Ҳуштак чалишнинг ҳукми нима?

0

Савол:

Ҳоҳ бир инсонни чақириш учун, хоҳ шунчаки ўйнаб бўлсин ҳуштак чалишнинг ҳукми қандай?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

 Уламоларимиз ҳуштак чалишнинг ҳукми борасида уч хил фикр билдиришган.

Биринчи: Ҳуштак чалиш ҳаром, мумкин эмас.

Ушбу фикр эгалари ҳуштак чалиш жоҳилият давридаги мушрикларнинг одати эканини далил қилишган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Қурайш кофирларининг ушбу ишини қоралаб, бундай деган: “Уларнинг Байтуллоҳ олдида қилган «намоз»лари фақат ҳуштак ва чапак чалиш бўлди. Шундай экан, куфр келтирганинглар сабабли азобимизни тотиб кўринглар” (Анфол, 35).

“Доимий фатво қўмитаси” (26/390) уламолари бундай фатво беришган:

“Хуштак чалиш жоиз эмас. Бу жоҳилият давридагиларнинг одати ва ёмон хулқ саналади. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Уларнинг Байтуллоҳ олдида қилган «намоз»лари фақат ҳуштак ва чапак чалиш бўлди”. Иқтибос  тугади.

Иккинчи: Ҳуштак чалиш макруҳ.

Улар юқоридаги оятнинг ўзини далил қилишган. Лекин ушбу оят ҳуштак чалишни ҳаром дейишга етарли эмас. (Чунки оятда бу ишнинг ҳаром экани аниқ айтилмаган.) Аммо жоҳилият давридаги одамларга бирон сабабсиз (эҳтиёжсиз) тақлид қилиш шариатимизда қораланган. Шу сабабли ҳуштак чалиш макруҳ саналади.

Ибн Муфлиҳ раҳимаҳуллоҳ айтади: “Шайх Абдулқодир раҳимаҳуллоҳ: “Ҳуштак ва қарсак чалиш макруҳ”, деган” (“Одоб аш-шаръийя”, 3/375).

Учинчи: Ҳуштак чалиш жоиз.

Ушбу фикр эгалари ҳуштак чалиш ҳаром ёки макруҳ эканига очиқ далил келмаганини айтиб, аслида барча одатлар мубоҳ ҳисобланади, дейишган. Юқорида айтилган оятга келсак, унда Қурайш кофирлари ҳуштак ва қарсак чалиш каби бемаъни амаллар билан Аллоҳга ибодат қилишлари қораланган. Улар ушбу амалларни Аллоҳга яқинлаштирадиган ибодат ва диний маросим қилиб олишган эди. Бу эса ибодат ниятида эмас, балки шунчаки ҳуштак чалишдан фарқ қилади.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мушриклар Масжиди ҳаромда йиғилиб, ҳуштак ва қарсак чалишар ва ушбу амалларни ибодат ва намоз деб билишар эди. Аллоҳ таоло уларнинг бу амалларини қоралаб, унинг тақиқланган ботил амал эканини айтди” (“Мажмуъ ал-фатово”, 3/427).

Абу Бакр Жассос раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Оятда мушрикларнинг ҳуштак ва қарсак чалиши намоз деб айтилишининг сабаби шуки, улар ҳуштак ва қарсак чалишни дуо қилиш ва тасбеҳ айтиш ўрнида кўришар эди. Айрим уламоларнинг айтишича, мушриклар ушбу амалларни намозлари ичида бажаришар эди” (“Аҳком ал-Қуръон”, 3/76).

Демак, инсон ҳуштакни ибодатдан бошқа ниятда чалса, уни ҳаром ёки мумкин эмас, дейиш тўғри бўлмайди. Хусусан, ҳуштак чалишга бирон эҳтиёж бўлса, бунинг зазари йўқ. Айниқса ҳозирда бунга эҳтиёж туғиладиган ҳолатлар кўп. Масалан, йўл ҳаракати ходимлари хизмат мобайнида ҳуштакдан фойдаланишади. Шунингдек, кўп электр ускуна ва жиҳозларида ҳуштак овози бор. Гоҳида она ўз боласини жим қилиш ёки унга ашула айтиш мақсадида ҳуштак чалишга муҳтож бўлади. Баъзан узоқда турган инсонни чақириш учун ҳуштак чалишга мажбур бўлиб қоламиз ва ҳоказо ҳолатлар бўлади.

