиш) деб номланишига сабаб инсон эҳромга кириш билан эҳромдан олдин ҳалол бўлган жинсий алоқа, хушбўй нарсалар ишлатиш, тирноқларни олиш, соч олдириш каби нарсаларни ўзига ҳаром қилади.

Нусук мақсад қилинган ҳаж тури бўлиб, ифрод, қирон ёки таматтуъ кўринишида бўлиши мумкин.

Ифрод – фақат ҳаж нияти билан эҳромга кириш.

Қирон – умра ва ҳажга биргаликда эҳром боғлаш.

Таматтуъ – умра учун эҳромга кириб, умра амалларини тугатиб, эҳромдан чиққач, шу йил ҳаж учун такрор эҳромга кириш.

Эҳром аҳкомларидан:

  1. Бошдан-оёқ ювиниб, покланиш. Ҳатто ҳайз ва нифос ҳолатидаги аёллар ҳам ғусл қилишади. Қўлтиқ ости ва аврат атрофидаги тукларни тозалайди, тирноқларни олади. Булар эҳромнинг мустаҳаблари ҳисобланади.

  2. Аёл киши эҳромдалик ҳолида ўзи истаган кийимни кияверади. Эҳром либоси махсус рангда бўлиши шарт эмас, фақат зийнатли кийим, бурқа, қўлқоп, ниқоб киймайди. Пайпоқ кийиши эса жоиз.

  3. Умра учун ният қилган аёл мийқотда турганда ҳайз кўрса, ҳайз ҳолида эҳромга киради. Маккага етиб боргач поклангунича кутиб туради, сўнгра тавоф қилади. Чунки эҳром учун таҳорат шарт эмас, аммо тавоф қилиш учун таҳорат шартдир.

Эҳромда тақиқланган ишлар:

  • Жинсий яқинлик қилиш;

  • Эр-хотиннинг шаҳват билан ўпишиши ва қучоқлашиши;

  • Соч ва бадандаги тукларни олиш;

  • Тирноқларни олиш;

  • Совчи қўйиш ёки уйланиш;

  • Хушбўйлик ишлатиш;

  • Қуруқликдаги ов ҳайвонини овлаш;

  • Аёл киши ниқоб ва қўлқоп кийиши.

Мазкур эҳром тақиқларини унутган ёки билмаган ҳолда қилган кишига бирон жарима вожиб бўлмайди. Қасддан қилган кишига каффорат вожиб бўлади. Каффорат: уч кун рўза тутиш ёки Ҳарам мискинларидан олтитасини таомлантириш ёки битта қўй сўйиб, Ҳарам камбағалларига тақсимлаб бериш.

Умра

Умранинг учта рукни ва иккита вожиби бор.

Умра рукнлари:

  1. Эҳром боғлаш;

  2. Каъбани тавоф қилиш;

  3. Сафо ва Марва ўртасида саъй қилиш.

Умра вожиблари:

  1. Эҳромни мийқотдан ўраш;

  2. Сочни олиш ёки қисқартириш.

Умра қилиш тартиби:

  1. Мийқотга етиб келганда ғусл қилиб, покланиш мустаҳаб.

  2. Умра амалларини бошлашни дилда ният қилиб, “Лаббайка умратан” деб тил билан айтади. Умра учун талбия айтишни унутса, умрасини тўлиқ бажараверади. Модомики, қалбида ният қилган экан, талбияни унутгани учун ҳеч қандай жарима вожиб бўлмайди.

  3. Агар бетоблиги ёки ҳайзи келиб қолиши сабабли умра амалларини охирига етказа олмасликдан қўрқса, эҳромга киришда “Агар мени бирон нарса ушлаб қолса, ўша ўринда эҳромдан чиқаман”, деб шарт қўйиши мумкин.

  4. Талбиянинг айтилиши: “Лаббайкаллоҳумма лаббайк, Лаббайка лаа шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда, ван неъмата, лака вал мулк, лаа шарийка лак”. Маъноси: “Парвардигоро, чақириғингга қайта-қайта ижобат қилмоқдаман ва Сенинг итоатингдаман! Сенинг шеригинг йўқ. Мен Сенинг итоатингдаман, чақириғингга ижобатдаман. Ҳамд ҳам, неъмат ҳам, мулк ҳам Сеникидир. Сенинг шеригинг йўқ”.

Каъбага етиб боргунча талбия айтилади. Аёллар бегона эркаклар бўлган жойларда талбияни баланд овозда айтмайдилар.

  1. Ҳажари асвадга юзланиб, ўнг қўли билан истилом қилади (силайди), агар имкони бўлса, уни ўпади. Истилом қилатуриб, “Бисмиллаҳи, валлоҳу акбар”, дейди. Агар истилом қилиш қийин бўлса, Ҳажари асвадга қўли билан ишора қилиб, “Аллоҳу акбар”, дейди.

  2. Каъбани чап томонида қолдирган ҳолда етти марта тавоф қилади. Рукни ямонийга келганда имкони бўлса, уни ўнг қўли билан истилом қилади ва “Бисмиллаҳи, валлоҳу акбар”, дейди, лекин ўпмайди. Истилом қилиш имконсиз бўлса, қўлини кўтариб ишора ҳам қилмайди, такбир ҳам айтмайди, истилом қилмасдан тавофида давом этади.

  3. Рукни ямоний билан Ҳажари асвад ўртасида “Роббанаа аатинаа фид-дуня ҳасанаҳ ва фил-аахироти ҳасанаҳ ва қинаа азаабан-наар” (Маъноси: “Эй Парвардигор, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни ато эт ва бизни дўзах азобидан сақла), деб дуо қилиш мустаҳаб.

  4. Еттинчи айланишини Ҳажари асвадни истилом қилиш ва имкони бўлса уни ўпиш билан тамомлайди.

  5. Имкони бўлса “Мақоми Иброҳим” ортида ёки масжиднинг исталган ўрнида икки ракаат намоз ўқийди. Биринчи ракаатида Фотиҳадан кейин Кофирун сурасини, иккинчи ракаатда Ихлос сурасини ўқийди.

  6. Сўнг Сафога чиқади ёки унинг ёнида тўхтайди, унга чиқиш афзал. Саъйни бошлаш пайтида Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини ўқийди: “Албатта Сафо ва Марва Аллоҳга тоат-ибодат қилинадиган ерлардандир. Шундай экан, ким ҳаж ёки умра қилса, у иккисининг орасида саъй қилиши гуноҳ эмас. Ким ўз ихтиёри ила яхшиликни ният қилса, албатта Аллоҳ шокир (яъни бандасининг озгина тоат-ибодатига мўл-кўл мукофот ато этувчи) ва алим (яъни барча нарсани мукаммал билувчи) Зотдир». Сўнг: «Аллоҳ бошлагани билан бошлайман», дейди”.

  7. Сафонинг устига чиқади ва Каъбага юзланади. Сўнг дуода қўлларини кўтаргани янглиғ дуога қўл очиб, Аллоҳ таолога ҳамду сано ва такбир айтади. Сўнг шундай деди: «Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр. Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу, анжаза ваъдаҳу ва насоро абдаҳу ва ҳазамал аҳзааба ваҳдаҳу» (Маъноси: “Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. У шериксиздир. Мулк ҳам, ҳамд ҳам Уникидир ва У барча нарсага қодир. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. У ваъдасининг устидан чиқди: бандасини ғолиб этди, гуруҳларни ёлғиз Ўзи мағлуб қилди”). Сўнг истаганича дуо қилади. Мазкур дуо ва зикрларни уч бор такрорлайди.

  8. Сафодан тушиб, Марвага қараб юради. Аёл киши икки яшил белги ўртасида югурмайди, чунки аёллар аврат ҳисобланади.

  9. Сўнг Марвага кўтарилади. Унда Сафода айтган ва бажарган ишларни қилади, фақат мазкур оятни ўқимайди.

  10. Сўнг Марвадан тушиб, Сафога юриб боради. Шу зайлда етти марта саъй қилади. Бориши бир марта, қайтиши бир марта саъй ҳисобланади.

  11. Саъйни тўлиқ қилиб бўлгач, сочини йиғиштириб, учидан бир бармоқ бўғини қадар кесади. Шу билан умра ниҳоясига етади.