Бироқ ҳуштак чалиш одамларга азият берадиган, уларни безовта қиладиган даражада ёки қизларга гап отиш мақсадида ёки кофир ва фосиқ кимсаларга тақлид қилиш учун бўлса, у ҳолда унинг ҳаром эканида хилоф йўқ.

Шайх Ибн Усайминга қуйидагича савол берилган эди:

“Қарсак ва ҳуштак чалишнинг ҳукми нима? Ҳуштак чалишнинг қайси тури ҳаром ва бунга далил нима?”

Шайх қуйидагича жавоб берган:

“Ҳозир сиз ҳеч бир сабабсиз қарсак уриб, ҳуштак чалсангиз, одамлар: “Бунинг эси жойидами ўзи?!” деб айтмайдиларми?

Қарсак ва ҳуштак чалишнинг сабаби нима? Шунга қараш лозим. Бир инсон бирон ишда бошқалардан устун келса ёки тўғри жавобни топса ёки шунга ўхшаш мақтовга сазовор ишни қилса, унга қарсак чалишнинг зарари йўқ деб ўйлайман.

Ҳуштак чалишга келсак, мен аслида ҳуштакни ёқтирмайман. Лекин уни макруҳ деб айтолмайман. Чунки менда бунга очиқ далил йўқ.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар намозда бирон кори ҳол юз берса, эркаклар тасбеҳ айтсин, аёллар қарсак чалсин”, деган сўзлари намозга тегишли, холос.

Аллоҳ таолонинг: “Уларнинг Байтуллоҳ олдида қилган «намоз»лари фақат ҳуштак ва чапак чалиш бўлди”, деган сўзини оладиган бўлсак, Макка мушриклари Масжиди ҳаромда ушбу амаллар билан Аллоҳга ибодат қилишар эди. Яъни руку ва сажда қилиш ўрнига қарсак уриб, ҳуштак чалишар эди.

Аммо бир инсонни мусобақа ё шунга ўхшаш ўринларда рақибидан устун бўлаётганини кўриб, уни шижоатлантириш мақсадида қарсак чалинса, бунинг зиёни йўқ деб ўйлайман.

Ҳуштак чалишни оладиган бўлсак, уни ёқтирмайман. Лекин менда уни мумкин эмас дейишга далил йўқ. Биров мендан бунга далил талаб қилса, менинг далилим бор, деб айтолмайман” (“Лиқоат ал-боб ал-мафтуҳ”, 119-рақам, 4-савол).

Ушбу масалада энг тўғрироқ фикр ҳуштак чалиш макруҳ дейиш бўлса керак. Хусусан, ҳуштак чалишга бирон эҳтиёж бўлмаса. Зеро, юқоридаги оятда ушбу амал қоралангани ва у жоҳилият давридаги одамларнинг одати экани ундан узоқ бўлишга ундайди.

Ибн Аббос ва Мужоҳиддан нақл қилинишича – агар ушбу ривоят саҳиҳ бўлса, албатта – ҳуштак чалиш Аллоҳ таоло Қуръонда мазаммат қилган Лут алайҳиссалом қавмининг мункар ишларидан бири саналади[1].

Юқорида келтирилган “Уларнинг Байтуллоҳ олдида қилган «намоз»лари фақат ҳуштак ва чапак чалиш бўлди” деган оят зоҳиридан баъзи олимларимиз айтганидек, мушриклар ҳуштак ва қарсак чалишни намоз ва ибодат қилиб олгани тушунилади. Лекин бошқа бир қанча олимларимизнинг айтишларича, улар ҳуштак ва қарсак чалиш орқали Аллоҳга ибодат қилишмаган, балки бу оятнинг маъноси шуки, улар ҳуштак ва қарсак чалишни намознинг ўрнига қўйишган (Пайғамбаримиз Қуръон тиловат қилган ва мусулмонлар намоз ўқиётган пайтда уларга халақит бериш, уларнинг тиловатлари эшитилмаслиги учун ҳуштак ва қарсак чалишар) эди.