Муҳим масалалар

  • Аёл киши умра ёки ундан бошқа сафарларга эри ёки бирон маҳрами ҳамроҳлигисиз чиқиши жоиз эмас.

  • Истиҳоза ҳолатидаги аёл таҳорат қилиб, қонни кийимга тегишидан тўсадиган бирон нарса қўйган ҳолда Каъбани тавоф қилиши жоиз.

  • Пок ҳолдаги аёл Каъбани тавоф қилиб, сўнг Сафо ва Марва ўртасида саъй қилаётганда ҳайз кўриб қолса, умрасини охирига етказади. Чунки саъй қилишда таҳорат шарт эмас.

Ҳаж

Ҳаж қилиш мусулмон, оқил, балоғатга етган, озод ва ҳажга боришга имкони бор эркак ва аёлга умр бўйи бир марта фарздир.

Ҳажнинг шартлари:

  1. Мусулмон бўлиш. Кофирга ҳаж қилиш фарз бўлмайди ва ҳажи қабул бўлмайди.

  2. Балоғатга етиш. Ёш болага ҳаж фарз эмас.

  3. Оқил бўлиш. Мажнунга ҳаж фарз эмас.

  4. Ҳур-озод бўлиш. Қулга ҳаж фарз эмас.

  5. Қодир бўлиш.

  6. Аёл кишига ҳаж қилиш фарз бўлиши учун юқорида айтиб ўтилган ҳажнинг фарз бўлишига доир умумий шартларга қўшимча унга сафар давомида ҳамроҳлик қиладиган маҳрам бўлиши ҳам шарт қилинади. Чунки аёл киши ҳаж ёки умра амалларини бажариш ёки ундан бошқа бирон мақсад учун эри ёки маҳрами ёнида бўлмаган ҳолда сафарга чиқиши жоиз эмас.

Ҳажнинг рукнлари

Ҳажнинг тўртта рукни бўлиб, ҳожи улардан бирини тарк этса, ҳажи ботил бўлади. Улар:

  1. Эҳром боғлаш;

  2. Арафотда туриш;

  3. Тавофи ифоза қилиш;

  4. Сафо ва Марва ўртасида саъй қилиш.

Ҳаж қилаётган аёл  ҳаж ибодатининг уч туридан ўзи истаганига, яъни таматтуъ, қирон ва ифроддан бирини ният қилиб, эҳромга кириши мумкин.

Ҳажга доир муҳим масалалар:

  • Ҳайз ва нифос ҳолатидаги аёл ҳожилар қиладиган барча амалларни қилаверади, фақат поклангунга қадар Каъбани тавоф қилмайди, холос.

  • Умра учун эҳромга кирган аёл ҳайз кўриб қолса, эҳромида қолади ва эҳромда тақиқланган нарсалар (хушбўйлик суртиш, баданидаги тукларни ёки тирноқни олиш, эрига қўшилиш)дан узоқ туриши вожиб бўлади. Поклангунча кутиши, сўнг Каъбани тавоф қилиши ёки диёрига қайтиб, эҳромда туриши, поклангач Маккага келиб, Каъбани тавоф қилиши вожиб бўлади. Ҳамроҳлари уни кутиб туролмаслиги ёки диёрига кетса, қайтиб келолмаслиги сабабли поклангандан кейин тавоф қилиш имкони бўлмаса, эҳтиёт чораларини кўргандан кейин зарурат юзасидан тавоф қилади. Фақат ҳайз келиб қолишидан хавфсираса, ўша жойда эҳромдан чиқишини эҳромга кираётганда олдиндан шарт қўйса, унга бирон жарима вожиб бўлмайди.

  • Ҳаж ва умрада гоҳида эҳтиёж ёки зарурат юзасидан ҳайзни тўхтатувчи дориларни истеъмол қилишга тўғри келади. Агар шифокор маслаҳати билан қисқа вақт истеъмол қиладиган бўлса, бунинг зарари йўқ.

  • Аёл киши саъй ёки тавоф қилаётганда чарчаб қолиб, дам олгани ўтирса, зиёни йўқ. Лекин узоқ ўтирмайди, мушаклари ором олгунга қадар озроқ ўтириши, сўнг тавофини ёки саъйини тамомлаши лозим бўлади.

Изоҳ қолдиринг