Шинқитий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Баъзи олимларнинг айтишича, уларнинг ҳуштак ва қарсак чалишларидан мақсади Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам тиловат қилаётган Қуръон оятларини одамлар эшитиб қолишларининг олдини олиш эди. Зеро, “Кофир бўлган кимсалар (бир-бирларига «Муҳаммад тиловат қилаётган вақтда) сизлар бу Қуръонга қулоқ солманглар ва (уни ўзгаларга ҳам эшиттирмаслик учун оғизларингизга келган гапни) жаврайверинглар (шунда) шояд ғолиб бўлсангизлар», дедилар”, ояти шуни кўрсатади” (“Азво ал-баён”, 2/162).

Ибн Ошур раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мушриклар намоз ўқишгани маълум эмас. Оятда уларнинг қарсак ва ҳуштак чалишлари намоз деб аталишининг сабаби шуки, улар мусулмонлар Масжиди ҳаромда Каъбанинг олдида намоз ўқишларига ва Қуръон тиловат қилишларига турли йўллар билан тўсқинлик қилишар эди. Жумладан, мусулмонлар Қуръон тиловат қилаётган пайтларида уларга халақит бериб, уларни масхаралаб, ҳуштак ва қарсак чалишар эди. Шу сабабли мусулмонларнинг намозлари қаршисида қилган ушбу амаллари “намоз” деб аталди. Мужоҳид айтади: “Бани Абдуддорлик айрим кишилар Муҳаммад алайҳиссаломга намозда халақит бериш учун шундай қилишар эди”.

Бани Абдуддор оиласи Каъбага ва масжиди ҳаромнинг тартиби ва тозалигига масъул шахслар эди. Улар Пайғамбаримиз ва мусулмонлар ўқиган намоз устидан кулиб қарсак ва ҳуштак чалгани учун ушбу амаллари “намоз” деб айтилди. Чунки мушриклар ҳуштак ва қарсак чалиб намоз ўқимас эдилар.

Мужоҳид, Ибн Жубайр, Қатода каби моҳир муфассирлар шундай тафсир қилишган.

Оятнинг охиридаги “Шундай экан, куфр келтирганинглар сабабли азобимизни тотиб кўринглар” сўзи ҳам шуни қўллаб-қувватлайди. Чунки оятдаги “Шундай экан” деган сўз бу жазонинг ундан олдин ҳикоя қилинган амалнинг жазоси бўлишини тақозо этади. Ҳолбуки, қарсак ва ҳуштак чалиш куфр саналмайди. Фақат Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва диннинг устидан кулиш учун бўлса, куфр саналади. Шунчаки кўнгилхушлик ва ўйин учун Масжиди ҳаромда ҳуштак ва қарсак чалишгани бу амалнинг куфр эканини тақозо қилмайди. Аммо бу амални куфр қолдиқларидан бири деб таъвил қилиш бундан мустаснодир…” (“Ат-таҳрир ват-танвир” 9/339).

Ибн Ошур тафсир қилган ва Шинқитий таъкидлаган ушбу фикрни Замахшарий ўзининг “Кашшоф” (2/218) номли тафсирида, Абу Ҳайён “Ал-баҳр ал-муҳит” (4/485) тафсирида ва бошқа олимлар айтган.

Валлоҳу аълам.

[1] Қаранг: “Тафсири Ибн Касир” (6/276), Анкабут сураси 29-оят тафсири. Ибн Ҳажар Ҳайтамий, “Завожир ан иқтироф ал-кабоир”, 2/231.

Манба: IslamQA веб-саҳифаси

Изоҳ қолдиринг